Ўша кезлари бир устозим айтарди: “Уйлар қурилаверса-ку, яхши. Менга ҳам бирор куни хонадон насиб қилиб қолар деб одам ўзига ўзи таскин бериши мумкин. Афсуски, вилоятларни қўя туринг, ҳатто азим пойтахтда ҳам уй-жой қурилмаяпти”.
Ҳа, халқни уй-жой билан таъминлаш, яхши яшаши учун шароит яратиш, кичик ватанли қилиш масаласи негадир ўша пайтларда давлат ва ҳукуматнинг кун тартибида йўқ эди. Аҳоли кўпайиши, боз устига, “прописка” сингари бюрократик тўсиқларга қарамай, ишсизлик ва яхши яшаш илинжида одамлар қишлоқдан шаҳарларга оммавий кўча бошлади. Бу эса ипотека бозоридаги нархларнинг муттасил кўтарилишига олиб келди. Талаб кескин ошиб бораётган бир шароитда таклиф йўқлиги ўткир ижтимоий муаммоларни юзага келтириб чиқарди. Бу одамларнинг ўша пайтдаги кайфиятига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Боиси, ижарама-ижара кўчиб, сарсон юрадиган, муқим уй-жойи йўқ одамнинг ҳаётида ҳаловат бўлмайди. Эртанги кунга ишончи сўниб, кўнглини хавотир ва тушкунлик эгаллаши табиий. Бундай ҳолатлар 2000-йиллар бошидаги ҳаққоний ҳолат эди.
Орзуга бир қадам
Бугун вазият буткул ўзгача. Давлатнинг ижтимоийлашуви, халққа яқинлашуви, халқни йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммолар ечимига киришилгани, шоир айтганидек, елкамизга офтоб теккани бўлди.
Яхши эслайман: 2017-2018 йилларда Сергели туманига ёндош ҳудудда жуда қисқа муддатда баланд-баланд турар жой комплекслари қад кўтара бошлади. Бу хонадонларга уйсиз оилалар кўчиб кирди. Уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Ипотека кредити мақбуллаштирилиши оддий одамларнинг ҳам уй олишига имкон берди.
Жумладан, сўнгги 5 йилда умумий 21,7 миллион метр квадрат майдонга эга кўп хонадонли уй-жойлар барпо этилди. Аҳолининг уй-жой сотиб олишига кўмаклашиш учун 67 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилди. Ушбу мақсадда давлат бюджетидан 44 триллион сўм йўналтирилди. Даромади юқори бўлмаган 64 мингдан ортиқ фуқарога 3,5 триллион сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди.
Сўнгги йилларда аҳоли сони йилига қарийб 800 мингга, янги оилалар сони эса 300 мингтага ортаётгани уй-жойга талабни қондириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда. Шунингдек, мамлакатдаги кўп квартирали уй-жой фондининг қарийб 40 фоизини ташкил этаётган 2-3 қаватли уйлар ўрнига юқорига (вертикал) ўстириш тамойили асосида ижтимоий соҳа объектлари ва яшил майдонга эга замонавий уй-жойлар қуриш учун етарлича имкониятлар мавжуд.
Энди сизни ҳеч ким алдай олмайди
Уй-жой қурилиши бозорига хусусий секторнинг кенг жалб этилиши соҳада ҳақиқий рақобатнинг шаклланишига туртки берди. Ҳозир нафақат ижтимоий тармоқларда, балки кўча-кўйда, ОАВларда “Арзон ва қулай шартларда хонадон соҳибига айланинг” мазмунидаги рекламаларга кўзингиз тушади. Бундан ипотека бозорида талабдан кўра таклиф кўпайганини англаш мумкин. Чунки қурувчи хонадонини сотиш учун реклама беришга мажбур бўляпти. Бозор иқтисодиёти қонунларига кўра, бу ҳолатда рақобат механизми ишлаяпти. Рақобат бор жойда эса сифат ҳам яхшиланади, таклиф ҳам кўпаяди. Қолаверса, уй қуриб сотиш тадбиркорларга катта фойда келтирмоқда. Истиқболли соҳаларга инвестиция оқими эса ҳеч бир имтиёз ва енгилликларсиз ҳам кенгайиб боради.
Президентимиз раислигида ўтган йили 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойлар қурилишида алдов ва тушунмовчиликларга барҳам бериш учун уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли “эскроу” тизими жорий қилиниши маълум қилинди.
Бунда девелоперлар ўзи қураётган уйлар савдосини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади. Хонадон олмоқчи бўлганлар пулини қурувчига эмас, тўғридан тўғри банкка топширади. Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Яъни банклар қурувчи ва харидор ўртасида “кўприк” вазифасини ўтаб, уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриб, эгасига топширишга кафил бўлади.
Хўш, “эскроу” нима ўзи? Бу тизим уй-жой қурувчилар билан қурилиши тугалланмаган уйларни сотиб олувчилар ўртасида ҳозир учраётган қандай муаммо ва низоларга ечим бўла олади?
Президентимизнинг жорий йил 27 январдаги “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шу йил 1 июлдан уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими жорий қилиниши белгилаб қўйилди.
“Эскроу” инглизчадан олинган бўлиб, “пул ёки мол-мулкни сақлаш” деган маънони англатади. Бунинг моҳияти иш ёки хизматнинг буюртмачиси ёхуд товар олувчиси томонидан тўланган пул, иккинчи томондан ўз мажбурияти зарур даражада бажарилмагунга қадар тўланган маблағ музлатилган ҳолда учинчи шахс томонидан сақланишини назарда тутувчи ҳуқуқий механизм.
Бунда ишни бажарувчи ёки хизмат кўрсатувчи товарни топширгач ёхуд ишни бажаргач, хизмат ёки маҳсулот ҳақини ололмаслик хавфи камаяди. Ўз навбатида, иккинчи томонда ҳам пулни тўлаганидан сўнг иш, хизмат ёки мулкдан қуруқ қолиш хавфи йўқолади.
Янги тартиб кучга кирмоқда
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори асосида мамлакатимизда қурилиш соҳасини уй-жойларни лойиҳалаштиришдан тортиб, фойдаланишга топширишгача бўлган босқичларда комплекс тартибга солиш, уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш мақсадида тизимда қатор янги тартиблар жорий қилинмоқда.
Жумладан, “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили доирасида объектларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнида улушдорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Объектларни қуришда қурилиш-пудрат ташкилотлари, девелоперлар ва буюртмачилар томонидан улушдорларнинг пулини қурилишга улуш киритиш асосида жалб қилиш фақат нотариал тасдиқланган ва кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилган объект қурилишида улуш киритиш асосида иштирок этиш шартномаси бўйича амалга оширилади.
Улушли шартнома бўйича маблағлар улушдор томонидан ваколатли тижорат банкида қурувчи, улушдор ва тегишли тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома асосида очилган “эскроу” ҳисобварағига уларнинг ҳисобини юритиш учун жойлаштирилади ва депонентланади. Объектни қуриш ишларини молиялаштириш қурувчининг ўз маблағлари, тижорат банклари томонидан лойиҳавий молиялаштириш орқали ажратиладиган кредит маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабрга қадар “эскроу” ҳисобварақлари ҳамда ҳозир амалда бўлган улушли иштирок этиш тартибида тўғридан тўғри жалб қилиш механизми тарафларнинг танловига кўра параллел амал қилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб фақат “эскроу” ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
Ҳозир қурби етган ҳам, етмаган ҳам, қурилишни тушунган ҳам, тушунмаган ҳам кўп қаватли турар жой қуришга киришиб кетди. Ҳали пойдевори қўйилмаган уйлар учун одамлар топган-тутганини топширди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бундай вазиятларда фирибгарликлар ҳам рўй берди. Кўплаб фуқаро фирибгарларнинг ширин алдовига учиб, пулига куйиб қолгани ҳам бор гап.
Шу йил 1 июлдан кучга кирган янги тартиб эса уй-жой қурилиши бозоридаги бундай алдов ва ёлғонларга барҳам беради. Қурувчи ҳам, олувчи ҳам тўлиқ ўз мажбуриятини бажариши кафолатланмоқда.
Юнус БЎРОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









