Эрон Fakhr-1 ҳарбий сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди

    6 декабр куни эрталаб Эроннинг икки босқичли Simorgh ракета-ташувчиси мамлакат Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун қурилган Fakhr-1 сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди.

    Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

    Сунъий йўлдош Имом Хомайний космодромидан муваффақиятли учирилди. Fakhr-1 орбитага Saman-1 тезлатувчи блок билан бирга чиқарилди, унинг вазифаси сунъий йўлдошларни юқори орбитага ўтказишдан иборат.

    Қайд этилишича, ҳарбий сунъий йўлдошнинг аксарият компонентлари Эрон компаниялари томонидан лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган.

    Шунингдек, унинг учирилиши Эрон коинот саноати учун фойдали юк бўйича янги рекорд ўрнатди, бу сафар у 300 килограммга етди.

    Эрон коинот дастурини 2004 йилда бошлаган. У 1959 йилда тузилган БМТнинг Коинотдан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитасининг 24 та асосчи давлатларидан биридир, деб хабар беради report.az.