“Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз”

    Ушбу шиор остида маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда

    Маҳаллаларда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда жамиятимизнинг фаол хотин-қизлари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланяпти.

    Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенглик борасидаги ислоҳотлардан келиб чиқиб Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятларда ўтказилаётган тадбирлар ҳам ҳар бир ўзбек аёлининг ўз оиласи ва жамиятда ибрат кўрсатиши, фарзанд тарбиясидаги масъулиятига қаратилган. Зеро, бу мақсад ҳар ўн аёлдан бирининг қалбига жо бўлса ҳам қанча-қанча оилалар ҳаётида туб бурилиш ясайди.

    Дарҳақиқат, халқимиз ўзи каби самимий таниқли кишилар табассумидан, бир оғиз ширин сўзидан куч олади. Озгина эътибор кўнгилларни тоғдек кўтаради. Машҳур шоиру ёзувчилар, актёру актрисалар, хушовоз хонандалар ҳам аслида халқ олқиши билан азиз.

    Ўзбекистон Миллий университетида макроиқтисодиёт кафедраси катта ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Азиза Мирзаеванинг тўрт фарзанди бор. Ўғли Алишер ҳам айни университетнинг иқтисодиёт факультетида ўқитувчи. Яна бир ўғли Жасур Чикаго университети (АҚШ) талабаси. Қизи Дурдона эса ўзимиздаги нуфузли олийгоҳ магистранти. Кенжаси Камрон ҳали ўқувчи. У ҳам акалари йўлидан боришни мақсад қилган.

    Ўтган йили турмуш ўртоғидан ажраб қолган Зарофат Рихсибоева ҳам тўрт фарзанднинг онаси. Тўнғич ўғли Тошкент давлат аграр университетидан ташқари Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабини тамомлаган. Айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш марказида ишлайди. Иккинчи ўғил қурилиш моллари корхонаси директори.

    Бу аёллар ўз соҳасида ибратли натижаларга эришгани, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани учун Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

    – Бу тадбир биз, аёлларнинг кайфиятимизни жуда кўтарди. Пойтахтдан келган меҳмонларнинг, айниқса, оилалардаги тинчлик, тотувлик сири, ота-онанинг фарзандларига меҳри, эътибори ҳақидаги тавсиялардан ўзимизга хулосалар олдик. Ҳар бир хонадонда камида 50 тадан китоб бўлиши кераклиги айтилди. Вақтдан унумли фойдаланиб, набираларимизнинг кўпроқ китоб ўқиши, ватанни кўпроқ севишига биз бувижонлар ҳам таъсир ўтказишимиз лозим. Эл эъзозлаган кишилар барибир бошқача бўлишади-да. Бунақанги тадбирларни тез-тез ўтказиш керак. Айниқса, фарзанд тарбиялаётган ёш оналарга жуда катта мактаб бўлади, – дейди жиззахлик Фотима опа Нурматова.

    Тадбирларда қатнашаётган кайвони онахонлар, маҳаллалардаги фаол аёллар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар, ўқувчи ёшларнинг маърифат тарғиботчилари билан суҳбатлар қуриб, оилада фарзанд тарбияси, китобхонлик, айниқса, қиз боланинг жамиятда ўз ўрнини топиши юзасидан фикр алмашаётгани қувонарли.

    – Президентимиз хотин-қизлар байрами муносабати билан йўллаган табригида ҳар битта оилада аёллар, опа-сингилларимиз маърифатли бўлса, келажакда уларнинг фарзандлари ҳам шундай маърифатли бўлишини айтди. Бунинг учун “Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз” шиори остида ҳар битта маҳаллада маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Жомбойга таниқли санъаткорлар, олимлар, профессорларнинг келгани ҳам мана шу вазифалар ижросининг амалдаги ифодаси, давлатимиз раҳбари айтган гапларнинг ҳар бир хонадонга кириб бораётганидир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жомбой тумани бўлими раиси Ҳафиза Ўсарова.

    Нарзулла Жўраев, Гавҳар Зокирова, Жамила Шермуҳаммедова каби фидойи маънавият тарғиботчилари ҳам мана шундай пайтда фуқароларнинг орасида юриш, уларнинг орзулари, қуквончларига шерик бўлиш ўз бурчи эканини қувонч билан таъкидлашди. Улар ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш ўрнига хонадонларда шахсий кутубхона ташкил этиш, оила мустаҳкам ва мукаммаллиги учун интилиш кераклиги ҳақидаги жўяли маслаҳатлари илиқ қабул қилинаётганидан бениҳоя хурсанд. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар хонадонига ташрифлар, уларнинг кўнгилларини кўтаришдек эзгу ишлар эса муқаддас ойга янада шукуҳ бераётгандек.

    Бегмат ОЧИЛОВ,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates