Учрашувда Ўзбекистонда халқаро молия институтларининг кўмагида энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлик, энергетика соҳасини ривожлантириш режалари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергия ресурслари интеграцияси ва бозорини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, жорий йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини, шу жумладан 2 100 МВт — йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1 200 МВт — ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 МВт — тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станцияларини ишга тушириш режаларига алоҳида урғу берилди.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тизимларини ривожлантириш дастурлари, яқин йилларга мўлжалланган истиқболда юқори кучланишли трансформаторлар ва узунлиги 5 минг километр бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича истиқболли лойиҳалар тақдимот қилинди.
Учрашувда Анна Берде хоним юртимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган, «яшил» энергетика, айниқса қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни юқори баҳолади ва соҳани ривожлантиришнинг барча йўналишларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар энергетика соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.