Меҳр улашаётган “Меҳржон”

    Таълим 1 август 2023 1112

    Ёз — болаларнинг энг севимли фасли. Боиси, боғларда мевалар ғарқ пишади. Тилни ёрар шафтолию ўрик, олма танга қувват бағишлайди. Қолаверса, уч ойлик таътил мароқли ҳордиқ чиқаришда ажойиб имконият.

    Юртимизда жажжи авлоднинг соғлом ва маънан етук камол топиши учун кўплаб хайрли ишлар йўлга қўйилган. Ҳар бир боланинг вақти унумли ўтишини таъминлашга қаратилган махсус режалар тасдиқланган. Хусусан, ёзда ҳам фарзандларимиз таълим-тарбиядан узилмайди, оромгоҳларга йўл олади. Дўстлар орттиради, билим ва кўникмасини оширади.

    Чуст тумани Ғова қишлоғидаги “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи айни дамда ўқувчилар билан гавжум. Салкам 11 миллиард сўм сарфланиб, собиқ меҳрибонлик уйи ўрнида қадр ростлаган мазкур замонавий оромгоҳ пурвиқор тоғларнинг хушҳаво ҳудудида жойлашган.

    Ҳозир учинчи босқичда 120 нафар ўғил-қизнинг дам олиши мазмунли кечиши учун оромгоҳда барча зарур қулайликлар яратилган. “Моҳир қўллар”, “Ёш рассомлар”, инглиз тили ва спорт тўгараклари улар ихтиёрида. Бир-биридан қизиқарли тадбирлар, мусобақалар уюштирилмоқда. Алоҳида қизиқиш уйғотган “Талантлар танлови”да “Энг яхши рассом”, “Энг яхши спортчи”, “Энг яхши қўшиқчи”, “Энг фаол китобхон” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Волейбол, футбол, стол тенниси, шахмат-шашка бўйича беллашувлар болаларни чиниқтириб, саломатлигини янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

    Бош тарбиячи Муродхон Исоқовнинг айтишича, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти кенгаши турли лойиҳалар ўтказиш, фаолларни рағбатлантириш, дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат ва таомлар сифатини назорат қилишга яқиндан кўмаклашмоқда. Оромгоҳда ҳар куни аниқ режа асосида муайян мавзу юзасидан тадбир ташкил этилади. “Ўзбекистон – муқаддас диёр”, “Билимли ёшлар – юрт таянчи”, “Китоб – маърифат чироғи” каби маънавий-маърифий учрашув ва суҳбатлар, баҳс-мунозаралар турли ёшдаги болаларнинг тафаккурини бойитишга хизмат қиляпти.

    — Ғованинг осмонўпар тоғлари, шарқираб оқаётган зилол сувлари, майсаларга учиб қўнаётган капалакларни кўрган киши беихтиёр қўлига қалам олиб, расм чизгиси келади, — дейди “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Отабек Қобилов. — Мафтункор Ғова она табиат мўъжизасидир, унинг бетакрор гўзаллиги ҳар қандай кишини ўзига ром айлайди.

    Тўгарак раҳбари Нурилло Ориповнинг ёшлар орасида мусиқа санъати ва маданиятини ривожлантириш, улар онгига миллий қўшиқларни сингдиришдаги саъй-ҳаракатлари эътиборимизни тортди. Сўз ва куй уйғунлигида яралган ўлмас тароналарни тинглаш ва жонли ижро этишнинг руҳиятга ижобий таъсирини, аҳамиятини таъкидлашдан ҳеч чарчамайди.

    — Бу йилги мавсумнинг тўрт босқичида 500 нафардан зиёд болани ҳар жиҳатдан соғломлаштириш кўзда тутилган. Бугунга қадар 360 нафар болажон уйига хурсанд ҳолда қайтди. 5 та муҳим ташаббуси доирасида тўгаракларимиз мунтазам ишлаб турибди, тадбирлар, кўплаб танловлар ташкиллаштирилмоқда. — дейди оромгоҳ директори Жамшидбек Иброҳимов. — 11 нафар тажрибали тарбиячи, мураббий ва етакчи машғулотларни сифатли ва эсда қоларли тарзда ўтказяпти.

    Оромгоҳда спорт майдончалари ва чўмилиш ҳавзаси бор. Концертлар, мусобақалар, саёҳатлар ва бошқа жараёнлар оромгоҳ шифокори ва ҳамширалари, бириктирилган масъулларнинг қатъий назоратида. Ўқувчиларнинг самимий фикрларини эшитдик, таассуротлари бир олам.

    Ғова қишлоғидаги 12-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Одинахон Маҳмудова файзли гўша ва атрофидаги манзараларни ижод намуналари орқали тасвирлашга интилади. У шароитлардан, устозларидан беҳад миннатдор. Мазали ва шифобахш таомлар, янги дугоналар дийдоридан мамнунлигини унинг кайфияти юқорилигидан билиш мумкин.

    Шодон ўғил-қизларнинг кулгуси янграётган сўлим айвончада озгина ўтирсангиз, баҳри дилингиз очилади, енгил шабададан танангиз яйрайди. Болаларга беминнат меҳр улашаётган гўзал ва сўлим “Меҳржон”дан қайтар эканмиз, юрт келажаги – болажонлар ҳамиша давлатимиз эътиборида эканига гувоҳ бўлдик.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири