“Электрон поликлиника” тизимининг қулайлиги нимада?

    Кейинги пайтда юртимизда тиббиёт тизимини рақамлаштириш, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

    Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан бирламчи тизимда “Электрон поликлиника” ахборот тизими йўлга қўйилаётгани бу борада қулайликлар яратмоқда.

    Бугун вақт инсоният учун энг қимматли ресурсга айланди. Бозордами, йўлдами, бирон муассасадами, кўпчиликнинг навбатда туришга сира тоқати йўқ. Одамлар ҳар бир иши тез ва осон битишини истайди. Айниқса, шифо муассасаларида. Шу боис мазкур дастур ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликларга чек қўйиб, барча ишларни тизимли равишда олиб боришга, тезкор ва аниқ ишлашга, энг асосийси, шифокорларнинг беморлар учун кўпроқ вақт ажратишига имкон бермоқда.

    Жумладан, Нишон туманида тизимни ривожлантириш максадида тегишли муассасалар монитор, моноблок, принтер билан таъминланди. Туман марказий шифохонаси, оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларига лойиҳа асосида шиша толали кабеллар тортилди ва “Электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилди. Тиббиёт ходимларининг мазкур йўналишдаги саводхонлигини ошириш мақсадида IT-марказларида бепул машғулотлар олиб борилди.

    Кўп тармоқли марказий поликлиникада локал тармок қайта реконструкция килинди. Мазкур поликлиникада яратилган “Электрон поликлиника” тизими онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилиш, масофавий диагностика, бемор саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, тиббий карталарнинг тармоқли тизими, виртуал тиббий кўрикдан ўтиш, виртуал шифохона хизмати ва электрон рецептлар беришга имкон яратмоқда.

    — Поликлиникага келган фуқаро “Электрон поликлиника” орқали рўйхатга олингач, оилавий шифокорга йўналтирилади, — дейди муассаса дерматовенеролог шифокори Мансур Қўзиев. — Шифокор бемор учун зарур текширувларни белгилаб бергач, шу асосда тор соҳа мутахассисларига учрашиши ёки лаборатор анализ топшириши мумкин. Беморнинг барча таҳлиллари автоматик тарзда оилавий шифокорга кўриниб туради. У шу асосда мурожаатчига электрон рецепт беради. Беморнинг рецепт асосида поликлиниканинг ўзидан буюрилган дорини олиши ҳам электрон тарзда назорат қилинади. Фуқаролар эса тиббий таҳлилларини, касаллик тарихини уйда ўтирган ҳолда онлайн тарзда кузатиб туриши мумкин.

    Бу тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, у орқали беморларнинг касалликларини таснифлаш, ўша ҳудуд аҳолисида кўп учрайдиган хасталиклар базасини шакллантириш имкони мавжуд.

    — Бу ерга тез-тез келиб, дўхтирлар кўригидан ўтиб тураман, - дейди 71 ёшли Эгамберди бобо Жумаев. – Компьютерлашган янги тизим жуда қулай бўлди. Вақтинг кетмайди, ортиқча оворагарчилик, асаббузарлик, қоғозбозлик йўқ.

    — Туман тиббиёт бирлашмасида 2021 йил 1 ноябрдан бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими ташкил этилди, - дейди Нишон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Шамшир Тўраев. — Эҳтиёжманд оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланиб, имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражалари белгиланиб, имтиёзли тоифадаги шахслар тегишли платформа орқали базага киритилиб, электрон йўлланма орқали имтиёзли даволанишга юборилмоқда. Айни пайтгача шаффофлик таъминланган электрон тизим орқали 465 нафар беморимиз республика шифохоналарида даволаниб чиқди.

    Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур янги электрон дастур бир қатор қулайликлари билан ажралиб туради. Жумладан: ҳақиқий вақтда ҳисоботларни қабул қилиш ва узатиш; шахсий ва тиббий маълумотларни ажратиш; тиббий маълумотларнинг юқори даражадаги хавфсизлиги ва назорати; янги ташкил этилган тиббиёт муассасаларини тез ва осон бирлаштириш.

    Янги дастур орқали шифокор ва беморнинг вақти тежалиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошмоқда. Тиббиёт ходимлари фаолияти ва иш юкламасини мунтазам кузатиб бориш, статистик маълумотларни шаффоф тарзда юритиш имконияти яратилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates