Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, бу борадаги долзарб вазифалар белгиланди. Шундан келиб чиқиб, Наманган давлат техника университетида вазифалар ижроси доирасида муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, университет олимлари шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда Наманган шаҳрининг транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш бош режасини ишлаб чиқмоқда.
Ҳамкорлик доирасида шаҳарда жамоат транспорти самарадорлигини ошириш, янги йўналишлар ишлаб чиқиш, кўчаларда тирбандликни камайтириш, велотранспорт йўлакларини кўпайтириш, тартибсиз автотураргоҳларга барҳам бериш, туманлардан шаҳарга кириб келиш йўлларини кенгайтириш, ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш, йўл ёқасидаги автотураргоҳлар сонини кўпайтириш, кўп қаватли автотураргоҳлар очиш, йўл ўтказгичлар барпо этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Чорсу бозори олдидаги айланма ҳаракатни ташкил этиш, Сардоба бозори ёнида йўл ўтказгич, бош бекат қуриш, Наманган шаҳри кўчаларида бир томонлама ҳаракатни ташкил этиш, янги автобуслар учун йўналишлар тармоғи, махсус йўл қисмлари ушбу лойиҳа маҳсулидир.
Университет олимлари лойиҳа доирасида хорижлик мутахассислар билан яқин алоқа ўрнатган. Германиянинг “PTV Group”, Россиянинг “Simetra” компаниялари шулар жумласидан. Вакилларимиз Санкт-Петербургда “Simetra” компанияси мутасаддилари билан учрашиб, ушбу мегаполисда йўл-транспорт инфратузилмаси ҳолатини ўрганиб қайтди.
Шунингдек, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Транспортни режалаштириш ва транспорт оқимларини моделлаштириш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференцияда олимларимиз тадқиқот ишлари билан қатнашиб, халқаро тажрибалар билан ўртоқлашди.
Университетда “Фарғона водийсида хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш: муаммо ва ечимлар” ва “Транспорт ва йўл муҳандислиги истиқболлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этилди. Тадбирларда Германия, Беларус, Россия, Қирғизистон, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг йўл ҳаракатини ташкил ва ҳаракат хавфсизлиги сохаларида фаолият юритаётган етакчи олий таълим муассасалари ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Олимларимиз автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, корхоналардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси буюртмасига асосан, ер ости сувлари таъсирида таъмирталаб бўлган автомобиль йўлларини инновацион усулда жорий таъмирлаш технологияси ишлаб чиқилган. Ҳозир ушбу илмий тадқиқот натижаси Қамчиқ довонидаги тоннелларнинг бир қисмида қўлланди.
Бугунги кунда Наманган давлат техника университетида транспорт воситалари муҳандислиги, йўл муҳандислиги ва йўл ҳаракатини ташкил этиш каби таълим йўналишларида 1500 дан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Жорий йилда улардан 570 нафари мустақил ҳаётга йўлланма олди.
Назарий таълимни амалиёт билан ривожлантириш, амалдаги муаммо ва долзарб масалалар ечимини топиш мақсадида вилоятимиз ҳамда республикамиздаги ишлаб чикариш корхоналари ва ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
“Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси, Наманган вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Транспорт бошқармаси, Автомобиль ва сув транспортида назорат вилоят ҳудудий бўлими, “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши, “Турон-95” масьулияти чекланган жамияти шулар сирасидандир. Талабаларимиз ишлаб чиқариш амалиётларини ушбу корхона ва ташкилотларда ўтаб келмоқда.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш бакалавриат таълим йўналиши талабалари учун вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва “Турон-95” масьулияти чекланган жамияти биноларида кафедра филиали ташкил этилиб, ўқув хоналари жиҳозланиб, машғулотлар ўтказилмоқда.
Йўл муҳандислиги бакалавриат таълим йўналиши талабалари учун “Наманган йўл хўжалиги ходимлари малакасини ошириш ўқув маркази” ДМ биносида кафедра филиали ташкил этилиб, машғулотлар йўлга қўйилган.
Талабаларимиз Наманган шаҳри автомобиль йўллари ва чорраҳаларида тегишли идоралар ходимлари билан биргаликда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тадбирларида фаол қатнашади.
Йўл муҳандислиги 3-босқич бакалавриат таълим йўналиши талабалари 2024-2025 ўқув йилида “Қамчиқавтойўл”да икки ойлик пулли амалиёт ўтади. Ушбу амалиёт даврида Жиззах шаҳрида қурилаётган кўприк қурилишида бевосита иштирок этди.
Университет профессор-ўқитувчиларининг транспорт йўналишидаги саъй-ҳаракатлари ҳам диққатга сазовор. 2024-2025 ўқув йилида улар томонидан ушбу йўналишдаги долзарб масалалар ечимига бағишланган битта фан доктори ва 4 та фалсафа доктори илмий даражалари ҳимоя қилинди, 7 нафари доцент ва 1 нафари профессор унвонини олди. Сўнгги уч йилда автомобиль йўллари ва ҳаракат хавфсизлиги бўйича 5 та дарслик, 4 та ўқув қўлланма, 6 та монография чоп этилди. Бу борадаги илмий изланишлар изчил давом этмоқда.
Муҳаммаджон ДАДАМИРЗАЕВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор







