“Элдошларим, Дилдошларим” айтган ёниқ мисралар, ҳикматли сўзлар

    Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг “Элдошларим, дилдошларим” деб номланган китоби чоп этилди.

    Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Янги Ўзбекистонимизнинг тараққиёти ҳақида гапириб, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, – деган сўзларни алоҳида таъкидлаган эди.

    Бу жараёнда ёзувчи ва шоирларимиз зиммасидаги вазифалар нимадан иборат, адиблар бунёдкор халқимизга камарбаста бўлиш, ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш учун қандай фаолият олиб бориши зарур?

    Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китобида шу каби муҳим ва долзарб саволлар ўртага ташланган. Ўқувчиларга “Шоир ва замон” туркумида тақдим этилаётган мазкур китоб икки бўлимдан иборат. “Огоҳлик талқини” сарлавҳаси остида янги шеърлар, “Ватанни севиш керак” деб номланган бўлимда эса мақолалар, суҳбатлар, муносабатлар жамланган.

    Китоб мутолааси давомида ўқувчилар замонамиз замонамиз қаҳрамонларининг ибратли фаолияти, ички кечинмалари, орзу-ниятлари билан танишади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлар бадиий талқин этилгани, воқеалар, ҳолатлар жонли ва ҳаётий мисоллар, ҳароратли сўзлар воситасида тасвирлангани туфайли асарлар китобхонлар юрагида халққа ва Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотади.

    Мутолаа ўз-ўзимизни тафтиш қилишга ундайдиган сеҳрли кучдир. Умид қиламизки, “Элдошларим, дилдошларим” айтган ёниқ мисралар, ҳикматли сўзлар ўқувчини эл-юрт равнақи йўлидаги юксак мақсадлар ва эзгу тилаклар сари чорлайди.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири