Ўша кезларда Амударё – Сирдарё оралиғи ва унга туташ ўлкалар – бугунги Жанубий Туркманистон, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ва Шарқий Туркистоннинг бир қисмини ўз ичига олган эфталийлар сулоласининг таянч ҳудуди Бақтрия-Тўхористон (Жанубий Ўзбекистон, Жанубий Тожикистон, Шимолий Афғонистон) ўлкаларини қамраб олган эди.
Хитой, юнон, арман, сурёний, араб, форс, ҳинд, бақтрий ва бошқа тиллардаги ёзма манбалар ҳамда сарой деворий расмлари, танга пуллар, турли буюмлар сиртидаги битиклар ва бошқа археологик топилмалардан англашилишича, эфталийлар Хитой, сосонийлар Эрони, Византия каби ўз даврининг кучли салтанатлари билан сиёсий ва маданий алоқалар ўрнатиб, ўзидан бой мерос қолдиради.
Бу сулола тарихи ўлкамиз ва чет эл тарихшунослигида анча ўрганилган бўлишига қарамай, ҳали кўплаб чигалликлар учрайди. Айниқса, уларнинг илк яшаган юрти, этник келиб чиқиши, давлат бошқаруви ва қўлланилган унвонлар бўйича бир тўхтамга келинганича йўқ. Айрим изланувчилар уларни туркий элат деб билса, бошқалар уларни эроний тилли бўлган, дейди. Шунингдек, эфталийлар Марказий Осиёнинг қайси ўлкасида — Олтой ё Тангритоғ (Тяньшань) этакларида ёки Орол бўйида, Помир ё Бадахшон тоғларида яшагани, ё бўлмаса Тўхористон уларнинг илк юрти бўлгани борасида тортишувлар ҳалигача ўз ечимини топмаган.
Византия манбаларида Eφθαλϊτaı, Αβδέλαι, форсча Heftal, Heptal, арманча Hep’t’ał, T’etal, арабча Haytal (кўпликда Hayâtila), хитойча Yeh-ta, Yeh-tai-i-li-t’o, Hua) кўринишларида тилга олинган бу этник гуруҳ хитойча Hua (Aвар), юнонча Вар-Хун кўринишларида ҳам келтириб ўтилган. Шунингдек, хитой, юнон ва бошқа тилли ёзма манбаларда эфталийлар билан боғлиқ этник атамалар “авар”, “абдал”, “ал-хун” кўринишларида учраб, “абдал” атамаси бугун қатор туркий халқлар — ўзбек ва туркманларда, Озарбайжон ва Онадўли туркларида бирор уруғ номи ёки топоним ўлароқ сақланиб қолган. Бундан ташқари, пуштунларнинг йирик бир уруғи “абдалзай” (абдал уруғи), Тожикистондаги аҳоли масканларидан бири Яфтал ушбу этноним билан алоқадор.
Араб муаллифлари барча туркий элат ва уруғларни эмас, улар орасидан “халач”, “канжина турклари”нигина эфталийлар издоши деб таништириб, “Ҳайатила — Тўхористонни бошқарган қудратли кишилар гуруҳи, Халаж ва Канжина турклари уларнинг авлодидир”, деб ёзган. Чамаси, уларнинг тили туркий тилларнинг бошқа бир тармоғи бўлиб, милод бошларида туркий тилларнинг аждоди — қадимги турк (хун тили)дан ажралиб чиққан.
Турли тиллардаги маълумотлар бошқа туркий этнослар каби эфталийларнинг ҳам бир неча уруғ ва қабилага бўлинганини кўрсатади. Хитой, юнон, арман, ҳинд, араб ва форс тилларидаги маълумотлар ўзаро солиштирилганда уларнинг қуйидагича 10 та уруғи бўлгани англашилади: 1) эфтал (абдал); 2) авар; 3) зобул; 4) канжина; 5) кумижи; 6) халаж; 7) хун (ол хун — қизил хун, оқ хун); 8) қарлуқ; 9) кадис/кадисаер/кадис-хун; 10) чўл.
Кўпи туркий, бир бўлаги эса эроний ва бошқа элатлардан бўлган ушбу уруғлар орасида эфтал, оқ хун, қизил хун ва авар кабилар хунларнинг бир тармоғи сифатида билинган бўлса, канжина, қарлуқ, чўл каби элатлар эса ё эфталийларнинг, ё бўлмаса турклар (Турк хоқонлиги)нинг бирор уруғи ўлароқ тилга олинади. Ёзма манбаларда эфталийлар ва қарлуқлар орасида ўзаро қариндошлик алоқалари борлигига хитой, араб ва форс муаллифлари бир неча бор урғу берган. Гардизий “Зайн ал-ахбор” асарида (XI аср) Тўхористон ҳайталлари ва қарлуқлар яқинлиги тўғрисида қуйидагиларни ёзган бўлиб, бу бежиз эмас эди: “Турк хоқони қарлуқларнинг кўпайгани, устунликка эга бўлгани ва Тўхористон ҳайталлари билан иттифоқ тузиб, улардан қиз олиб, қиз бергани ва Туркистоннинг заифлашганини кўргач, ўлкасининг оқибатидан қўрқди”.
