Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг 15 декабрь ҳолатига кўра, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 71-сон қарорига асосан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадаларида ер участкаларини электрон аукцион савдоларига чиқариш бўйича жами 663 та (155,85 гектар) бўш ер майдонлари аукцион орқали реализация қилиш мақсадида ваколатли ташкилотлар муҳокамасига киритилган.
Мазкур ер участкаларининг 425 таси (95,18 гектар, бошланғич нархи 508,64 миллиард сўм) электрон аукцион савдо майдончасига чиқарилган.
Аукцион орқали умумий майдони 59,04 гектар бўлган 265 та ер участкаси 357,70 миллиард сўмга сотилган.
Ҳозирда савдода умумий майдони 33,69 гектар бўлган 137 та ер участкаси мавжуд бўлиб, уларнинг бошланғич нархи 200,37 миллиард сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, умумий майдони 12,73 гектар бўлган 141 та ер участкаси ваколатли ташкилотлар муҳокамасида рад этилган бўлса, умумий майдони 47,93 гектарга тенг 97 та ер участкаси муҳокама жараёнида турибди.
Шу ўринда қандай ҳолатда ерларни аукцион савдоларига чиқариш бўйича киритилган таклифлар рад этилиши мумкинми, деган саволга жавоб бериб ўтсак. Агар ҳудудда ер ости муҳандислик тармоқлари (газ, электр тармоқлари, канализация ва ичимлик суви қувурлари) мавжуд бўлса, ушбу кўрсатилган ҳудудни ажратишнинг имкони бўлмайди.
Шу билан бирга, ажратилиши режалаштирилган ер майдони қурилиш чизиғидан ташқарига чиқиб кетган, қисман кўчанинг қизил чизиғи ва муҳандислик тармоғи ҳимоя ҳудудида жойлашган бўлса, бундай ҳолатда ҳам билдирилган таклиф рад этилади.
Бундан ташқари, фуқаро ва тадбиркорлар ҳам бўш турган ер участкасини танлаб, уни аукционга қўйиш масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритиши мумкин.
Жасур КАРИМОВ,
Давлат кадастрлари палатаси
Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи