Энди тез ёрдам машинаси манзилда адашмайди

    Ёш тадқиқотчи яратган “Электрон тез тиббий ёрдам” электрон дастури “Тез ёрдам” тезлигини янада ошириши мумкин.

    Бугун ҳаётимизни компьютер технологияларисиз, сунъий интеллектсиз тасаввур қила олмаймиз. Улар ҳаётимизни, турмушимизни осонлаштирувчи воситага, таъбир жоиз бўлса, ёрдамчимизга айланди.

    Биргина смартфонни олайлик. Унинг имкониятлари шу даражада кенгки, у орқали такси чақириш, масофадан туриб онлайн таълим олиш, коммунал ва бошқа тўловларни тўлаш оддий ҳолга айланди. Ваҳоланки, ўн йиллар олдин ҳам бу ҳақда тасаввур қилиш қийин эди.

    Бироқ вақт шитоб билан ўтмоқда, дунёда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, робототехника шунга монанд тарзда юксак даражада тараққий этаётир. Бундай ютуқлардан ортда қолиш маррани бой бериш, ривожланишдан чекиниш билан баробар. Чунки ҳамма соҳа рақамлашмоқда, сунъий интеллект имкониятлари татбиқ этиляпти.

    Гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимизда ҳам мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тошкентда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки — IT-парк ҳамда вилоятларда унинг филиаллари очилди.

    Тошкент шаҳрида Инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки ҳамда ҳудудларда ёшлар технопарклари ташкил этилди. Мақсад — ёшларни дастурий ва техник маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш, қобилиятли йигит-қизларни тарбиялаш, уларнинг яратувчанлик қобилиятини юзага чиқариш, ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳаларга айлантиришга кўмаклашишдан иборат.

    Оҳангарон шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти Ёшлар технопаркида ҳам илм-фанни рақамлаштириш, ёш авлодни салоҳиятли, замонавий билимларга эга қилиб тарбиялаш, қолаверса, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган инноваторларни тайёрлаш учун барча шарт-шароит яратилган. 2021 йилнинг февраль ойидан иш бошлаган мазкур Ёшлар технопаркида 6 та йўналиш: компьютер саводхонлиги, IT-дастурлаш, AutoCAD, 3D-моделлаштириш, киберспорт, Scrach бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.

    Бу ерда илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар муайян ютуқларга эришмоқда. Улардан бири Сарваржон Йўлчиев. У жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Нурафшон шаҳрида ўтказилган “InnoWeek.Uz-2022” ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмаси доирасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “TechnoWays” тадбирида ғолиб бўлди.

    Жами 71 иқтидорли ёш ўзининг ишланмалари ва инновацион маҳсулотлари билан иштирок этган тадбир якунида 3 нафар энг яхши лойиҳа эгаси сараланди. Улар орасида Сарваржон Йўлчиевнинг “Электрон тез тиббий ёрдам” лойиҳаси 1-ўринга лойиқ кўрилди. Бунда муаллифнинг Тошкент вилояти Ёшлар технопаркида лойиҳа раҳбари Ойбек Тўйчиев бошчилигида олиб борган илмий изланишлари самара берди.

    Ушбу электрон платформа кўрсатиладиган тез тиббий ёрдам хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, ҳар бир аҳоли яшайдиган хонадон “Google maps” электрон тизими орқали дастурга киритилади. Бунинг натижасида тиббиёт ходимларига беморларнинг турар жойлари аниқ кўрсатилади. Ҳар бир туман, маҳалла, уй, унинг ҳар бир қаватидаги хонадонлар манзили дастурда аниқ ёзилиб қўйилади.

    — Баъзан олис қишлоқлардаги хонадонлардан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқлар бўлиб қолади, — дейди лойиҳа муаллифи С.Йўлчиев. — Бундай ҳудудларнинг айримларида йўл кўрсаткичлари, жой номлари, хонадонлар рақамлари ёзиб қўйилмагани ёки кўча номи ва хонадон рақами алмашган бўлса-да, улар эски ҳолатида қолиб кетгани, янгисига алмаштирилмагани учун манзилни вақтида топиб боришда қийинчиликлар юзага келади. Оқибатда тез тиббий ёрдам машинаси адашиб қолади, белгиланган манзилга ўз вақтида етиб боролмай, фурсат бой берилади, ортиқча ёнилғи сарфланади, энг ёмони, беморга вақтида тиббий ёрдам кўрсатишда кечикиш ҳолатлари юзага келади. Агар беморнинг ўзи томонидан чақириқ бўлса-чи, унинг аҳволи оғир бўлса, ёнида кўмаклашадиган ҳеч ким бўлмаса-чи, адашиб қолган тез тиббий ёрдам хизматини ким кўчага чиқиб кутиб олади? Бу тизим ана шундай ҳолатларнинг, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Тез тиббий ёрдам ходимларини беморнинг уй манзилига адашмасдан, кечикмай, ўз вақтида етиб боришига имкон яратади.

    Бу платформа ҳайдовчиларни неча дақиқа давомида манзилга етиб олишини, энг қулай ва яқин йўлни ҳам онлайн режимда кўрсатиб туради. Қолаверса, ҳудудда қайси касалликка кўп чалинаётгани билан боғлиқ статистика ҳам юритилади.

    Ҳозирги кунда ушбу электрон платформа Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида жорий қилинган бўлиб, тест режимида ишлаяпти. Айни кунларда уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш борасида изланиш олиб борилмоқда.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates