Ер ҳайдасанг - кўз ҳайда, деганларидек, хазонрезги вақтида ерга уруғ сочган миришкорларимиз меҳнатлари самараси бугун натижа бермоқда. Ғалла омборларига кириб келаётган юк машиналарининг охири кўринмайди. Бундан фермер ва деҳқонларнинг кўзи қувнаб, ҳосилнинг чўғи баландлигидан фахрланишмоқда.
Бобир Баҳриддинов Касби туманида бир неча йиллардан бери фермерлик қилиб келади. «Фазлиддин» фермер хўжалиги раҳбари сифатида иш бошлагандан бери бирор марта белгиланган режани бажармасдан қолган эмас. Бу йил ҳам 60 гектар ерининг 15 гектарига ғалла, қолганига пахта эккан. Куни кеча Касби туманида биринчилардан бўлиб буғдойзорига ўримга тушди. Бу йил 55 тонна ғалла олди.
— Илгарилари тинимсиз меҳнат қилиб, ғаллани етиштириб, ўрим мавсуми бошлангач, фермернинг даласига эга кўпайиб қолар, бизни биров тингламасди ҳам, — дейди Б.Баҳриддинов. — Ҳаттоки ўзимиз учун бир кило буғдой ололмай қолган кунларимиз ҳам бўлган. Шартномада кўрсатилган нарх эса харажатни ҳам қопламасди. Бугун барчаси кўнгилдагидек. Нарх ҳам юқорилади. Бир сўз билан айтганда, меҳнатимиз самарасини ўзимиз кўришга имконият яратилди. Натижада рўзғоримиз бут, яшаш тарзимиз яхшиланди. Ўзимиз учун керакли имкониятларни яратяпмиз. Фарзандларимизни олийгоҳларда ўқитиб, янги машиналар оляпмиз. Далада ўтган заҳматли кунларимизнинг роҳатини кўриш нақадар бахт экани ҳис қиляпмиз.
Воҳада Касби тумани ғалла етиштириш бўйича юқори ўринларда туради. Бу йил ҳам туманда 14200 гектарга буғдой экилиб, жами 53 минг тонна, яъни 31 минг тонна давлат шартномаси учун, қолгани учта кластерларга етказиб берилади. Бугун туманнинг ҳар бир даласида қишлоқ хўжалиги техникаси жалб этилган бўлиб, асосий мақсад ўз вақтида мавсумни якунлашга қаратилган.
— Ўтган йили ҳам белгиланган шартномавий режани ортиғи билан бажаргандик, — дейди Касби тумани ҳокими ўринбосари Илёс Қурбонов. — Бу йил ҳам ҳосилдорлик ёмон эмас. Насиб этса, мақсадимизга эришамиз. Бунинг учун бемалол гапиришимга асосий сабаб бор. Яъни кейинги йилларда деҳқон-фермерларимизнинг далага, ўз ишига меҳри анча ошди. Мисол учун, олдинлари қўшни фермернинг режаси паст бажарилса ҳам ёнидагисининг ҳосилини бир граммигача омборга йиғиштириб кетилган. Ҳозир режадан қанча ортишидан қатъи назар, фермер ихтиёрида қолмоқда. Нархи ҳам ўтган йилдан бошлаб уч минг сўмдан белгиланди. Бу эса пешона терининг маҳсули, ҳалол меҳнатнинг рағбати. Самараси эса бугун амалда кўринмоқда.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси берган маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда воҳа миришкорлари 137500 гектарга экилган буғдойдан давлат буюртмаси учун жами 350 минг тонна ҳосил олишни мақсад қилишган. Демак, тез орада хирмонлар донга тўлиб, кўзланган марра забт этилгани ҳақида хушхабарлар тарқалади.
Акбар РАҲМОНОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири