Энг завқли даргоҳ

    Кейинги авлод 7 июл 2023 1808

    болаларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишида муҳим ўрин тутади

    Ёз – мактаб ўқувчилари учун энг завқли ва мароқли фасл. Албатта, ҳар бир ота-она ёзги таътилда фарзандини яхши шароитга эга дам олиш масканларига жойлаштириш ҳаракатида бўлади. Боиси, таътилда мириқиб дам олган бола янги ўқув йилини юқори кайфиятда, ўзгача иштиёқ билан бошлайди.

    Айни пайтда юртимиздаги барча болалар оромгоҳлари гавжум. Навоий вилоятида ҳам бугунги кунда худди шундай 18 та маскан фаолият юритиб, уларнинг 11 таси стационар, 5 таси кундузги, 2 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир. Ушбу масканларда ёз бўйи жами 15440 нафар боланинг мароқли дам олиши режалаштирилган.

    “Навоийазот” акциядорлик жамиятига қарашли “Офтобжон” болалар ёзги дам олиш оромгоҳи 17 гектар майдонга эга бўлиб, ўзининг хушманзара табиати билан ажралиб туради. Оромгоҳда болаларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун пухта тайёргарлик кўрилган. Маскан бир оралиқда 320, мавсум давомида 1300 га яқин болани қабул қилиш имкониятига эга. Муҳими, манзилда дам олувчиларни соғломлаштириш учун барча чора-тадбирлар кўрилган.

    — Оромгоҳимизда “Навоийазот” акциядорлик жамияти ишчи-ходимларининг фарзандлари йўлланма асосида ҳордиқ олади. Бу ерда 41 педагог фаолият олиб боряпти. Улар тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбари ва спорт йўриқчиларидан иборат. Дам олувчилар қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, 14 йўналишдаги тўгаракларга жалб этилмоқда. Шунингдек, бу йилги мавсумдан оромгоҳимизда компьютер хонаси ҳам ташкил этилди. Бу эса ахборот технологиялари ва дастурлашга қизиқадиган ёшлар учун қўшимча имконият яратди, — дейди оромгоҳ директори Дилбар Умарова.

    Оромгоҳда болаларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун махсус дастур ишлаб чиқилган. Замонавий, шинам ётоқхона, болалар бассейни ва мавжуд тўгараклар болаларга ҳақиқий завқ бағишлайди. Шунингдек, махсус таомномалар асосида тайёрланган беш маҳал мазали овқат, болалар ақлий салоҳиятини янада ривожлантиришга йўналтирилган тренинг машғулотлар ҳамда инглиз тили ўқув курси, миллий ва замонавий рақс, моҳир қўллар тўгараклари ҳам оромгоҳнинг кичик меҳмонларига манзур бўлаяпти.

    Айниқса, моҳир қўллар тўгараги қизларга ҳунарли бўлишларига яқиндан ёрдм бериб, уларнинг бўш вақти янада самарали ва мазмунли ўтишига хизмат қилмоқда. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшга қиёсланади. Албатта, ёшларимиз ҳам вақтдан унумли фойдаланиб, ҳунар эгаллашга ҳаракат қилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Аҳамиятлиси, ҳар бир тўгарак ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга, тафаккурини юксалтиришга қаратилган.

    Махсус дастурдан ўрин олган рассомлик тўгараги ҳам ёшларнинг тасвирий санъатга қизиқиши ва маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда. Энг асосийси, машғулотлар орқали кимдир ҳунар, яна бири чет тилларини ўрганаяпти ва яна қайсидир болажон спорт тўгарагида машғулотлар билан банд.

    — Вилоятимиздаги оромгоҳларда фаолият юритаётган ҳар бир ходим мавсум аввалида махсус курсларда иштирок этди ва жараёнда уларга фаолияти юзасидан зарур маълумот ва тавсиялар берилди. Ҳозирда дастлабки оралиқлар якунланди ва мавсумга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилгани ўз самарадорлигини кўрсатди, — дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Абдураҳмонов.

    Шунингдек, оромгоҳларда болалар хафсизлигини таъминлаш ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам барча чора-тадбирлар кўрилган. Жумладан, фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бошқармаларининг соҳавий хизмат ходимлари бириктирилиб, улар туну кун навбатчилик қилишмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларга бириктирилган ходимлар томонидан кўргазмали тарғибот материаллари ҳамда махсус техникалар ёрдамида болалар билан турли учрашувлар, тушунтириш ишлари, викториналар, кўрик-танловлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

    Келажагимиз эгалари доимо эътиборда. Уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиши жамиятнинг эртанги тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда олиб борилаётган зарур чора-тадбирлар болалар ёзги оромгоҳларида яратилган шароитлар мисолида яна бир бор амалда ўз ифодасини топмоқда.

    Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири