Интеллектуал салоҳияти баланд ёшлар мамлакат тараққиётини ҳаракатга келтирувчи кучдир. Шу боис, бугун юртимизда иқтидорли ёшларга ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, инновацион ғояларнинг дадил ташаббускори, миллатимизнинг “олтин фонди” сифатида қаралмоқда.
Имкониятлардан тўғри фойдаланаётган йигит-қизлар эса ўзини илм-фанда етакчи куч сифатида намоён эта оляпти. Бу уларга қаратилган эътибор ва яратилган шарт-шароит билан бевосита боғлиқ.
Яқинда БАА бўлиб ўтган 34-Халқаро биология олимпиадасида ва Япониянинг Чибо шаҳрида ўтказилган 64-Xaлқаро математика олимпиадасининг ҳар бирида юртимиз терма жамоаси 3 тадан бронза медални қўлга киритди. Шунингдек, Япония мезбонлик қилган 53-Халқаро физика олимпиадасида ҳам терма жамоамиз битта бронза медалга сазовор бўлди.
Натижалар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекистон фарзандлари салоҳияти, иқтидорини дунё ареналарида муносиб намойиш этишда давом этяпти. Натижалар салмоғи ва даражаси тобора юксалиб боряпти. Хусусан, 16–25 июль кунлари Швейцарияда 90 га яқин давлатдан 350 нафарга яқин ўқувчи иштирок этган 55-Халқаро кимё олимпиадасида вакилларимиз 2 олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритгани фикримизга далилдир.
Замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Юртимизда миллат тақдири, мамлакат келажагига бевосита дахлдор бўлган ёшлар масаласи, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор замирида ана шу мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга пухта замин яратди.
Қарорга мувофиқ, халқаро фан олимпиадаларида олтин медаль олган ўқувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробари (165 миллион сўм), устози 450 баробари (148,5 миллион сўм), кумуш медаль олса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари (99 миллион сўм), устози 250 баробари (82,5 миллион сўм) ҳамда бронза медаль учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари (66 миллион сўм), устози 150 баробари (49,5 миллион) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Мамлакатимизда фан олимпиадалари учун ажратилган маблағлар 2019 йилда 800 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич салкам 10 баробарга, яъни қарийб 8 миллиард сўмга яқинлашган. Бундай эътибор ва рағбатдан куч олган ўқувчилар нуфузли фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини таратаётгани билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Азизбек НАЗАРОВ, 55-Халқаро кимё олимпиадаси олтин медали совриндори:
— Швейцарияда ўтказилган 55-Халқаро кимё олимпиадасида олтин медални қўлга киритиш ўз-ўзидан бўлмади. Бу беллашувга икки йилга яқин вақт давомида тайёргарлик кўрдик. Устозларимнинг саъй-ҳаракати, меҳнати алоҳида эътирофга муносиб. Олимпиадага тайёргарлик пайтида мактаб дарсликларидан ташқари университет фан дастурига оид билимларни ўрганишга ҳаракат қилдик. Халқаро даражадаги турли мавзуларни ўзлаштирдик. Хуллас, икки йил назарий ва амалий жиҳатдан кучли тайёрландик. Астойдил қилинган саъй-ҳаракат зое кетмади. Бугун натижани кўриб турибмиз.
Олимпиадада бутунлай ўзга муҳитга тушиб қолгандек бўлдик. Биринчи турда берилган 10 та масаланинг мураккаблик даражаси анча юқори эди. Бунинг учун 5 соат бироз камлик қилади. Лекин биз вақтдан унумли фойдаланган ҳолда назарий босқични муваффақиятли якунладик. Лабораторияда учта қисмдан иборат катта масала берилди. Лаборатория иши бироз вақт олади. Шундай бўлса-да, тезлик билан масалаларни ечишга ҳаракат қилдик ва бу босқични ҳам яхши уддаладик.
