Дарҳақиқат, юртимизда демократик ислоҳотлар ортга қайтмас, барқарор хусусият касб этганлиги, янгиланиш жараёни бундан буён ҳам қатъий ва изчил давом эттирилишини таъминламоқда.
Хусусан, 2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли ва қонунийлигини таъминлашда бош мезон бўлишини, бир неча суд босқичларининг бекор қилиниши одил судлов тизимининг мақбуллаштирилиши ушбу масалаларнинг илмий асосларини тадқиқ этиш олимлар олдида турган долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси қанчалик янги босқичга олиб чиқилса, халқимиз суд тизими фаолиятидан шунчалик рози бўлади. Суд томонидан чиқарилган ҳужжатлар нафақат қонуний, асосли ва адолатли бўлиши, балки унинг ижроси муқаррарлиги ва қатъийлиги билан устуворлик касб этади.
Жорий йил январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолиниб, суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Шу ўринда бу ўзгаришлар нима беради, деган савол туғилади. Ҳудудларда марказлашган ҳолда умумюрисдикция судларини ташкил этиш, судларнинг ихтисослашувини сақлаб қолиш, ҳар бир судга алоҳида судлов ҳайъатлари тузиш имкониятини беради. Судларни бошқариш амалиётида, ишларни кўриш, судлар билан боғланиш учун ахборот-технологияларини қўллашда, видеоконференция ва видеоселекторлар ўтказишга суд биноларини мослаштириш, мавжудларини қайта қуриш, суд биноларида судьяларга ва аҳолига қулай шароитлар яратишга сабаб бўлади. Фуқароларни қабул қилишни тизимли йўналтириш, қуйи судлар ва туманлардан келадиган аҳоли учун юқори турувчи суд-ҳуқуқ тизими раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ташкил этишни янада осонлаштиради. Шунингдек, судларга ва фуқароларга хизмат кўрсатувчи тезкор ахборот хизмати «дарчалари»ни ташкил этиш, онлайн хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш имконини беради.
Яна бир ўзгариш бу ишларни судгача ҳал қилиш амалиёти жорий этилишидир. Шу кунга қадар ушбу масала жаҳон ва миллий миқёсда долзарб аҳамият касб этган. Чунки, судларнинг иш юкламасини камайтириш, келиб чиқаётган низоларни ҳал қилишда аҳолига янада қулайлик яратиш, судларда ишларни ҳар томонлама сифатли ҳал қилиш асосий вазифа этиб белгиланган.
Амалиётда бу борада ҳозирда ҳакамлик судлари, маҳаллада яраштирув тамойилларини қўллаш, ҳокимият ва бошқа ваколатли идораларга талабнома юбориш шакллари, ФҲДЁ, нотариат, солиқ ва бошқа органлар низоларни судга қадар ҳал қилишда етакчи ўрин тутмоқда. Эндиликда низоларни ҳал қилишда яраштирув тартиб-таомилларидан бири сифатида медиация процедурасини жорий этишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш фурсати етди.
Мурожаатномада судларда онлайн иштирок этиш мумкин бўлиши алоҳида таъкидланди. Жаҳон ва миллий амалиётда пандемия шароитида судларга онлайн мурожаат қилиш ва иштирок этиш тартиб-таомилларига янада эҳтиёж ва зарурат ошди.
Ислоҳотларнинг кейинги босқичларида судлар фаолиятида нафақат судга онлайн мурожаат қилиш, балки ишларни онлайн кўришнинг процессуал тартибини йўлга қўйиш зарурати пайдо бўлгани рост. Бу амалиёт, айниқса фуқаролик ва иқтисодий судлар фаолиятида ижобий самара бериши аниқ. Тизимда видеоконференцалоқа тизимидан тўлиқ фойдаланиш ижобий натижа беради. Бу борада заруратга кўра, процессуал чиқимлар тоифаларини белгилаш, айниқса юридик шахслар фаолиятида муайян самара беради, деб ўйлайман.
Бироқ, судларда онлайн иш кўриш тартибига доир Йўриқнома ишлаб чиқилиши керак. Шунингдек, иқтисодий судлари амалиётида мавжуд бўлган далилларни таъминлаш, суд топшириқлари юбориш амалиётини ҳам онлайн шаклга ўтказиш зарурати бор. Ушбу амалиёт ҳам ўз навбатида судлар фаолиятига ҳам, ишда иштирок этувчи тарафларга ҳам вақт, харажатлар сарфини камайтиришда моддий ва процессуал қулайлик яратади.
Хусусан, судлар томонидан юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлардан барчани хабардор қилиш мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Алибек ХАИТБОЕВ,
Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманлараро
иқтисодий суди судьяси