Эфталийлар сулоласининг сиёсий жиҳатдан уюшиб, йирик бир кучга айланиши бўйича шу каби қарашлар билдирилган: IV аср ўрталарида ёки иккинчи ярмида келиб чиқиши тўлақонли аниқланмаган янги кўчманчилар гуруҳи пайдо бўлади. Улар Византия манбаларида хионийлар деб аталган бўлиб, чамаси, Шимолий Сюн-ну (хун)ларнинг бирмунча олдинроқ Ғарбга кўчиши билан боғланади. Улар IV асрнинг ўрталарида Самарқандни эгаллаб, Тўхористонга ўтгач, бу ерни ўзининг таянч ҳудудига айлантиради. 370-йилларда улар сосонийларга ёрдам бериб, Амид (Диёрбакир)гача боради. Уларни V аср бошларида енгган кидарийлар бошқарувни қўлга киритади. Хионийлар каби кидарийлар шимолдан Амударё ва Сирдарё оралиғига кириб келаётган кезларда Қанғни эгаллаб, кейинроқ Суғдни, сўнг IV аср охири — V аср бошларида Ҳиндикушдан жанубдаги ерлар — марказий ва ғарбий Панжобни босиб олади.
Суғдни таянч ҳудудга айлантирган кидарийлар 430-йилларда Aмударёдан ўтган сосонийлар подшоси Варахран II (Баҳром Гур) билан урушда енгилади. V аср ўрталарида кидарийлар ўрнини асл номи абдал бўлган эфталийлар номи билан машҳур негизи кўчманчи элат эгаллайди. Эфталийлар Олтой ва Шарқий Туркистондан келиб, кидарийлар ўрнини эгаллагач, 440-450 йиллар оралиғида бош таянч ҳудуд ўлароқ Тўхористон ўлкасини танлаган. 457 йилда эфталийлар етакчиси Ахшунвар Чағониён ва Бадахшонда ҳокимиятни қўлга олган. Кейинроқ кунчиқарда Шарқий Туркистондаги Қорашаҳргача, ғарбда Ҳирот ва тевараклари, жанубда Шимолий Ҳиндистонгача бўлган улкан тегра улар қўл остида қайта бирлаштирилгани эътиборга олинса, эфталийлар ҳокимияти асосан Кушон сулоласи бошқарган ҳудудларда ёйилган эди.
Сосонийлар шоҳи Яздигирд II (438-457 йиллар) эфталийлар билан бир неча бор урушлар олиб борган. Подшоҳ Перўз 484 йилда эфталийлар билан урушда ўлдирилган ва қўшини тор-мор қилинган. Нафақат Перўз, балки унинг акаси Хўрмузд ҳам эфталийлар ёрдамида Эрон тахтини қўлга киритган.
Кунчиқарда эса эфталийлар 479-509 йиллар оралиғида Шарқий Туркистоннинг барча шаҳар давлатларини ўзига бўйсундирган. Жанубда эфталийлар Шимолий Ҳиндистондаги улкан ҳудудларни босиб олган.
Олтой тоғларининг шарқий этаклари, Жанубий Сибирь ва Мўғулистонни ўз ичига олган кенгликларда Жуан-жуан ёки Авар хоқонлиги (402-552 йиллар) деб аталадиган йирик салтанат кўплаб эл-улусларни ўз байроғи остида бирлаштирган бўлиб, эфталийлар сулоласи билан қўшничилик ва қариндошлик алоқаларига ҳам эга эди. Шарқий Туркистон ва Еттисув уларнинг чегара ҳудудлари бўлган. Хитой йилномаларида эслатилишича, йэда (эфталий)лар куч-қудратга эришган пайтда (450-йилларда) унга Ғарбий ўлкалардаги Кангюй (Чоч ёки Суғд), Хўтан, Шалэ (Кошғар), Куча‚ Аньси (Қорашаҳр) каби 30 га яқин кичик ҳукмдорлик бўйсунган.
