Металл ҳайкалча услубида ишланган каптарни ифодаловчи мукофотни Испания Ипак институти президенти Фернандо Молина Понс Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниевга топширди.
Тадбир давомида «Bioparc» компанияси ипак санъати, уни етиштириш ва қайта ишлашга бағишланган «Alquería del Rey» лойиҳаси учун, Валенсия порти маъмурияти «Bio Galleon»ни нишонлашда қўллаб-қувватлагани учун ҳамда Олий Ипак санъати мактаби Валенсияда ипак тарихи ва истиқболини ёйишда яқиндан ҳамкорлик қилгани учун «Valencia BioSeda Creativa» («Валенcия ижодий био-ипак») мукофотига сазовор бўлишди.
Испания Ипак институти президенти Фернандо Молина Понс ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шарофати билан мамлакатда сайёҳлик соҳаси жадал суръатларда ривожланаётганини қайд этди. Шундай қилиб, 2019 йилда мамлакат ички ва ташқи туризмни ривожлантириш бўйича энг яхши бешта мамлакат сафидан жой олди. Унинг сўзларига кўра, 2016-2021 йилларда маҳаллий сайёҳлар сони 24 миллионни ташкил этган бўлса, хорижлик меҳмонлар сони қарийб 20 миллионга етди.
2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли 1,5 миллион хорижлик Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 1,7 миллионни ташкил этди.
Фернандо Молина Понс Ўзбекистонда турли миллат, дин ва маданият вакиллари аҳил-иноқ яшаётганини таъкидлади. «Мамлакат тарихий мероси, замонавий меъморчилик ва юқори технологияли тараққиётни ўзида мужассам этган. Ўзбекистон нафақат Хитойни Европа билан боғловчи Буюк Ипак йўлида жойлашган кўҳна шаҳарлари орқали ўтадиган саёҳат йўналишлари, балки ўтмишнинг турли даврларига хос ноёб тарихий ва меъморий ёдгорликлари, шунингдек, хорижлик меҳмонларни қизиқтириши мумкин бўлган бошқа кўплаб имкониятлари билан ҳам машҳурдир.
Тадбир доирасида Валенсия вилояти туризм соҳаси вакиллари билан икки томонлама музокаралар, хусусан, Испания Ипак институти Президенти Фернандо Молина Понс, «Gaceta del Turismo» нашри бош муҳаррири Рафаэль Миняна ва Олий Ипак санъат институти мактаби Президенти Гонсало Хулиан Ордуня билан алоҳида учрашувлар ўтказилди.
Суҳбат чоғида туризм ва пиллачилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига оид мақолалар чоп этиш, шунингдек, 2023 йилда миллий либослар кўргазмасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида учрашув ва қўшма тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.