“Декрет” ва бола парвариши таътили ҳақида нималарни билишимиз керак?

    Бола парвариши таътилидан бобо-бувилар ҳам фойдаланадими?

    — Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми?

    — Агар шартнома бекор қилинса, аёлнинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қоладими?

    Бола парвариши таътилидан бобо-бувилар ҳам фойдаланадими?

    Yuz.uz таҳририятига шу каби муражаатлар келиб тушмоқда. Қуйида айни масалалар бўйича меҳнат қонунчилигидан келиб чиқиб маълумот берамиз.

    Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қанча муддатга берилади?

    Меҳнат кодексига кўра, аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

    Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.

    Бола парвариши таътили фақат ота-онага бериладими?

    Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.

    Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.

    Болани парваришлаш таътилларидан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам, шунингдек васийси ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкин.

    Болани парваришлаш таътилларининг кўпи билан олти йили меҳнат стажига қўшилади, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшиб ҳисобланади.

    Ҳомиладорлик даврида меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас!

    Қонунчиликка кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

    Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт.

    Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

    Меҳнат кодекси асосида тайёрланди