Нима учун қишлоқдаги мактабга компьютер совға қилади, дейдиганлар кўплаб топилди. «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Тошкент вилоятидаги вакиллари унга Паркент туманининг Заркент қишлоғидаги 15-умумтаълим мактабини тавсия қилишди. Боиси, бу ерда ўқув жиҳозлари етишмаётганлиги тўғрисида эшитишганди.
— Таълим даргоҳимизда 13 та компьютер бор, — дейди 15-умумтаълим мактаби директори вазифасини бажарувчи Фатҳиддин Минҳожиддинов. — Лекин улар 2004 йилда олиб келингани боис, яхши ишламайди, эскирган. Компьютеримиз бор дейишга ҳам уялардик. Биз депутатнинг мурувватидан жуда хурсандмиз.
— Шаҳардаги мактаблардан бирига компьютер совға қилмоқчи бўлиб юргандим, — дейди депутат Жаҳонгир Зиёев. — Яқинда Интернетдаги Фейсбук саҳифасида таълим ҳақидаги мақола эълон қилдим. Шуҳрат Турдиев деган бир акамиз «Ҳозир амалий иш қилмай, гап билан ишини битирадиган ақллилар кўпайиб кетди. Яхшиси, қишлоқ мактабига компьютер совға қилинг. Сизга ўхшаганлардан мингта бўлса, шунча мактаб компьютерли бўлади» деган мазмунда «пост» қолдирибди.
Ўйлаб кўрсам, ҳақиқатдан ҳам гапида жон бор. Дарҳақиқат, агар имконияти бор ҳар бир раҳбар ёки ишбилармон мактабларга биттадан компьютер совға қилса, қанчадан-қанча таълим муассасаларимиз компьютерли бўларди. Ахир, мактаб ҳам масжиддек гап. Унда халқимизнинг фарзандлари ўқишади.
Албатта, депутатнинг саховати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Лекин бир фикр кишини ўйлантиради: Паркентда ҳам ўзига тўқ одамлар кам эмас. Улар ҳам ҳеч бўлмаса, ўзлари ўқиган мактабга биттадан компьютер совға қилишса, ёмон бўлмасди.