Республикамизда инновацион ривожлантириш жараёнларини жадаллаштириш, саноатчилар, олимлар, тадбиркорларнинг ҳаракатларини бирлаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида XXIX Халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Конференциянинг ялпи мажлис ҳамда “Ёшлар ва таълим масалари”, “Иқтисодиёт тармокларидо сунъий интеллект ва инновациялар”, “Энергия. Ёқилғи энергетика, табиий ресурслар ва минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш муаммоларини хал қилиш”, “Кончилик ва металлургия. Геология”, “Автоматик ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари. Рақамлаштириш”, “Тизимли таҳлил ва математик моделлаштириш”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик. Саноат хавфсизлиги”, “Экология. Муаммолар ва ечимлар” каби шўъбаларда 119 та маъруза ва бошқа чиқишлар тақдим қилинди.
Тадбир Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказида, шу университет проректори, профессор О.О. Зарипов; Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг Илғор технологиялар маркази раҳбари, т.ф.д. У.З. Шарафутдинов, Стратегик инновациялар ва информатизация маркази директори, профессор, т.ф.д. А.А.Қадиров; лойиҳа раҳбари, профессор Россия Табиатшунослик академияси академиги, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси академиги, Россия Федерацияси Озиқ-овқат хавфсизлиги миллий академияси академиги, б.ф.д. В.Т. Велямов; Тошкент кимё-технология институти профессори А.Артиков; Россия Санкт-Петербург университетидан ф.м.ф. номзоди, доцент Е.С. Сергиенко ва бошқаларнинг долзарб масалалар бўйича чиқишлари билан бошланди. Муҳокамаларда кўплаб фан докторлари, фан номзодлари, профессор, доцентлар, саноатчилар, иқтидорли ёшлар қатнашди.
Конференцияда нафақат Ўзбекистон, шунингдек хорижий давлатлардан Белорус, Россия, Қозоғистон, Тожикистон вакиллари ҳам фаол қатнашди. Баъзи масалалар бўйича самимий фикр алмашувлар танаффусларда ҳам давом этди. Тадбир фикрларга бой бўлди.
Конференция инновацион маданиятни ривожлантириш, олимлар, саноатчилар ва ёшларнинг инновацион ва технологик ривожланишдаги фаол иштироки, мамлакатимиз илм-фан натижаларини тўплаши, намойиши, ўзаро тажриба алмашиши, маданий, илмий ва техник ҳамкорлик соҳасида халқаро алоқаларини ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Конференция материалларининг илмий мақолалар тўплами сифатида нашр этилиб, тадбир қатнашчиларига тарқатилгани илмий, амалий, методик ахамиятга эгадир.
Ҳасан Абдуназаров








