Эскирган ва аҳамиятини йўқотган нормалар бугунги кун талабларига уйғунлаштирилади

    Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “2023-2028 йилларда Ўзбекистонда қурилиш бозорини ривожлантириш” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида айтиб ўтилди.

    Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги ўтказилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қурилиш ва коммунал соҳасига дахлдор вакиллари иштирок этишди.

    Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг стратегияси тасдиқланган бўлиб унда шаҳарсозлик соҳасидаги эскириб қолган норматив ҳужжатларни замонавий жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш қатъий белгилаб олинган. Жумладан, “Uzbekistan building code” модернизацияси орқали бир неча аниқ мақсадлар кўзда тутилмоқда. Яъни:

    -эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бугунги кун ислоҳотлари билан уйғунлаштириш;

    -уларни тизимлаштириш орқали қурилиш соҳасида бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш;

    -нормаларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш орқали такомиллаштириш;

    -нормаларни қурилишга оид халқаро норматив-техник ҳужжатларга мувофиқлаштириш шулар жумласидандир.

    Мазкур модернизация жараёнлари учун Корея қурилиш технологиялари институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун 2022 йилда вазирлик ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бугунги кунда институтда 80 дан ортиқ қурилиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича илмий ходимлар ҳамда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

    Бугунги тезкор замон, жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамлаштириш илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоғида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланяпти. Рақамлаштириш ҳар бир соҳада инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини “ақлли” шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатлариг очиқлигини оширади. Ягона электрон платформа орқали хизматлар кўрсатиш имкониятини беради. Ҳар бир жабҳада рақамлаштириш жараёнларини ташкил этиш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолишда асқотади.

    Бугунги кунда Ўзбекистон қурилиш соҳасини рақамлаштириш бўйича дунёнинг илдамлаб бораётган мамлакатлари қаторида, десак муболаға бўлмайди. Вазирлик томонидан аҳолига, тадбиркорлик субектларига буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига, умуман, қурилиш жараёнларининг барча иштирокчиларига максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунда барча хизмат ва технологик жараёнларни инсон омилининг аралашувисиз мувофиқлаштириб бориш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилгани муҳим омил бўлмоқда. Бу эса мазкур соҳадаги давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ҳужжатларнинг электрон шаклда айланишини таъминлаш, инвестиция дастуридаги қурилиш обектларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини бермоқда. Шунингдек, қурилиш объектларида назорат жараёнлари электронлаштирилиб, барча маълумотлар автоматик тарзда шакллантирилаяпти.

    “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамовнинг айтишича, “Қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ахборот тизими” платформаси орқали бир неча давлат хизматлари онлайн амалга оширилмоқда. Жумладан, қурилиш ҳамда тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома олиш ва ҳоказо.

    Шунингдек, Қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизими бугунги кунда, мазкур тизимга республикада фаолият юритаётган 22 мингдан ортиқ қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари киритилган. Мазкур ташкилотларнинг рейтинги унинг моддий-техник базаси, рақобатбардошлиги, кадрлар сиёсати, молиявий кўрсаткичлари, соҳа мутахассисларининг иш тажрибаси каби бир неча муҳим факторларни инобатга олган, шунингдек масъул давлат органларидан маълумотларни он-лайн тартибда автаматлаштирилган ҳолда шакллантирилиб борилади.

    Қурилиш ишлари тендер платформаси инсон омилисиз амалга оширилади. Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида тендер платформасининг аналоги мавжуд эмас, яъни ушбу тизим фақат Ўзбекистонда ташкил этилган. Бунда талабгорнинг маълумотлари автоматлаштирилган тарзда солиқ, адлия идоралари, Мажбурий ижро бюроси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Марказий банк маълумотлар базасидан олинади.

    Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилишлари, қисқа муддатларда тегишли экспертиза хулосаларини олишлари мумкин. Энг муҳим жиҳати, мурожаатчи онлайн равишда аризанинг ҳар бир босқичини мониторинг қилиши учун имконият яратилган.

    Навбатдаги модул қурилиш соҳасида кўрсатиладиган электрон хизматларни мониторинг қилиш ва ҳар бир объект кесимида босқичма-босқич амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жам қилган “Мақсадли дастурлар мониторинг” электрон тизимидир. Ушбу тизим орқали “Шаффоф қурилиш” тизими қошидаги бошқа тизимлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши ҳисобига амалдаги муаммоларни ечиш салоҳиятига эга бўлди.