Неврология ва оториноларингологияда янги қадамлар: тиннитусга қарши илмий ёндашув

    Фан 28 октябр 2025 551

    Тошкентда неврология ва оториноларингология соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда қулоқдаги шовқин — тиннитус муаммосини бартараф этиш бўйича замонавий илмий ёндашувлар муҳокама қилинди.

    Кеча бўлиб ўтган тадбирда замонавий тиббиётнинг энг мураккаб ва кўп тармоқли муаммоларидан бири — тиннитус (қулоқдаги шовқин) масаласига бағишланган маърузалар тингланди.

    Эпидемиологик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 10–15 фоизи тиннитусдан азият чекади. Улардан 1–2 фоизи учун бу ҳолат ҳаёт сифатини жиддий пасайтиради. Шу сабабли, мутахассислар тиннитусни эндиликда фақат оториноларингологик муаммо эмас, балки неврологик, психиатрия ва эндокринология соҳаларини қамраб олган фанлараро масала сифатида кўрмоқда.

    Профессор Якутхон Мажидова ўз маърузасида шундай деди:

    “Тиннитус — бу алоҳида касаллик эмас, балки бир қатор мураккаб патологик жараёнларнинг белгисидир. Унинг илдизи эшитиш тизими, қон айланиш, асаб ва эндокрин тизимларидаги ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ.”

    Мутахассиснинг фикрича, тиннитусни самарали даволаш учун комплекс ёндашув зарур. Замонавий диагностика усуллари — аудиометрик текширувлар, томирлар допплерографияси, магнит-резонанс томографияси, лаборатор таҳлиллар ва беморнинг психологик ҳолатини баҳолаш — муаммони аниқлаш ва уни бартараф этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Конференция доирасида олимлар тиннитус патогенезини тизимли таҳлил қилдилар ва унинг турларини фарқлаш имконини берувчи янги диагностика мезонларини илгари сурдилар. Тошкент давлат тиббиёт университети профессори Ё.Мажидова комбинацияланган даво усуллари — дори воситалари, нейромодуляция, когнитив-поведен терапия ва аудиотренингни уйғунлаштириш йўналишини энг истиқболли деб баҳолади.

    Тадқиқот натижаларини клиник амалиётга жорий этиш шифокорларга беморлардаги қўшимча бузилишларни эрта аниқлаш ва реабилитация самарадорлигини ошириш имконини беради. Анжумандаги муҳокамалар фанлараро ҳамкорликни кучайтириш ва амалиётга йўналтирилган илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди. Бу конференция замонавий тиббиётдаги интеграция ва ҳамкорликнинг беқиёс аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади.

    Гулчеҳра Мирзаева,

    Тош ДавТу матбуот котиби

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates