Доҳада Ўзбекистон маданият кунлари бўлиб ўтмоқда

    Халқаро ҳамкорлик 25 сентябр 2022 1620

    Ўзбекистон маданияти кунлари 24 сентябридан 5 октябрига қадар давом этади.

    Мазкур йирик анжуман Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси ташаббуси ва ёрдами ҳамда Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси ва “Катара” маданият жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    Маданият кунлари Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 25 йил тўлиши муносабати билан ўтказилмоқда.

    Кеча мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон ҳунармандлари маҳсулотларининг сотув-кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Анжуманда “Катара” маданият жамғармаси бош директори профессор Ҳолид бин Иброҳим ас-Сулайти, Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Баҳром Аълоев, Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ва Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саъад ал-Қаддуми сўзга чиқди.

    Сўзга чиққанлар Доҳада Ўзбекистон маданияти кунларининг юқори даражада ташкил этилганлигини таъкидлади. Бу йирик анжуман Ўзбекистоннинг бой маданий ва илмий меросини, санъатини, туристик салоҳиятини халқаро майдонда, хусусан, араб-мусулмон дунёсида кенг тарғиб қилиш, республикада барча жабҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан халқаро ҳамжамиятни яқиндан таништириш учун муҳимлиги қайд этилди.

    Миллий ҳунармандчилик Ўзбекистонда авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ бадиий ва амалий санъатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги урғуланди. Сўнгги йилларда ҳунармандчиликни ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор бериб келинмоқда, жумладан, мамлакат Президентининг ташаббуси ва таклифлари билан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

    Маданият кунларининг ўтказилиши Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстона алоқаларнинг ривожланиши ҳамда республикамизга келаётган хорижий сайёҳларнинг сонини ошириш учун муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

    Кўргазмада республикамизнинг турли вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳунармандчиликнинг барча йўналишларида фаолият юритаётган усталар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Кўргазма доирасида ўзбек ҳунармандчилиги ва республикамиз туристик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ташкиллаштирилади, ўзбек ҳунармандлари маҳорат сабоқлари ўтказади.

    Шу куни Қатар опера театрида таниқли композитор ва дирижёр Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг концерти ташкил этилди.

    Жаҳон ва миллий мусиқалари, опера ва замонавий эстрада йўналишларидан таркиб топган концерт дастури томошабинларга тўла залда аншлаг тарзида ўтди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates