Мамлакатимиз ипакчилик соҳасида кўп йиллик бой тажриба, юксак салоҳиятга эга. Халқимизнинг мазкур йўналишда эришган ютуқлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. ЮНЕСКО томонидан ўзбек шойи матолари — атлас ва адрас тайёрлашнинг қадимий технологияси номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш рўйхатига киритилгани бунинг амалий тасдиғи, дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофидир.
Маълумотларга кўра, ипак қурти боқиш заминимизга Буюк ипак йўли орқали IV асрда Чин юртидан кириб келган. Яна баъзи манбаларда халқимизнинг ипакчилик тарихи тахминан 4 минг йил илгарига бориб тақалиши айтилади. Демак, бу борада жуда бой тажрибага эгамиз. Шундан бўлса керак, Ўзбекистон ҳозирги кунда “кумуш тола” етиштириш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Ваҳоланки, 60 дан ортиқ давлатларда пилладан маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Бироқ бундан беш-ўн йиллар илгари етарли моддий манфаатдорлик бўлмагани сабабли аҳоли орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сусайган, оқибатда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш кўрсаткичлари кескин тушиб кетган эди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли мазкур соҳа ривожида туб ўзгаришлар юз берди. Пиллачиларнинг моддий манфаатдорлиги оширилиб, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уй шароитида пилла етиштирган юртдошларимиз даромад солиғидан озод қилиниб, бир мавсум ишлаган даври пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди. Бу пиллачилик билан шуғулланиб келаётган минглаб опа-сингилларимиз учун жуда катта рағбат бўлди, албатта.
Президентимизнинг 2023 йил 24 февралдаги “Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чоратадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа тараққиётида яна бир муҳим қадам бўлди. Унга кўра, юқори сифатли ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, республика ипакчилик тармоғи корхоналарининг барқарор фаолият юритишини ҳамда ипакчилик тармоғини комплекс ривожлантиришни таъминлаш, шунингдек, ипакчилик тармоғида илмий салоҳиятни ошириш ва тармоқ учун малакали кадрлар тайёрлашда йирик ипакчилик корхоналари ва замонавий лабораториялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмийтадқиқот институти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси таркибига ўтказилиши белгиланди.
Соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ипакчилик ва тутчилик факультети ташкил этилиб, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида жойлашган тегишли олий таълим муассасаларининг “Ипакчилик ва тутчилик” ҳамда “Ипакчилик” таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари ушбу факультетга ўтказиладиган бўлди. Бу юксак ишонч эса, ўз навбатида, институтимиз жамоаси зиммасига катта масъулият юклайди.
Мазкур факультетда замон талабларига мос мутахассислар тайёрлашни таъминлаш учун олимларимиз жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Факультет моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-услубий адабиётлар билан таъминлаш, илмий тадқиқот ишлари кўлами ва самарадорлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга ошириляпти.
Қарор билан 2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январгача пиллани қайта ишлаш ва ипак қурти уруғини ишлаб чиқарувчиларга улар томонидан бевосита ипак қурти боқувчиларга етказиб берилган ҳар қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
2023 йил 1 апрелдан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан 360 кун этиб белгиланди. Шу йил 1 мартдан эса хом ипакни экспорт қилиш тартиби соддалаштирилади.
Институтимизнинг ипакчилик ва тутчилик факультети, Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти ва Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг Марҳамат туманида жойлашиши ҳам кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот ва фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишда ҳамкорликни кучайтириш, ёш олимларимиз учун қобилиятларини ривожлантириш ва намоён этиш имконини янада оширади.
Чунки, биринчидан, мазкур туманда пиллакорлар томонидан етиштирилган тирик пиллаларни қабул қилувчи ва уларга дастлабки ишлов берувчи корхона мавжуд.
Иккинчидан эса, тут уруғчилиги ва кўчатчилигига ихтисослашган “Ипак кўчат кластер” фермер хўжалиги ҳам бор. У ерда тут дарахтларининг янги нав ва дурагайларини етиштириш бўйича селекция ишлари олиб бориляпти, жумладан, дунёнинг 16 давлатидан келтирилган 240 ноёб тут навлари коллекцияси мавжуд. Бугунги кунда тут дарахтини микроклонал кўпайтириш бўйича “In-vitro” лабораторияси фаолият олиб боряпти.
Буларнинг барчаси талабаларни ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ташкил қилиш ҳамда фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйишга хизмат қилади. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларни соҳада мавжуд муаммолар ечимига қаратилган илмий тадқиқот ишларини сифатли олиб боришларига шароит яратилади. “Ипак кўчат кластери”да йилига 3 миллион тупдан ортиқ тут кўчатлари етиштирилаётгани, кўчатларнинг қўшни Тожикистон ва Қозоғистонга экспорти йўлга қўйилганлиги келгусида ипакчилик соҳасида мамлакатимизнинг жаҳон бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлашига замин яратади. Ушбу жараён ёш кадрларнинг ўз соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, рақобатбардош кадр бўлиб шаклланишига имкон беради.
Қарорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун берилган ер участкалари атрофларига иҳота сифатида, пилла хомашёси етиштиришда озуқа ўрнида фойдаланиладиган тут дарахтларини экиш амалиётини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш вазифаси кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгиланган вазифалар мамлакатимизда ипакчилик соҳаси ривожини юқори даражада юксалтириш, ҳудудларда мавжуд фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ва уларни экспорт қилиш ҳажмини ошириши билан янада аҳамиятлидир.
Комилжон КОМИЛОВ,
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори