Дунёга адабиёт керак ёхуд байрамга айланган кунлар

    Тарихий воқеа – Беларусда Ўзбекистон адабиёти кунлари ўтказилиши. Бу халқларимизнинг маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Адибларимизни, адабиётларимизни, шу орқали одамларни бир-бирига яқинлаштиради.

    Борлиққа янги нафас, янги ҳаёт улашган кўклам куртаклару ғунчаларда, майса-қиёқларда бўй ва ранг намоён этган кунлар... Қуёшли Ўзбекистонимизда қадимий ва навқирон Наврўзни эл-юртимиз катта тантана билан кенг нишонлаган кунлар... Худди шу кунларда ҳали юпун қиш ёпинчиғини ташламаган Беларусь заминида ўтган Ўзбекистон адабиёти кунлари ўзига хос адабиёт, улкан дўстлик байрамига айланиб кетди. Худди шу кунларда Минскда Ўзбекистон ва Беларусь Республикаси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирлар ҳамда ХХХ Минск халқаро китоб кўргазмаси ўтаётган эди.

    Минск шаҳридаги халқаро аэропортда бизни – Тошкентдан борган шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олим, ношир ва матбаачиларни Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари ва Беларусь Ёзувчилар уюшмаси раиси Александр Карлюкевич эски дўстларни соғинган каби очиқ чеҳра, очиқ қалб билан кутиб олди.

    Халқаро аэропорт Минск шаҳридан қирқ чақирим йироқ. Йироқлиги сезилмайди. Йўл равон. Йўлнинг икки чети ўрмон. Йўл-йўлакай Александр Карлюкевич ўзбек адабиёти кунларига тайёргарлик ҳақида, ўтган 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда бўлгани, ўзбек адибларидан дўстлар орттиргани ҳақида гапиради. Айниқса, Тошкент мавзусида гапирганда оғзидан бол томади:

    — Тарихий воқеа – Беларусда Ўзбекистон адабиёти кунлари ўтказилиши. Бу халқларимизнинг маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Адибларимизни, адабиётларимизни, шу орқали одамларни бир-бирига яқинлаштиради. Оддий одамлар ўртасида борди-келдини кучайтиради. Янги давр ва янги шароитларда мамлакатларимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида амалий алоқаларнинг мустаҳкамланиши – буларнинг барчасига давлатларимиз раҳбарларининг қатъий иродаси туфайли эришилмоқда. Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олим ва таржимонларнинг ижодий ҳамкорлиги адабиёт ва маданиятларнинг, мазкур соҳада ўзаро муносабатларнинг мутаносиб ва уйғун ривожини таъминлайди.

    Карлюкевичнинг мулоҳазалари ўринли. Адиблар – адабиётларни, адабиётлар — маданиятларни, маданиятлар — халқларни, халқлар — юртларни яқинлаштиради. Адабиёт олисларни яқинлаштиради. 2022 йили Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши адабий алоқалар уфқларини янада кенгайтиргани шу фикрнинг яққол исботидир.

    Машинада Александр Карлюкевич ҳар биримизга биттадан газета узатди:

    – “Адабиёт ва санъат” (“Литература и мастацтва”) газетасининг янги сонини кўринглар.

    Беларусь Ёзувчилар уюшмаси муассислигида 1932 йилдан буён чоп этиладиган ижодкор зиёлиларнинг ҳафтада бир марта чиқадиган беларусь тилидаги нашрнинг махсус сони ўзбек адабиётига бағишланган экан.

    * * *

    Беларусь адабиёти тарихи давлат музейи Минск шаҳрида жойлашган. У мамлакатдаги энг катта музейлардан бири. Залларни айланиб, музей фаолияти билан танишар эканмиз, мазкур масканда Беларусь адабиёти тарихига оид нодир қўлёзмалар, эски босма китоблар, адиблар қўлёзмалари, бадиий китобларга рассомлар томонидан ишланган расмлар, шоир-ёзувчи ва адабиётшунос олимларнинг шахсий буюмлари сақланаётганига гувоҳ бўламиз.

    — Республика бўйлаб турли ҳудудларда тўққизта филиали мавжуд бўлган музейимиз 1991 йилдан буён фаолият юритади, — дейди музей директори Сергей Иванович Осик.

    Музей залларида ўзбек адабиётига оид китоблар ва бошқа тарихий ашё-буюмларни кўрар экансиз, ўзбекнинг эзгу сўзи дунёнинг узоқ-узоқ ўлкаларига ҳам етиб боргани ва чексиз қадр топганидан ҳайратингиз ошади. Адабиётимиз асарлари бошқа халқлар томонидан ҳам севиб мутолаа қилинаётгани, асраб-авайланаётганига гувоҳ бўласиз. Ўзбек шоир-ёзувчиларининг беларусь тилида чоп этилган китобларини, Беларусь газета-журналларидаги чиқишлари акс этган матбуот нашрларини кўриб, ич-ичдан ғурур туясиз. Фотосуратларга муҳрланган уларнинг қуёшли сиймоси узоқдан эмас, яқиндан, ёнгинангиздан қараб тургандек бўлади. Бу ерда Ўзбекистоннинг бир парчаси сизга кулиб қараб туради.

    Яна бир махсус стенд ўзбек шоири Султон Жўрага бағишланган. Унда машҳур шоирнинг ўтган асрда чоп этилган “Кимнинг хати чиройли”, “Ёмғирдан сўнг”, “Очиқ чеҳралар” ва бошқа китоблари, фотосуратлари ўрин олган. Бу ердаги маълумотларга кўра, Султон Жўра болалар учун талайгина асарлар яратган. “Ҳарфлар паради”, “Тиниш белгиларининг мажлиси”, “Ёлғончи”, “Чўнтак”, “Ой нечта”, “Соғинчли салом” каби асарлари болалар адабиётининг энг яхши намуналаридан ҳисобланади.

    Султон Жўра Иккинчи жаҳон уруши фронтида 1943 йилнинг 10 ноябрида, 33 ёшида Беларусда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Гомель шаҳри, Лоев тумани, Козероги қишлоғида дафн этилган.

    “Литература и мастацтва” газетаси бош муҳаррири Алексей Иванович Черота ёнимга келиб:

    – Ўзбек халқининг улуғ шоири Султон Жўра бебаҳо ижоди, Беларусь халқини ҳимоя қилиб, Беларусь тупроғида фидойилик кўрсатиб, тинчлик йўлида жонини қурбон қилгани билан мангуликка дахлдордир, – дейди.

    Менингча, бу гап Султон Жўранинг ўзига ҳам етиб борди.

    Уруш даҳшати нима эканини бу ерда жуда яхши билишади. Беларусь халқи уруш изтироби ва оғриғини бутун вужудида ҳис қилиб кўрган ва уни ҳеч қачон унутмайди, унутолмайди. Зеро, уруш хотираси тинчлик учун хизмат қилади. Шу боисдан минг-минглаб ўз фарзандлари каби ўзбекнинг шоир ўғлони Султон Жўрани ҳам унутмайди, унинг ёдини доим эъзозлайди.

    Бу стендга деразадан қуёш нури тушиб турибди. Бу қуёш Ўзбекистонни кезиб, жувонмарг кетган шоирга ўзбекона салом олиб келаётган бўлса, ажабмас.

    Музейда ўзбек шоир ва ёзувчилари асарларининг беларусь тилига қилинган таржимасига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди. Унда шоир ва ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари, адабиёт ихлосмандлари, шеърият мухлислари иштирок этди. Шоир ва таржимон Виктор Шнип ўзбек адабиёти намуналарининг беларусь тилига таржимаси, таржиманинг нозик сир-синоатлари ҳақида гапирди.

    Таниқли шоир, музей ходими Михаил Барановский ўзбек адабиётининг чин мухлиси. У ўтган йилларда ўзбек адибларининг беларусь тилида чоп этилган китобларини тўплаган. Шу китоблардан бир нечтасини кўрсатиб, китоблар ва муаллифлар ҳақида, асарларнинг мазмун-ғояси тўғрисида ўз мулоҳазаларини баён этди.

