Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эронлик тадбиркорлар билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, тиббиёт, қурилиш ва бошқа соҳаларда фаолият олиб бораётган 14 та эрон компаниялари вакиллари қатнашди.
Эронлик тадбиркорлар дастлаб “INNO” технопаркига ташриф буюриб, технопарк фаолияти билан танишди. Технопаркда амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, стартап лойиҳалари эронлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув давомида икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга қаратилган таклифлар, сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш соҳасида алоқаларни ривожлантириш, юртимизда Эрон Инновациялар уйи (маркази)ни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш, давлатлар ўртасида транспорт логистика тармоғини ривожлантириш ва божхона тўловлари, виза олишдаги қулайликлар билан боғлиқ бўлган масалаларни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбиркорларга Ўзбекистон — Эрон қўшма стартап танловида иштирок этиш ҳамда “INNO” ва Яшнабод технопарклари билан резидентлик бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.