Фан – таълим – ишлаб чиқаришнинг узвий алоқадорлиги қандай имкониятларни ишга солишга асос бўлади?

    Фан 7 июл 2023 2630

    Бутун инсоният фан–таълим ва ишлаб чиқаришнинг амалий натижаларидан баҳраманд бўлиб келмоқда. Зотан, тараққиёт ушбу тизимларнинг узвий алоқадорлигига боғлиқ.

    Мамлакатимизда ҳам технопарклар, робототехника ва мехатроника, IТ технологиялар, муқобил энергетика ҳамда биотехнология инновацион лойиҳалар, стартаплар жадал ривожланаётир.

    Айни пайтда бу муҳим уч тизимнинг яқин ўтимишдаги ҳолатини кўриб беихтиёр “Оққуш, чўртан балиқ ва қисқичбақа” эртаги ёдга келади. Нима учун дейсизми? Чунки, олдинлари ўта тарқоқ уч тизим, яъни фан–таълим–ишлаб чиқариш худди шу эртакдагидек, уч томонга судраган ҳолда самарасиз фаолият юритарди. Айрим соҳа ва тармоқ кадрлар дипломи токчаларда чанг босиб ётар, тегишли соҳага ўқиган, аммо ишсиз мутахассислар ҳам оз эмасди. Илм-фан ютуқлари эса қоғозда қолиб кетар, ишлаб чиқариш самарадорлиги жуда пасайиб кетганди.

    Бу камлик қилганидек, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби муҳим мутахассислар камайиб, бу каби соҳаларга эътибор етарли даражада эмасди. Ваҳоланки, фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаш ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади...

    Ҳозирда юртимизда фан–таълим–ишлаб чиқаришда узвий халқа тикланиб, кластер шаклида фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, олий таълим ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали ва тажрибали мутахассислари ҳам жалб қилинаётир. Ўз навбатида, олий ўқув юртлари талабалари, профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўташи тизимли йўлга қўйилмоқда.

    Энди олий ўқув юртлари иқтисодиётдаги замонавий корхоналарнинг ривожланиш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрлайди. Талабалар олаётган назарий билимини инновацион ҳамкорлик асосида худди ўша корхоналарда амалий томондан мустаҳкамлайди. Улар шу даврда ўзларини қизиқтирган мавзуда инновацион лойиҳаларни шакллантириш, яратилган ишланмаларни корхоналар амалиётига жорий этиш ва тижоратлаштириш фаолиятини амалда ўрганишади. Масалан, жорий йилнинг ўзида “Ўзбекнефтгаз” жамиятининг 3 та ишлаб чиқариш корхонаси, 6 та таълим ташкилоти ва 4 та илмий-тадқиқот ва малака ошириш муассасасидан иборат нефть ва газ соҳасида таълим — ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди. Олий таълим муассасаларида дарс бериш учун ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали ва тажрибали 20 нафар мутахассиси жалб қилинди, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчи ва илмий ходимларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўташи ташкил этилди. Шу қаторда иқтидорли талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналари стипендиялари жорий этилди. Бу юқорида айтилган уч тизимнинг уйғунликда ишлашига оид айрим натижалар, холос.

    “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарининг 24 ходимига бакалавриат ва 6 нафарига магистратурада ўқиш учун тавсиянома берилган. Аҳамиятлиси, ўқув-контрак тўловлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан амалга оширилган.

    Бунинг мантиқий давоми сифатида корхоналар қошида ўқув марказлари очилиб, уларда ходимлар қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларида ўқиши йўлга қуйилди.

    Таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро шерикчилиги кадрларнинг назарий ва амалий томондан инновацион қобилияти шаклланишига асос бўлмоқда. Масалан, Фанлар академиясининг 65 академиги 33 та академик лицей, 27 та касб-ҳунар коллежи, 29 та олий таълим муассасасига бириктирилди. Энди устозлар иқтидорли ёшларни топиш, уларни тегишли мутахассисликларга жалб эта олиш имконияти яратилди.

    Албатта, илм-фан ҳақида гапирилганда гендер тенглиги индикаторини унутмаслик муҳим. Жамиятда ва илмий фаолиятда хотин-қизлар фаоллигини янада ошириш, уларнинг самарали иштироки юзасидан шарт-шароитлар яратилиши натижасида бугунги кунда илмий даражада тасдиқланганлар таркибида аёлларнинг улуши 40 фоизга яқинни ташкил этади (DSc бўйича 31 фоиз, PhD бўйича 36 фоиз).

    Ёки яна бир мисол. Ўтган йили “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази”да “Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини рақамлаштириш шароитида электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Грузия, Корея, Россия ва Германиянинг соҳа экспертлари, энергетика компаниялари вакиллари ҳамда олимлар, илмий ва амалий ходимлар, докторантлар ва бакалавриат талабалари иштирок этган тадбир якунида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Тошкент давлат техника университети ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми” имзоланди. Шунингдек, “2021–2025 йилларда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Электр таъминоти” соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш” бўйича “Йўл харитаси” тузилди ва унда белгиланган вазифалар тизимли амалга оширилмоқда. Бу каби тадбирлар ишлаб чиқариш корхонаси ва олий таълим ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси десак муболаға бўлмайди.

    Охирги йилларда юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида илм–фан ва инновациялар устувор соҳага айланмоқда. Жумладан, битта илмий лойиҳани молиялаштириш ҳажми 3,5 баробар кўпайиб, мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари йирик илмий-тадқиқот марказларига айланиб бориши эътиборга лойиқдир. Энди олий таълим муассасасининг вазифаси фақат талабаларни ўқитиш эмас, балки изчил илмий фаолият олиб бориши, ёшларни илмий тадқиқотларга жалб қилиши ва йирик лойиҳаларни амалга ошириши ҳам лозим.

    Айтайлик, Тошкент давлат техника университетида фаолият кўрсатаётган 18 та илмий­тадқиқот ва инновация марказида профессор–ўқитувчилар, тадқиқотчилар, ёш олимлар ва иқтидорли талабалар иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларини илмий–техник ривожлантиришга хизмат қиладиган устувор йўналишларда тадқиқотлар олиб бормоқда. Фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш жараёнида ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқаларни кучайтириш мақсадида 7 та илмий-техник кенгаш фаолият юритаяпти. Мазкур университет тармоқ ишлаб чиқариш корхоналари билан 135 дан ортиқ инновацион корпоратив ҳамкорлик шартномаси имзолаган.

    Биргина 2021 йили университетда ишлаб чиқариш корхоналари буюртмаси асосида жами 2956,14 миллион сўмлик илмий­тадқиқот ишлари бажарилган эди. Уларни тижорийлаштириш бўйича Навоий кон­металлургия комбинати билан қиймати 1080 миллион сўмлик 3 та лойиҳа, Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан 280 миллион сўмлик 1 та лойиҳа, “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан 102 миллион сўмлик 2 та лойиҳа, “Қизилқумгеология” корхонаси билан 600 миллион сўмлик 1 та лойиҳа амалга оширилган эди. Бу каби мисоллар кўп бўлмаса-да, жараённинг бошланишига имкон яратилганининг ўзи дадил қадамдир.

    Хулоса қилар эканмиз, фан—таълим—ишлаб чиқаришнинг кластер шаклида ишлаши иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сифат ва сон жиҳатдан кўпайишига, бу эса ўз навбатида, саноатни юқори малакали кадрлар билан таъминлашга, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

    Феруза ЎСАРОВА,

    ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази

    директори в.б., сиёсий фанлар номзоди, доцент