Олимпиадага 90 давлатдан сараланган, энг кучли ўқувчилар келгани бизни бироз ҳаяжонга солди. Лекин халқимизнинг ишончи ва умиди зиммамиздаги масъулиятни оширди. Аслида халқаро даражадаги масалаларни кўп ечганмиз. Шу боис ҳаяжонни бемалол енга олдик. Шундай қилиб назарий босқични ҳам, лаборатория босқичини ҳам муваффақиятли уддаладик.
Мен учун халқаро олимпиадада иштирок этишнинг ўзи катта гап эди. Нафақат иштирок этиш, балки унда олтин медалга сазовор бўлиш инсонга ўзгача ҳиссиёт бераркан. Айниқса, исм-фамилиям, давлатимиз номи эълон қилинганида қанчалик ғурур туйганимни сўз билан ифодалай олмайман. Келгусида тиббиёт йўналишида ўқишни режалаштиряпман. Соҳага янгилик киритиш, ривожлантириш ниятим бор.
Абдуллоҳ МАҲМУДОВ, 55-Халқаро кимё олимпиадаси олтин медали совриндори:
— Бундан олдин бошқа халқаро олимпиадаларда ҳам қатнашганман. Бу беллашув анча юқори савияда ўтди. Албатта, олимпиаданинг энг ҳаяжонли нуқтаси имтиҳон жараёни ва ёпилиш маросими. Олтин медалга сазовор бўлганимиз эълон қилинган пайт жуда қувончли ва эсда қоларли лаҳзалардан бўлди. Ундаги туйғуни ифодалаш қийин, фақат жараёнда ҳис қилиш мумкин. Сингапур, Хитой, Россия, Вьетнам каби давлатлардан келган тенгдошларимизнинг билими ҳам асло кам эмасди. Лекин айни шу беллашувда эришилган муваффақият бизни илғор мамлакатлар ўнталигига олиб кирди. Бу ҳам катта натижа.
Ғалабанинг асосий омили тайёргарлик жараёнига боғлиқ. Мусобақага ҳозирлик кўришимиз учун барча шарт-шароит яратилди. Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда дарсдан ташқари нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрловчи гуруҳ бириктирилди. Тажрибали ва билимли устозларимиз деярли ҳар куни биз билан шуғулланди. Бу жараён ҳатто байрам кунлари ҳам эрталабдан кечгача давом этарди. Бугун устозларимизнинг меҳнати ва улардан олган билимимиз самарасини кўриб турибмиз.
Шаҳзода ҲАКИМОВА, 55-Халқаро кимё олимпиадаси кумуш медали совриндори:
— Олимпиада жуда ҳаяжонли ўтди. Аслида масалалар унча қийин эмасди. Аммо вақт камлик қилди. Шунга қарамай, беллашувда муваффақиятли иштирок этдик.
Жуда кўп олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этганман. Шундай нуфузли мусобақага тайёрланишимиз учун яратилган шароит учун Президентимиздан, устозларимдан, мени доим қўллаб-қувватлаб турган ота-онамдан миннатдорман.
Мен таҳсил олган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда кимё фани чуқур ўқитилади. Устозларимиз кимёнинг нечоғлиқ жозибадор фан эканини маҳорат билан ўргатади. Мактабимизда замонавий лаборатория ишлари ўтказиш учун етарли шароит яратилган. Мен олимпиадаларда эришаётган натижаларимизни мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилган эътиборнинг самараси, деб биламан. Ана шу эътиборга жавобан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш, шу йўлда тинмай ўқиш, изланиш олий мақсадим бўлиб қолади.
Жавоҳир СУЛТОНОВ, 53-Халқаро физика олимпиадаси бронза медали совриндори:
— Шу йилнинг 10–17 июль кунлари Япониянинг Токио шаҳрида 91 мамлакатдан 400 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган 53-халқаро физика олимпиадасида бронза медални қўлга киритдим.
Танловда кучлилар сараланди. Биринчи топшириқ осон бўлса-да амалий машғулот анча мураккаб эди. Аммо имкон даражасида буни уддаладим. Ота-онамнинг умидларини рўёбга чиқардим.
Мен таҳсил олган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда физика фани чуқур ўқитилади. Аэрокосмик технологиялар хонасида замонавий VR BOX, HOLOMAX, QBOX ускуналари ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида ўрнатилган телескопда осмон жисмларини кузатишимиз мумкин. Робототехника, ёш физиклар, математиклар, астроном ва информатиклар тўгаракларида ўрганган билимларимиз бугун нуфузли олимпиадаларда муваффақият қозонишимизга сабаб бўлмоқда. Бу эса биз, ёшлар учун яратилган имконият, мамлакатимизда таълимга берилаётган эътиборнинг маҳсули, деб биламан.
Анварбек РАҲМАТОВ, 64-Xaлқаро математика олимпиадаси бронза медали совриндори:
— Бугунгача турли халқаро ва республика олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритганман. Жумладан, 2019 йили ЖАРда ўтказилган олимпиадада олтин ва бронза медални, Озарбайжонда бўлиб ўтган олимпиадада кумуш, 2023 йили масофавий тарзда ўтказилган 19-Халқаро Жаутиков олимпиадасида кумуш медални қўлга киритдим. 5–13 июль кунлари Япониянинг Чибо шаҳрида дунёнинг 112 мамлакатидан 623 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этган 64-Халқаро математика олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлдим.
Бухоронинг Қоракўл туманидаги машҳур халқаро математика мактабида таҳсил олганман. Эришган натижаларимда устозларимизнинг ҳиссаси катта. Аввало, Президентимизнинг ёшларга қаратаётган эътибори, ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилгани ва таълим муассасаларида яратилган имкониятлар мана шундай натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлмоқда.
Муҳаммадиброҳим ЭГАМБЕРДИЕВ, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейининг 2-курс ўқувчиси, 34-Xaлқаро биология олимпиадаси бронза медали совриндори:
— Олимпиадага тайёрланиш жараёнида хорижий ва маҳаллий тренерлар билан иш олиб бордик. Жаҳон стандартига мос келадиган, олимпиада даражасидаги билимларни эгаллашга ҳаракат қилдик. Машғулотлар Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда олиб борилди.
Билим олиш учун аслида ўқувчидан ҳеч қандай моддий маблағ талаб қилинмайди. Юртимизда илм оламан, деган ҳам бир йигит-қиз учун зарур шарт-шароит яратилган. Билими бор ўқувчи энг чекка қишлоқдан бўлса ҳам давлатимиз яратган имкониятлардан фойдаланиб, иқтидорини намоён этиши мумкин.
34-халқаро биология олимпиадаси Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтди. Харажатимиз давлат томонидан 100 фоиз қопланди. Бу бизга берилган жуда юқори ишончдан далолат эди. Биз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилдик ва терма жамоамиз 3 та бронза медални қўлга киритди.
Халқаро олимпиадада бронза медални қўлга киритган ўқувчи 66 миллион сўм, устози 49 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Бу эътибор ва рағбат ҳақида сўзлаб берганимда хорижлик тенгдошларим ҳайрат ва ҳавас билан қарашди. Зиммамизда мана шу эътиборга муносиб бўлиш масъулияти турибди. Зотан, Президентимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда бизга ишонмоқда. Биз бу ишончни оқлаймиз, албатта.
Ҳозир кучли жарроҳлик амалиёти талаб қилинса, Германия, Ҳиндистон каби чет давлатларга бориш керак, деган гапни кўп эшитамиз. Келажакда кучли жарроҳ бўлиш ниятим бор. Ўзбекистонда жаҳон андозалари даражасидаги клиника очиш ниятидаман. Етук шифокор бўлиб, мамлакатимизда тиббиётини ривожлантириш, бу йўналишда Нобель мукофотини қўлга киритиш — энг катта орзум. Бу йўлда ўқиш, изланишдан асло чекинмайман.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.