    Минскда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам ушбу тадбирга жалб этилган. Улар ва маҳаллий талабалар томонидан Алишер Навоий, Чўлпон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шеърлари ёддан ўқилганда адабиётимиз нақадар кучли ва бақувват эканини яна бир карра дилдан ҳис қилдик. Зеро, ҳар қандай бадиий асарнинг бўй-басти, салмоғию залвори у бошқа халқларнинг адабиёти намуналари билан ёнма-ён қўйилганда аён бўлади.

    Адабиёт тарихи бу – фикр, ҳис-туйғу, хотира ва соғинч тарихидир. Адабиёт музейи фикр, туйғу, хотира, соғинч музейи ҳамдир. Кимдир булар йўқ нарсалар, дейиши мумкин. Йўқ, улар чиндан ҳам бор!

    * * *

    Беларусь давлат университетида ўтган “Ёзувчи ва замон” мавзуидаги халқаро симпозиум адабиёт кунларининг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Мунозараларда Ўзбекистондан Ёзувчилар уюшмаси ходими, шоир ва таржимон Николай Ильин иштирок этди. Унинг фикр-мулоҳазалари илмий ва мантиқий жиҳатдан чуқур асослаб берилгани билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Симпозиум тугаганидан кейин ҳам Ильинга мурожаат қилиб, мавзуга оид фикрлари билан қизиққанлар бўлди.

    Симпозиум ишида давр ва адабиёт билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама қилинди. Биров у, биров бу деди. Ҳатто бир-бирига зид фикрлар билдирилди. Бу зидлик манфаатлар ва қарашлар, нуқтаи назарларнинг ҳар хиллиги туфайли эди. Сўзга чиққанларни кузатиб, тинглаб ўтирар эканмиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йили 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида айтган фикрлари хаёлимдан ўтди: “Замон жуда мураккаб, ҳозир катта-катта давлатлар Ўзбекистон, сен ким томондасан, деяпти. Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди, ё у томонга, ёки бу томонга ўтгин... Қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, ўзлари ҳам шунга даъват қиляпти. Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион бўлди, уч-тўрт йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким томонсан, деяпти. Қани, бундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак?!. Жавобим битта: миллатим, халқим томондаман, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман”.

    Ён-атрофга қаранг, бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Тўхтовсиз янгиланиб бормоқда. Гарчи адабиётнинг туб моҳияти ўзгармаса-да, давр адабиёт ҳақидаги замондошларимизнинг қарашларига ислоҳ киритмоқда. Миллий тафаккур, бадиий дид янгиланмоқда... Лекин адабиёт бу янгиланишлар олдида қарздор бўлиб қолмаслиги керак. Чунки адабиёт ҳамиша эзгуликни, гўзалликни яратади. Эркинлик, шахс дахлсизлиги, ҳақиқат принципларидан чекинмаслик – Адабиёт амал қиладиган мезонлардир.

    Ёзувчи замондан, жамиятдан айро ҳолда алоҳида ижод қилолмайди. Бугунги кун қандай сўраса, адиблар шундай ёзади. Бугунги кун нимани сўраса, адиблар шуни ёзади. Буларнинг айрим энг муҳимлари: Оила қадриятлари; Болалик муаммоси; Китобхонлик муаммоси; Ёлғон ёзмаслик.

    Оила барча жамиятларнинг асосидир. Табиат эркакни – ота, аёлни – она қилиб яратган. Ота-онадан фарзандлар – ўғил, қиз дунёга келади. Улар ака, ука, опа, сингил бўладилар. Шу тарзда инсоният жуда узун йўлни босиб ўтди. Ва яна жуда узун йўлни шу тарзда босиб ўтади.

    Оила анъаналарининг емирилиши, узоқ-яқин ўлкаларда яшаётган баъзи бир кишилар кутгандек, янги маданиятни юзага келтиради, деб ўйламаймиз, аксинча, жамиятнинг асоси бўлган маънавиятни, маърифатни, шу орқали жамиятни емиради. Адабиёт, албатта, бунга қарши туради.

