Ерни магнит бўрони қоплади

    Ер атмосферасида магнит бўрони содир бўлди. Геомагнит ўзгаришлар якшанба оқшомида бошланган ва ҳозиргача давом этмоқда.

    Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институти Қуёш рентген астрономияси лабораторияси сайтида маълум қилинди.

    Қайд этилганидек, 24 сентябрь куни Москва вақти билан кечки соат тўққиздан ҳозирги кунгача Ер атмосферасида кучсиз магнит бўрони – G1 даражасида (беш балли шкала бўйича) давом этмоқда.

    Магнит бўронлари энергия тизимларида носозликларга олиб келиши, шунингдек, қушлар ва ҳайвонларнинг миграция йўлларига таъсир қилиши мумкин. Об-ҳавога таъсирчан одамлар уларнинг таъсирини кўпроқ ҳис қилади. Магнит бўронлар, айниқса, қоннинг ёпишқоқлигига таъсир қилади, тромблар пайдо бўлиш эҳтимолини оширади, организмда газ алмашинувини камайтиради ва қон босимини оширади. Бундай бўронлар пайтида инсульт, юрак хуружи, гипертоник инқирозлар сони ортади, мигрень кучаяди, деб хабар беради mir24.tv.