Ўша кезларда Хитойда Шимолий Вэй (Тоба) (385-556 йиллар) сулоласи етакчилик қилар эди. Эронда эса йирик сиёсий куч — сосонийлар империяси бошқарув тизгинини қўлда тутиб, Хуросонни эгаллаш учун эфталийларга қарши кураш олиб бормоқда эди. 560-йилларда сосонийлар ҳам худди Хитойга ўхшаб минтақада янги сиёсий куч — Турк хоқонлиги ўртага чиқишини хайрихоҳлик билан кутиб олади ва хоқонликнинг эфталийларга қарши сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Бошқарув маркази Кобул бўлган эфталий сулоласи тармоқларидан бирини бошқарган Тўраман (515 йилда вафот этган) Ҳинд дарёси қирғоқларидаги бир неча ўлкани бўйсундириб, Малвагача етиб боради. Унинг ўғли Миҳрақул (515-530 йиллар) ўз бошқарув марказини Кобулдан Гандхара (Шарқий Панжоб)даги Сакал шаҳрига кўчиради. Хитойлик сайёҳ Сун Юнь у билан 520 йилда шу ерда учрашади. Сайёҳнинг ёзишича, ўша чоғларда эфталийлар Кашмирни қўлга киритган эди. Ҳинд ҳукмдори Ясодхарман битикларидан аниқланишича, 533 йилда у эфталийларни енгиб, Миҳрақулни ўзига бўйсундиради. Шундан кейин Кашмирни ташлаб чиққан эфталий ҳукмдори Гандхара (бугунги Покистон)га қайтади.
Эфталийлар сулоласининг таянч ўлкаси Тўхористон бўлиб, бу ерда унинг бир неча бошқарув маркази ўрин олган эди. Ўлкадаги Чағониён, Термиз, Балх, Қундуз ва бошқа шаҳарлар кушонлар ва хионийлар даврида бирор бошқарув маркази вазифасини ўтаганидек, эфталийлар даврида ҳам бу ҳолат сақланиб қолади. Шунинг учун ёзма манбаларда эфталийлар сулоласи Тўхористон ўлкаси ўлароқ тилга олинади. “Вэй-шу” йилномасида 464 йилда Тухоло (Тўхористон)дан Шимолий Вэй сулоласига элчи келгани тилга олинган бўлиб, у, чамаси, эфталийлар томонидан юборилган. “Суй-шу” ва “Тан-шу” йилномаларида эса 615 йилда Тўхористондан Хитойга элчи жўнатилгани, у хитойликларга идан (эфталий)лар билан ёнма-ён яшашлари тўғрисида сўзлаб бергани айтилади.
Эфталийлар сулоласини юксалтиришда Бурқут, Кунхон, Ахшунвор, Фағаниш, Варз, Гатфар, Тўраман, Миҳрақул каби бошқарувчиларнинг ўрни катта. Уларнинг кўпи қадимги туркий, эроний ва ҳинд маданияти ўзаро қоришган муҳитда яшагани учун ушбу тилларга хос исм ва унвонларга эга бўлган. Шимолий Ҳиндистонни бошқарган эфталий ҳукмдорлардан Тўраман ва ўғли Миҳрақул (542 йилда вафот этган) исмлари туркий негизда — тўра “қонун, тузук” + ман “эски туркча исм ва сифат ясовчи қўшимча”, миҳра — эски эронийча “митра” (қуёш, қуёш худоси) ва туркий “қул” (банда) сўзларидан ясалган. Эфталийларнинг ябғу, тегин, тархон, чабиш сингари туркий, хутав, бузург, фармондор, ҳазорохта каби суғдий ва бақтрий тилларга хос катта-кичик унвонлари бўлгани маълум.
Эфталийларнинг ота-боболари — Олтой ва Ўрхун водийси (Мўғулистон), Жанубий Сибирь, Шимолий Хитойда ҳукмронлик қилган Хун салтанати бошқарувчилари ўз даврида Евроосиёнинг энг кучли отлиқ қўшинига эга бўлган. Ушбу хунларнинг ҳарбий ишини давом эттириб, Марказий Осиёнинг жануби-ғарбий ўлкалари — Шарқий Туркистон, Помир, Бадахшон бўйлаб Тўхористон ва Суғдга етиб келган эфталийлар, яъни оқ хунлар йўл-йўлакай бошқа элатларни, жумладан, тоғлик жанговар элатларни ўзига қўшиб олгач, ҳарбий жиҳатдан янада кучайиб, минтақадаги энг йирик сиёсий ва ҳарбий кучга айланади. Хитойча “Тан-шу” йилномасида ёзилишича: “Тухоло (Тўхористон)... Тухололиклар идан (эфталий)лар билан бирга истиқомат қилади, жанговар қўшини 100 минг”. Тухоло (Тўхористон) муайян бир ўлка номи, идан, яъни эфталий эса халқ ва давлат номи бўлиб, 100 минг қўшин эфталийларга тегишли эди.
Эфталийларнинг сосонийлар ҳукмдори Перўзга ёрдам учун 30 минг қўшин юборгани ҳақида маълумот учраши улар қўшинининг салмоғи анча катта бўлганидан дарак беради. Эфталийлар қўшинининг катта қисми отлиқлардан иборатлиги, шунингдек, қўшин 2000 та филга эга бўлгани ҳақида ёзма манбаларда эслаб ўтилади. Чамаси, эфталийлар Шимолий Ҳиндистонни эгаллагач, бу ердаги филларни қўлга киритиб, ҳиндлар каби жангда улардан фойдалана бошлаган. Эфталийлар қўшинининг асосий қисми отлиқлардан ташкил топганини хитой йилномаларидаги қуйидаги маълумот тасдиқлайди: “Бей-ши” йилномасида “Йеда (эфталийлар) от ва туялари кўп... Халқи қаттиққўл ва жасур бўлиб, жанг қилишга моҳирдир”, дейилади.
Эфталийлар қўшинининг бир қисми яёв (пиёда) аскарлардан иборат бўлиб, жангчилар бошдан-оёқ пўлат зирҳ кийган, бошида дубулға, қўлида “қинғирақ” ёки акинак (ханжарсимон узун тўғри қилич)га ўхшаш қуроллар билан урушга кирган. Буни кўплаб археологик топилмалар — Қизил (Шарқий Туркистон) ва Тавка қўрғон (Сурхон воҳаси)дан топилган қурол-яроғлар, сарой деворий суратларидаги тасвирлар ҳам тасдиқлайди.
Эфталийлар даврида минтақада суғдийча, хоразмча, “номаълум ёзув” (эҳтимол, қадимги туркий), карошти, эфталийча ёзувлар мавжуд бўлган. Эфталий ёзуви ҳақида хитойлик Сюан Цзян бундай ёзганди: “Ёзувларидаги асосий ҳарфлар сони йигирма бешта бўлиб, улар ёрдамида иборалар, сўзлар ясайдилар. Саҳифага хатни энига туширадилар, чапдан ўнгга қараб ўқийдилар”.
Диний эътиқод борасида ҳам хилма-хилликни кўриш мумкин. Улкан салтанат аҳли зардуштийлик, қадимий эътиқодлардан Сиёвуш, Анахита, Митрага, буддапарастлик (асосан Шимолий Ҳиндистонда) каби динларга сиғинган. Шу билан бирга, ўлкада Моний ва Мазда таълимотлари ҳам тарқала борган. Эфталийлар Олтойдан кўчиб келиш арафасида тангричиликка ўхшаш инонч тизими бўлган деган қарашлар бор.
Эфталийларнинг ташқи алоқалари халқаро савдо-сотиқ йўллари бўйича рақиби Эрон билан ғоят кескин кечган. Сосонийларнинг эфталийларга ўлпон тўлаши Перўзнинг ўғли Қубод ҳукмронлиги йилларида ҳам давом этади. Эфталийлар сосонийларнинг ички ишларига аралашишга интилган. Масалан, 496 йили тахтдан ағдарилиб, қамоққа ташланган Қубод қочиб, эфталийлар олдига боради. Эфталийлар ёрдамида Қубод 499 йили яна Эрон тахтига ўтиради. Эфталийлар сосонийларни ўзига қарам қилиб олганидан сўнг уларнинг имкониятидан Византияга қарши курашда фойдаланган. Уларнинг Византияга қарши 502 йилдаги юриши сосонийлар иштирокида амалга оширилган.
Эфталийларнинг Хитой билан муносабатлари асосан савдо-сотиқ орқали амалга оширилиб, Буюк ипак йўлининг шимолий ва жанубий йўналишлари минтақамиз орқали ўтиши катта аҳамият касб этган. Уларнинг Ҳиндистон ва Европанинг шарқий ўлкалари билан ҳам яқин алоқаларда бўлгани маълум.
Шундай қилиб, V-VI асрларда ўлкамизда, ялпи олганда, минтақада юз йилдан ортиқ давр давомида эфталийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. Давлатни бошқаришда улар ўтмиш донгдор сулолаларидан қолишмаган. Аксинча, эфталийлар сулоласи сўнгги кушонлар замонида бошбошдоқлик йўлига кирган мамлакатни қайтадан бирлаштириб, сиёсий, иқтисодий, маданий муносабатлар ва ташқи алоқаларни янада ривожлантирди.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори,
профессор