“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2022 йил 20 сентябрдан бошлаб хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интеллект соҳаларида атом ва қуёш энергетикаси, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология ва республикамиздаги бошқа устувор соҳалар ва мутахассисликлар кесимида 226 ўринга мўлжалланган 2022 йилги 3-очиқ стипендия танловини эълон қилди.
Мазкур танловда Жамғарманинг бакалавриат таълим дастури учун 34 ўрин, магистратура таълим дастури учун 95 ўрин, докторантура таълим дастури учун 97 ўрин ажратилган. Номзодларнинг ҳужжатлари 2022 йил 20 сентябрдан 20 октябрига қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинди.
Танлов комиссияси техник гуруҳи томонидан амалга оширилган дастлабки саралаш ва ҳужжатларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, биринчи босқич якуни бўйича жами 976 нафар номзодлар электрон шаклда рўйхатдан ўтган бўлиб, докторантура дастури бўйича 126 нафар, магистратура дастури бўйича 360 нафар, бакалавриат дастури бўйича 490 нафарни ташкил этмоқда.
Саралаш танловнинг биринчи босқичининг якуни бўйича жами рўйхатдан ўтган 976 нафар номзодлардан Жамғарманинг 3 та таълим дастури бўйича жами 371 та Accеptаncе letter (ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисида хати) келиб тушган.
Танловнинг комиссиясининг 2022 йил 25 октябрдаги йиғилиш қарорига кўра стипендия танловига ажратилган 226 ўрин учун Низом талабларига тўла мос келадиган жами 171 нафар номзодларнинг ҳужжатлари 2-босқичга тавсия этилди.
Танлов комиссиясининг мазкур йиғилиш қарорига асосан танловнинг 2-босқич тест ва суҳбат жараёнлари жорий йилнинг 7 ноябрь кунидан 14 ноябрь кунига қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Иккиничи босқичда номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, шунингдек, давлат тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат Давлат бошқаруви академиясида жорий йил 8 ноябрдан 14 ноябрга қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда.