Товар олимники бўлиши учун уни патентлаштириш керак. Агар олим ихтиросини патентлаштирмаса, худди шундай илмий ишланмани эртага бошқа биров ёки бирор олий таълим муассасаси патентлаштириб, “Бу меники!” дейиши мумкин.
Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган олимлар қўшимча даромад олиши, соҳани янада ривожлантириш учун ўз илмий ишланмаларини доимий равишда тижоратлаштириб бориши керак. Тўғри, бу олимларга бироз қийинчилик туғдиради, сабаби уларда савдогарлик қобилияти бўлмаслиги мумкин. Олим олимлигини қилади, аммо тижорат қилолмайди, унинг ихтиросини кимдир олиб сотади. Ўз навбатида, тижоратчи ҳам олим бўлолмайди. Иккала хусусиятнинг бир кишида жам бўлиши қийин. Бундай хислатли одамлар камдан кам учрайди.
Хўш, патентлаштириш учун нима қилиш керак?
Ихтиро сифатида берилган объект, агар у янги, ихтиролик даражасига эга ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, талабнома асосида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олинади ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади. Бунинг учун дастлаб янги ишланмалар патентлаштириш идорасига юборилади. Жараён бир неча босқичли, қабул қилинган талабнома топширилган санадан эътиборан 18 ой ўтганидан кейин расмий ахборотномада эълон қилинади. Бунда, албатта, ҳар бир босқич учун белгиланган давлат божлари мавжуд. Одатда биринчи расмий экспертиза ўтказилади, бу талабнома топширилган санадан бошлаб икки ой ўтгандан сўнг агентлик томонидан амалга оширилади.
Ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғи ва бошқалар учун талабномалар тузиш, топшириш, кўриб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент эгаларини муносиб рағбатлантириб бориш бўйича бир қанча қонун ва ҳукумат қарорлари мавжуд.
Патент чиққанидан кейин ихтиро ёки ишланма олимники бўлади. Ундан кейинги босқичларни давом эттириш ёки давом эттирмаслик биргина олимнинг ўзига боғлиқ эмас. Масалан, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида кўплаб олимлар ўз ихтироси (селекция ютуғи, қурилмалар) учун патент олган. Уларнинг айримлари саноат миқёсида ишлаб чиқаришга кенг жалб қилинган. Жумладан, Самарқанд вилоятида 14 минг гектар майдонда институт профессори Ғулом Ғайбуллаевнинг “Жасмина” ва “Фарбома” буғдой навлари экилади. Улар патентлаштирилган бўлиб, бирламчи уруғчилигини фақатгина олимнинг ўзи уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тузилган шартнома асосида бажара олади. Бу унинг мулки ҳисобланади. Бошқа кишида патентлаштирилган буғдой навлари уруғини сотиш ёки кўпайтириш ҳуқуқи йўқ.
Бунинг учун ихтисослашган ҳудудларда уруғлик қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича танлов эълон қилинади. Танловда, асосан, хўжаликнинг тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти, сўнгги уч йил ичида экин майдони касалликларга чалингани, зараркунандалар билан зарарлангани, бегона ўтлар тарқалгани, талабгорнинг маълумоти ва мутахассислиги, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш стажи, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда сўнгги уч йилда етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг ўртача кўрсаткичи инобатга олинади.
Танловда ғолиб чиққан уруғчилик хўжалигига уруғлик учун экиладиган экинларни юқори унумдор, механизмлар ёрдамида ишлов беришга қулай, сув билан яхши таъминланган, шўрланмаган ва текис далаларда жойлаштириш, алмашлаб экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш режа-жадвалини тузиб амалга ошириш, хўжаликда уруғчилик бўйича агроном ёки агроном мутахассиси бўлишини таъминлаш талаблари қўйилади. Фойдаланишга рухсат этилган кимёвий препаратлар билан қайта ишланган уруғлик материалларини экиш, уруғлик учун экилган майдонларни бегона нав ва ўсимликлардан тозалаш, касаллик келтирувчи бегона экинларни уруғлик майдонлар атрофига экмаслик ҳамда бошқа навлар билан чатишишга йўл қўймаслик зарур. Уруғлик пахта экилган майдонларда уруғлик пахта ҳосили тўлиқ йиғиштириб олингандан сўнг ғўза дефолиацияси ўтказилади. Уруғлик пахта майдонларида ғўзанинг ҳар тупида ўрта толали навларда 3-8-ҳосил шохларини 1-2-ўринлардан, ингичка толали навларда 3-13-ҳосил шохларини тўлиқ пишиб очилган кўсакларидан қўл билан териш, машиналар ёрдамида кўсаклар 60-65 фоиз очилганда териш керак. Бундан ташқари, уруғлик учун экилган бошоқли дон экинлари майдонлари уруғлик дон ўриш учун ажратилган комбайнларда ўрилиши, уруғлик донни махсус ажратилган автомашина билан ташиш, йиғиштириб олинган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини авлодлари бўйича ишлаб чиқилган давлат стандартларига мувофиқ уруғлик қабул қилувчи корхоналарга топшириш каби талаблар ҳам мавжуд.
Албатта, бунинг учун муносиб ҳақ тўланади. Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”даги қарорига мувофиқ, оригинал бошоқли дон уруғи учун 200 фоиз, элита учун 100 фоиз ва И-авлод (Р-1) учун 65 фоиз миқдорида устама ҳисобланади.
Бироқ ҳамма ишланма ҳам ишлаб чиқилгандан кейин давомли бўлиб кетмайди. Нима учун? Сабаби, ишланма бугуннинг талабига жавоб бермаслиги ёки унга эҳтиёж йўқлиги, ишлаб чиқарувчилар учун қимматлик қилиши мумкин. Масалан, механизаторлик соҳасида кўпгина техника воситалари патентлаштирилган. Уларни оммавий серияли ишлаб чиқариш учун олимнинг маблағи етмайди. Бунинг учун олим трактор заводи билан ишлаши керак.
Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг тегишли бандига мувофиқ, фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган камида учта ихтиро ёки селекция ютуғи (патент) муаллифига фан доктори (DSc) илмий даражаси ҳамда учтагача ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифига фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси диссертация ҳимоясисиз истисно тариқасида берилиши амалиёти йўлга қўйилган. Бу эса илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган ва ихтирочи изланувчиларнинг илмий даражалар олиши учун бир қулайликдир.
Бугунги кунда институтимиз олимларида ўндан зиёд ихтиро ёки селекция ютуғи учун патент мавжуд. Янги экин турлари ҳамда қишлоқ хўжалигида ресурстежамкор технологиялар учун ихтирога патент олиш учун аризалар топширилган. Патент муаллифлари ўз ихтироларини оммалаштириш ва мунтазам ривожлантириш устида амалий ишлар қиляпти. Институт томонидан олимларнинг патент олгандан кейинги фаолиятига амалий ёрдам берилмоқда. Мақсадимиз — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш.
Шавкат ҲАСАНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 175-сонида (2024 йил 30 август) чоп этилган.