Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон ҳукуматининг ипакчилик саноатини модернизация қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Унда COVID-19дан кейинги тикланиш даврида маҳаллий ҳамжамиятларнинг барқарор ривожланиши, кичик ва ўрта корхоналарни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Уч йиллик муддатга мўлжалланган лойиҳанинг бюджети 2,48 миллион долларни ташкил этади.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқиш давомида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси мутахассислари билан маслаҳатлашувлар ўтказилди, халқаро экспертлар ва донор давлат вакиллари иштирокида UNIDOнинг Ўзбекистонга миссияси ташкил этилди.
UNIDO томонидан тайёрланган лойиҳа концепциясида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ипакчилик тармоғида таркибий ислоҳотлар амалга оширилгани, хорижий инвестициялар жалб этилгани, ишлаб чиқариш технологиялари такомиллаштирилгани ва ишлаб чиқаришнинг ўзи кенгайтирилгани қайд этилган. Ипакчилик тармоғини ривожлантириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва корхоналарнинг экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс ривожлантириш давлат дастурлари ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилган.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ипакчилик соҳасида фаолият юритувчи корхоналар негизида кластер ва тармоқларни шакллантириш кутиляпти. Бу, албатта, минтақавий ва халқаро бозорларга чиқишни осонлаштиради, деб хабар беради «Дунё» АА.
Лойиҳани амалга ошириш натижаларидан бири Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида аёллар ва эркаклар учун иш ўринлари сонининг кўпайишидир.