Ерости иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлиги қай даражада?

    Фан 18 июл 2020 3431

    Ерости иншоотлари ва муҳандислик тармоқларининг сейсмик мустаҳкамлиги муҳим масалалардан ҳисобланади. Мамлакатимизнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудда жойлашган.

    Бу ҳудудларда Рихтер шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори кучдаги зилзилалар кузатилишини инобатга олсак, бу йўналишдаги илмий изланишлар ўта долзарб экани аён бўлади.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Диёрбек Бекмирзаев билан суҳбатимиз соҳадаги изланишлар хусусида бўлди.

    БМТ маълумотларига кўра, дунёда қурилишга сарфланаётган харажатларнинг 25 фоиздан ортиғи ерости иншоотлари ҳиссасига тўғри келади. Кўпгина ривожланган мамлакатларда ерости қувурларининг сейсмик мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистонда, хусусан, сиз фаолият юритаётган институтда ерости иншоотларининг зилзилалар таъсирида зарарланиши ва бузилишининг асосий омилларини аниқлаш, хавфнинг олдини олишга қаратилган қандай илмий изланишлар олиб борилмоқда?

    — Дунёнинг ривожланган кўплаб давлатларида энергия манбаларини етказиб бериш иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири саналади. Ерости қувурлари шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида ҳаётни таъминловчи тизимларнинг (сув, газ ва иссиқлик таъминоти, канализация) асосий бўғинларига хизмат қилади ҳамда қазиб олинган нефть, газ ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади. АҚШ, Япония, Туркия, Италия, Россия, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа мамлакатлар мисолида буни яққол кузатиш мумкин.

    Сўнгги йилларда юртимизнинг сейсмик ҳудудларида газ, нефть, нефть-кимё ва бошқа саноат корхоналари ривожланмоқда. Бундай ҳудудларда ерости иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, ерости қувурларининг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини таҳлилий усуллар ёрдамида аниқлаш, экспериментал тадқиқот усуллари ёрдамида грунт билан қувурнинг ўзаро таъсир кўрсаткичлари ҳамда бўйлама тебранишдаги ерости қувурлари ҳолатига қаратилган қатор илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Бу эса зилзила оқибатларини олдиндан бартараф этишда жуда муҳим.

    Институтда фундаментал амалий лойиҳалар орқали ерости иншоотларини сейсмик ҳимоялашнинг математик моделлари, сонли алгоритмлари ва ҳисоблаш дастурлари ишлаб чиқилган. Айниқса, ноёб объектлар, шу жумладан, атом электр станцияларининг ҳам асосий қисми ер остида жойлашади. Бу иншоотлар хавфсиз ишлаши учун сейсмик ҳимоялашнинг мақбул, самарадор усулларини ишлаб чиқиш талаб этилади. Айни пайтдаги илмий изланишларимиз мана шу мавзуга қаратилган.

    — Ҳозир қурилаётган биноларнинг сейсмик мустаҳкамлиги қайси мезонлар асосида белгиланмоқда?

    — Айни пайтда қурилаётган бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги Зилзилавий ҳудудларда қурилиш меъёрий қоидалари асосида белгиланади. Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида миллий қурилиш норма ва қоидалари қайта кўриб чиқилмоқда. Фармонда жараёнда шу соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари иштироки алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шунга асосан, институтда кўп йиллар давомида олиб борилган илмий тадқиқотларимизнинг натижалари Зилзилавий ҳудудларда қурилиш меъёрий қоидаларига киритиш учун Қурилиш вазирлигига топширилди.

    — Соҳани рақамлаштириш борасида институтда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

    — Ахборот-коммуникация технологияларини тармоқларга кенг жалб этиш бугуннинг энг долзарб вазифаси. Шу боис, ерости иншоотларининг сейсмик кучлар таъсирида фазовий тебранишларини сонли ҳисоблаш методикаси яратилди. Ушбу методика асосида сейсмик ҳудудларда ерости иншоотлари ва муҳандислик тармоқларини Зилзилавий ҳудудларда қурилиш меъёрий қоидалари асосида ҳисоблаш учун дастур ишлаб чиқилди. Ушбу миллий дастур Қурилиш вазирлиги тармоғидаги лойиҳалаш ташкилотларига фойдаланиш учун топширилди. Дастур ерости иншоотлари ва муҳандислик тармоқларининг сейсмик мустаҳкамлигини қисқа вақтда компьютерда аниқлаб бера олади.

    Бундан ташқари, институтимиз илмий ходимлари томонидан баланд қаватли бинолар, грунтли тўғонларнинг ҳам сейсмик мустаҳкамлиги масалалари тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Ушбу масалаларни қисқа вақтда ҳисоблаш, аниқ тавсиялар бериш учун миллий дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

    — Ёшларнинг илм-фанга қизиқишини рағбатлантириш, лойиҳа ва технологияларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш, жаҳон илм-фанининг ривожланиш тенденцияларига мувофиқ илмий изланишлар олиб боришлари учун шарт-шароит яратиш бўйича институтда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    — Институт илмий тадқиқотларининг асосий йўналишлари деформацияланувчан қаттиқ жисмлар механикаси, грунтлар механикаси, суюқлик ва газ механикаси, экспериментал механика усуллари, механизмлар ва машиналар назарияси, конструкциялар динамикаси ва мустаҳкамлиги, иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги муаммолари ва уларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминловчи тавсиялар тайёрлаш, сейсмик ҳимоялаш усулларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу йўналишларда 11 нафар таянч докторант ва 3 нафар стажёр-тадқиқотчи таҳсил олмоқда.

    Ёш олимлар институт илмий ходимларининг 45 фоизини ташкил этишининг ўзиёқ ёшларни илм-фанга жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ёрқин самарасидир. Уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

    — Халқаро ҳамкорлик доирасида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берсангиз?

    — Институтимиз Беркли шаҳридаги Калифорния университети (АҚШ), Шарқий Англия илмий мактаби (Нориж ш.), Москва давлат университети (Россия), Москва давлат дизайн ва технологиялар университети (Россия), Киев давлат университети (Украина), Беларус давлат технологиялар университети, Беларус Миллий фанлар академияси Физика-техника ва Бирлашган машинасозлик институтлари, Камчатка давлат университети (Россия), Университет-саноат ҳамкорлиги маркази (Хитой) билан самарали ҳамкорлик ўрнатган.

    Ўтган йиллар мобайнида институтимизнинг ўндан ортиқ илмий ходими Туркия, Хитой, Япония, Беларусда малака ошириш курслари ва стажировкада бўлиб қайтди. Самарали илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 2018-2019 йиллар давомида институтда Ўзбекистон—Россия халқаро лойиҳаси бажарилди.

    АҚШ, Хитой ва Япония мутахассислари билан ҳамкорликда «Жамоат бинолари учун сейсмик хавфни баҳолаш» инвестиция лойиҳаси бажарилмоқда. Бу лойиҳа бўйича Ўзбекистонда Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти асосий ижрочи ва координатор ҳисобланиб, институтга 320 миллион сўмлик инвестиция жалб этилди.

    Лаборатория ускуналарини янгилаш мақсадида АҚШнинг МТС фирмаси билан шартнома тузилди.

    — Сиз бино ва иншоотларнинг сейсмодинамика назариясининг ҳисоблаш усулларини ривожлантириш мавзусида илмий фаолият олиб боряпсиз. Бу борадаги янгиликлар нималардан иборат? Умуман, илм-фаннинг ҳаётингизга тутган ўрни хусусидаги мулоҳазалар билан ўртоқлашсангиз.

    — Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Турсунбой Рашидов томонидан бино ва иншоотларнинг сейсмодинамика назарияси Ўзбекистонда яратилган ва халқаро миқёсда тан олинган йўналишлардан бири ҳисобланади. Тошкент метрополитенининг сейсмик мустаҳкамлиги сейсмодинамика назарияси асосида ҳисобланган ва асосланган илмий ечимлар билан лойиҳаланган. Сейсмодинамика илмий мактаби юртимизда энг ривожланган йирик мактаблардан ҳисобланади. Шунинг учун ушбу йўналишда илмий фаолият юритиш ва сезиларли натижаларга эришишни мақсад қилганман.

    Турли шаклдаги мураккаб тармоқли ерости иншоотлари ва муҳандислик тармоқларининг сейсмик мустаҳкамлиги масалаларини сонли ҳисоблаш усуллари ёрдамида аниқлаш бўйича олиб борган илмий изланишларим 2018 йилда чоп этилган «Ерости қувурлари сейсмодинамикасини ҳисоблашнинг сонли усуллари» қўлланмасида ўз аксини топди.

    Ҳозирги кунгача иккита монографиям чоп этилди. Ўнта дастурий маҳсулот учун Интеллектуал мулк агентлигидан гувоҳнома олдим. Юқори импакт факторга эга хорижий журналларда ўндан ортиқ мақолам чоп этилди.

    Шу кунгача ривожланган давлатларнинг замонавий илм-фан ютуқлари, соҳани ривожлантиришга сарфланаётган маблағ ҳам зилзиланинг қаерда, қачон ва қанча куч билан бўлишини аниқлашга ожиз. Шундай экан, бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги соҳасидаги муаммолар доим долзарб бўлиб қолаверади.

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates