Учрашувда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев таъкидлаганидек, сўнгги пайтларда томонлар самарали ҳамкорлик қилиш учун турли лойиҳаларни фаол муҳокама қилмоқда.
Хусусан, музокаралар чоғида 110 кВ кучланишгача бўлган электр узатиш тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ҳамда янгидан қуриш учун чизиқли СИП арматураларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш мақсадида «ТEСК» МЧЖ билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистон томонидан ҳамкор сифатида белгиланган «Ўзэлтехсаноат» АЖ билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш масаласини ўрганиш таклифи киритилди.
Қўшма ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси сифатида мамлакатда «Татнефт» ОАЖнинг ёқилғи қуйиш шахобчалари тармоғини яратиш лойиҳасини келтириш мумкин. «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 7 та ёқилғи қуйиш шохобчаларидан иборат қўшимча рўйхат таклиф этилиб, ушбу лойиҳаларни баҳолаш бошланди.
«Татнефт» ОАЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ишчи гуруҳи ҳам уларни амалга оширишнинг мақбул техник-иқтисодий шартларини аниқлаш мақсадида паст тоннажли кимё бўйича қўшма лойиҳаларни таҳлил қилди. Улар қаторига «Бутен-1», «Гексен-1», полиоксиметилен ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш таклиф этиляпти.
Таъкидлаш жоизки, томонлар электромобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини кейинчалик маҳаллийлаштириш орқали ривожлантириш устида ишламоқда. Учрашув давомида «КМПО», «КEР Ҳолдинг», «Энергоразвитие», «АзАтом» каби компаниялар билан ижобий ҳамкорлик муносабатлари таъкидлаб ўтилди.
Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – нефть-газ соҳасини рақамлаштиришдир. Ушбу йўналишда жорий йилнинг март ойида Энергетика вазирлиги ва «ЭР-Телеком Холдинг» компанияси ўртасида Битим имзоланган эди. Ҳамкорликни мазмунли муҳокама қилиш мақсадида компания ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.