    Тараққиёт, айниқса, ривожланган шаҳарларда, илғор мамлакатларда бутун-бутун авлодларнинг болалигини “ўғирлаб олмоқда”. Бугунги болалар ва ўсмирлар авлодининг ҳаёти виртуал олам ичида кечмоқда. Виртуал олам ёш ўсмир наслни болаликдан маҳрум этмоқда. Кундан кунга табиатдан тобора кўпроқ узилиб бораётган, ҳаётида табиат тобора камайиб бораётган болалар ва ўсмирлар авлоди ҳаётидаги кемтикни адабиётгина тўлдириши мумкин. Шундагина болалар ва ўсмирлар табиатида, руҳиятида бўшлиқ пайдо бўлишининг олди олинади.

    Дунё миқёсида оммавий коммуникация воситалари ривожлангани сари болалар ва ўсмирларнинг қизиқишлари бадиий адабиётдан тобора узилиб бораётганини кузатиш мумкин. Улар бадиий адабиётни қоғозли китоб шаклида мутолаа қилсалар, жуда яхши. Агар бундай бўлмаса, яъни электрон китобларни ўқиб, бадиий асарлардан баҳраманд бўлсалар ҳам, майли. Энг муҳими, умуминсоний ва миллий қадриятлар билан тўйинган, неча асрлардан буён инсониятни тарбиялаб келган бадиий адабиётдан ва унинг қалбларни, эътиқодларни тарбияловчи ёруғ таъсиридан узилиб қолмасинлар.

    Адабиётнинг ёлғон ёзмаслик керак, деган қоидаси ҳозирги даврда янаям ўткирроқ тарзда намоён бўлмоқда. Давримиз, замонимиз минг марта, миллион марта ўз тасдиғини топган ушбу қоидани бугунги адабиёт, бугунги адиблар яна бир марта тасдиқлаб беришларини талаб этмоқда.

    Халқаро симпозиумдаги баҳс-мунозаралар шу каби мулоҳазалар атрофида бўлди.

    * * *

    Минск шаҳрида, Мустақиллик проспектига ёндош манзилда юксак осмонларга интилган баланд дарахтлар қуршовида сокин бир гўша бор. У – Якуб Колас номидаги адабиёт-мемориал музейи.

    Якуб Колас Беларуснинг классик шоири, драматург, таржимон, жамоат арбоби. Янги Беларусь адабиётининг асосчиси саналади.

    Иккинчи жаҳон уруши йилларида шоир Минскдан Шарққа эвакуация қилинади. 1941—1943 йилларда Тошкентда яшайди. Ойбек, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Уйғун, Шуҳрат, Рамз Бобожон билан яқин муносабатда бўлади. Улар билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиб фашист газандаларини тор-мор этишга ундовчи шеърлар ёзади. Радиода янги шеърларини ўқийди, оташин нутқлар қилади. Унинг халқлар дўстлиги, одамийлик каби инсоний фазилатлар тараннум этилган “Чимён”, “Солор”, “Ўзбекистон” ва бошқа кўпгина шеърларида ўзбек заминига, ўзбек халқига чуқур эҳтиром акс этган. 1942 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда машҳур шоирнинг 60 йиллик юбилейи нишонланади. Эътиборли жиҳати, бу ерда шоирнинг Тошкентда яшаган йиллари ижоди ва ҳаётининг алоҳида даври сифатида тақдим этилган.

    Уй-музей ходими, шоирнинг эвараси Василина Мицкевич айтишича, Якуб Колас Тошкентда яшаган пайтида: “Менинг қалбим Беларусда қолган” деб ўртаниб ёзган. Беларусь озод этилиб, Минскка қайтгач эса, ўз мақолаларида соғинч билан “Менинг қалбим қуёшли Ўзбекистонда, урушдан азият чеккан менга ўхшаган минглаб одамларга кенг бағрини очган, меҳр-мурувват кўрсатган Тошкентда қолди” деб ёзади. Шоирнинг Ўзбекистон ва ўзбек халқи билан боғлиқ хотираларини сўзлар экан, Василинанинг кўзлари ёшланди:

    – Бу ер сиз, ўзбек шоирларининг ўз уйингиз, ҳар бир ўзбекнинг ўз уйи, – дейди у юз-кўзи нурланиб.

    Бир нарса кишига бошқача таъсир қилади: уй-музейда Беларусь халқ шоири Якуб Колас яшаган давр ва муҳит айнан сақланган. Ўша замон руҳи, ўша йиллар манзараси яратилган. Жиҳозлар, буюм ва ашёлар ўша пайтда қандай турган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Биз ҳам ўтган асрга, ўша даврга кириб қолгандек бўлдик.

    Экскурсия якунида уй-музей меҳмонхонасида давра суҳбати уюштирилди. Суҳбат ғоятда самимий ўтди. Беларусь тилида Якуб Колас шеърлари янгради. Шеърларни шоирнинг фарзандлари, набиралари, эваралари ўқиди. Ижодий гуруҳимиз аъзоси, таниқли шоир Сирожиддин Рауф Якуб Коласнинг ўзбек тилига ўзи ўгирган таржималарини ўқиди. Бу мезбон томонда, шоирнинг яқин қариндошларида чуқур таассурот уйғотди.

    Василина Мицкевич Якуб Коласнинг Ўзбекистонда кечган ҳаёти, Тошкентдаги ижодий фаолияти ҳақида гапирди:

    – Якуб Колас оиласи Тошкентда Ҳамид Олимжон ва Зулфия оиласи билан қўшни яшаган. Икки оила ўзаро жуда яхши муносабатда бўлишган. Сулоламиздаги ёши улуғларнинг сўзларига қараганда, Якуб Колас оиласи Тошкентдан Минскка қайтиши олдидан Ҳамид Олимжон ва Зулфия уйида меҳмон бўлиб, эътиборга сазовор жойларда фотосуратларга тушишган. Якуб Колас оғир уруш йилларида республика радиосида кўп чиқишлар қилганини биламиз. Эҳтимол, ўша суратлар Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг авлодларида, Республика радиоси архивида эса Якуб Коласнинг овози ёзилган тасмалар сақлангандир? Мабодо, кимларнингдир шахсий архивларида, эсдалик альбомларда сақланаётган янги фотосуратлар, овоз ёзилган тасмалар топилса, биз бажонидил улардан нусхалар олган бўлар эдик.

    Ижодий гуруҳимиз Якуб Колас уй-музейига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашр этилган китобларни совға қилди.

    Биз билан хайрлашиш чоғида Василина эски қадрдонлари билан хайрлашаётган каби кўз ёшларини тутиб туролмади. Биз ҳам... Чунки бу ерда ўзбек ҳақида, Ўзбекистон ҳақида ҳар бир миллатдошимизнинг қалбини ҳаяжонга соладиган соғинчлар, самимий раҳматлар изҳор этилар эди.

    Якуб Коласнинг катта оиласи аъзолари – фарзандлари, набиралари, эваралари биз узоқлаб кетгунимизгача ортимиздан қўл силтаб туришди.

    * * *

    Минск шаҳридаги Янка Купала номидаги марказий кутубхонада бўлиб ўтган ўзбек шеърияти кечасида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг 120 йиллиги тантанали нишонланди. Кутубхона залида ўзбек тилидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилган. Кўргазмада юртимизда чоп этилган газета-журнал, китоб ва расмли альбомлар тартиб билан териб қўйилган. Анжуманнинг ҳар бир иштирокчиси уларни бемалол қўлга олиб, варақлаб кўриши, ўтириб ўқиши мумкин.

    Адабиёт кечасида ўзбек ва беларусь тилларида шеърлар янгради, қўшиқлар ижро этилди. Кеча ниҳоятда самимий ўтди. Таниқли эстрада, театр ва кино актрисаси Ольга Богушинская, Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Валентина Дробишевская Ғафур Ғулом шеърларини беларусь тилида ўқиди. Шеърларни шоир ва таржимон, Беларусь Ёзувчилар уюшмасининг Минск шаҳар бўлими раҳбари Михаил Поздников таржима қилган. Тадбирда Беларусь давлат педагогика университети декани ўринбосари, адабиётшунос олим Ирина Буторина, Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Инна Фролова сўз олиб, ўзбек адабиёти, хусусан, Ғафур Ғулом ижоди ҳақида тўлиб-тошиб гапирдилар. Айниқса, Ольга Богушинская Ғафур Ғуломнинг Константин Симонов рус тилига таржима қилган “Сен етим эмассан”, шоира Валентина Дробишевская “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеърларини ўқиганда катта зал бир вужуд бўлиб тинглади.

    – Ўзбекистоннинг бадиий сўзи, шубҳасиз, дунё маънавий хазинасига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Неча асрлардан буён дунё халқлари, жумладан, биз – беларуслар шу улкан маънавий уммондан баҳраманд бўлмоқдамиз, – деди Михаил Поздников.

    – Бугунги ёрқин адабий анжуман биз – иштирокчиларга тарихи ва бугуни буюк ўзбек адабиёти билан яқиндан танишиш учун имкон яратганидан мамнунмиз, – дейди Инна Флорова.

    Шундай пайтларда адабиёт дилни дилга, элни элга боғлайдиган олтин кўприк эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.

    “Минск созлари” миллий куй ва қўшиқлар ансамбли ўз чиқишлари билан файзли кечага қувноқ руҳ бағишлаб турди.

    * * *

    Хатинь – Беларуснинг катта, ҳеч қачон битмайдиган жароҳати. У пойтахтдан эллик чақирим нарида. Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашистлар Хатинь қишлоғи одамларини битта қолдирмай ёқиб юборган. Катта пичанхонага ёш-қари, хотин-қиз, гўдаклару болаларгача қамаб, ўт қўйиб юборишган. Бир амаллаб қочиб чиққанларни пичанхонани ўраб турган автоматчилар отаверган. Бутун қишлоқ Беларусь заминида кенг ёйилган партизанлар ҳаракатига ҳомийлик кўрсатганликда айбланган ва шу қисматга дучор бўлган. Шундай таъқибга қарамасдан бир чол қўлида фарзанди – ўсмир қизи билан пичанхонадан отилиб чиққан. Афсуски, оловда куйган қизи ота қўлида жон беради. Ота таъқибдан амаллаб қутулади. Лекин фашистлар уни бошқа қишлоқда қўлга олишган ва отиб ташлашган.

    Ёдгорлик мажмуаси марказида ана шу Ота, ана шу Қизга ҳайкал қўйилган. У Ҳазрати Инсон ҳасратига қўйилган ҳайкал. Жуда салобатли, юксак... Кўп нарсалардан баланд. У инсон иродасининг тимсоли. Нигоҳларда акс этган ирода денгизлар, тоғлардан ҳам ўтиб, жудаям узоққа қадалган...

    Бугун ўша пайтда култепага айланган Хатинь қишлоғи ўрнида, жуда катта ҳудудда ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган. Фашистлар уруш йилларида Беларусь заминида 186 та қишлоқни бутунлай ёқиб юборишган. Қишлоқлар ўрнида бир уюм қоп-қора култепа қолган. Ёдгорлик мажмуасида ана шу қишлоқларнинг ҳар бирига рамзий қабр ўрнатилган. Мармар лавҳада хонавайрон қилинган қишлоқнинг номи, ҳалок бўлган одамларнинг сони ёзилган. Ёдгорлик лавҳаларида йигирма, ўттиз мингдан ортиқ рақамларни кўрасиз. Демак, фашистлар бир қишлоқда шунча одамни ёқиб нобуд этишган.

    Ён-атрофда, ҳар қадамда кулга айланган тупроқдан сизга нажот истаб қараб турган ёшли кўзларни, ёрдам сўраб чўзилган қўлларни кўргандек бўласиз.

    Шу сўзларни қоғозга туширар эканмиз, қоғоз-қалам, қўлларим куйиб ёнаётгандек туюлди. Ёнаётган қишлоқларнинг, шаҳарларнинг олови сизнинг юрагингизни куйдирмаяптими?..

    Адиб Қўчқор Норқобил мазкур ёдгорлик мажмуасини қишлоқлар қабристони деб атади. Дарҳақиқат, шундай. Бундай қабристон бошқа яна бирор жойда бормикан?..

    Ҳудуддаги баланд устунларга ўрнатилган қўнғироқлар ҳар дақиқада юрак ва мияни тешиб юборгудек бонг уради: “Огоҳ бўлинг, одамлар!”

    Бу ердаги ёдгорликларнинг пойидан куну тун гул узилмайди. Гул – замондошларимизнинг фидойи аждодлар хотирасига эҳтироми рамзи. Гул – Тинчлик, Гўзаллик рамзи. Ҳа, дунёда энг гўзал нарса – Тинчлик!

    * * *

    Уруш яхши-ёмонга ажралмайди. Барча урушлар ёмон. Шунга қарамасдан, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг ёвуз, энг шафқатсиз уруш дея тан олинган.

    Беларусь давлат Иккинчи жаҳон уруши тарихи музейидамиз. Минскда шундай музей бор. Уни уруш музейи ҳам дейдилар. Бу ерда Совет Иттифоқи қаҳрамони, ўзбек ўғлони Мамадали Топиболдиевга алоҳида стенд ажратилган. Стендда Топиболдиевга тегишли ҳужжатлар, ҳарбий либослар, шахсий буюмларни кўрасиз. Уруш йилларида Беларусь ўрмонларида қўлга тушмас партизан сифатида донг таратган, жафокаш заминни ёвуз босқинчилардан озод этишда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатган мард ва жасур юртдошимизнинг номи бу узоқ ерларда афсонага айланган. У кўрсатган қаҳрамонликларнинг бир четида биз ҳам бордек сезамиз ўзимизни ва ғурурланамиз. Чунки у бизнинг ватандошимиз, миллатдошимиз! Топиболдиевнинг ёнидан кетгимиз келмайди. Музейга қўйилган шахсий ашё-буюмлари билан эмас, гўёки унинг ўзи билан суратларга тушамиз.

    Музейда мактаб ўқувчилари учун очиқ дарслар ўтилмоқда. Эҳ, инсоният шу тинч кунларга етиб келиши учун қандай оғир кунларни бошидан ўтказмади, дейсиз! Миллионлаб одамлар, қанча-қанча навқирон ёшлар нобуд бўлди. Уруш музейларда қолсин. Музейдан ҳеч қачон чиқмасин.

    Бунинг учун барча Адабиётлар музейлардан чиқиши керак!

    * * *

    Беларусь Ёзувчилар уюшмасининг тантаналар залида Алишер Навоий ижодига бағишланган “Назм ва наво” кечаси давом этмоқда. Кечани Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, ёзувчи Елена Стельмах ва уюшманинг Минск шаҳар бўлими раҳбари, шоир ва таржимон Михаил Поздников олиб бормоқда. Елена атлас либос, Михаил ўзбек дўпписни кийиб олган. Иккаласи ҳам шу билан ўзбекларга алоҳида яқин эканини кўз-кўзламоқчи.

    Беларусь давлат университети талабаси Азизбек Нурмаматов Навоий ғазалларини ифодали ўқиганда залга сукунат чўқди. Беларусь шоираси Инна Фролова ҳайратини яширолмай шивирлайди:

    – Буюк Навоий ғазаллари нақадар мусиқий...

    Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори, адабиётшунос Олимжон Давлатов ҳазрат Алишер Навоий ғазалларининг нозик маъно қатламлари ҳақида сўзлар экан, барча жон қулоғи билан тинглайди. Шубҳасиз, бундай пайтда кўпчилик, айниқса, Алишер Навоийни таржимада ўқийдиганлар буюк шоирни қайта кашф этади.

    Алишер Навоий ғазалларини шоир Николай Ильин аввал ўзбек, кейин рус тилида ўқиди. Ғазалларни ўзи таржима қилган. Залда мутафаккир шоиримизнинг мухлислари кўп. Буни олқишлаб чалинган қарсаклардан сезиш мушкул эмас. Ғазаллар беларусь тилида янграганда бутун Беларусь халқининг буюк шоиримизга, ўзбек халқига бўлган меҳр-муҳаббатини ҳис этамиз.

    Шу ерда Беларусь Ёзувчилар уюшмасига ҳазрат Алишер Навоийнинг китоблари совға қилинди.

    Беларусда ўтган Ўзбекистон адабиёти кунлари чинакамига ўзбек адабиёти байрамига айланди. Бу байрам кейинги пайтларда адабиёт дунёга, инсониятга янаям кўпроқ керак бўлаётганини кўрсатади.

    Ҳа, дунёга адабиёт керак...

    Салим АШУР,

    Республикада хизмат кўрсатган журналист

    ("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2023 йил 14 апрель, 72 сони)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates