Ғоя ортидаги синоат

    Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим АБДУРАҲМОНОВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга берган интервьюси.

    Аввало, сизни дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бири ЮНЕСКО-Экваториал Гвинея халқаро мукофоти соҳиби бўлганингиз билан самимий табриклаймиз. Рухсатингиз билан, бу мукофотни нафақат сизнинг ютуғингиз, балки Янги Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс воқелигининг ёрқин натижаси сифатида ҳам қабул қиламиз. Суҳбатимиз аввалида бу мукофотга эришиш жараёни ва мукофотнинг таснифи ҳақида гапириб берсангиз.

    – ЮНЕСКОнинг мазкур мукофоти 2012 йилдан буён олимларнинг ҳаёт тўғрисидаги фанлар бўйича эришган ютуқлари, асосан, аҳоли оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун бериб келинмоқда. Жанубий Африка, Мексика, Миср, Перу, Буркина-Фасо, Эрон, Бразилия, Ҳиндистон, Сенегал, Португалия, Исроил, АҚШ, Ирландия, Хитой, Буюк Британия олимлари мазкур мукофот ғолиби бўлган.

    Мукофот ҳар йили 3 кишига берилади, бу йил истисно тариқасида 4 киши ғолиб топилди — мендан ташқари, Миср, Литва ва Хитой олимлари ўртасида тақсимланди. Мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ доллари бўлиб, бу йил ҳар бир совриндорга 87 минг 500 АҚШ доллари миқдорида берилиши эълон қилинди.

    Мукофотнинг салмоғи ҳақида гапирадиган бўлсак, ўтган йиллардаги ғолибларга назар ташлашнинг ўзи кифоя. Масалан, 2022 йилда АҚШ Халқаро нанотехнологиялар институти директори ва Шимоли-ғарбий университет тиббиёт профессори Чад Миркин касалликларни аниқлаш ва янги генетик маркерларни яратиш бўйича соҳада улкан бурилиш ясаган нуклеин кислота ва нанотузилмаларга доир кашфиёти, дори-дармонларининг рақамли дизайни ва рационал вакциналогия соҳасидаги ишланмалари учун тақдирланди. Худди ўша йилги яна бир ғолиб хитойлик профессор, Чжэцзян университетининг Инфекцион касалликларни даволаш давлат бош лабораторияси директори Ли Ланжуан юқумли касалликлар, хусусан, COVID-19, грипп, вирусли гепатитни даволашдаги новаторлик ёндашувлари, шунингдек, беморларнинг ҳаёт сифати ошишига олиб келган ноёб сунъий жигар яратгани учун эътироф этилди. Лондон Империал коллежи Биотехнология муҳандислиги институти асосчиси, Биотехнология маркази директори, профессор Кристофер Тумазу эрта диагностика учун мўлжалланган тиббиёт ускуналарига кремний технологияларини жорий этгани, бу орқали саратонни бактериал ва вирус касалликлари аломатлари пайдо бўлмасидан аввал аниқлаб, даволаш имкониятини яратгани учун мукофотланди.

    Биз 2000-йилларда 300 дан ортиқ молекуляр маркерни ўргандик, фанда етакчилардан бўлиб ДНК маркерлар тўпламини клонлаб, ғўзага татбиқ қилиш бўйича тадқиқотлар олиб бордик.

    Ўзбекистондаги пахта уруғлари банкидаги мавжуд навларни молекуляр маркерлар орқали таҳлил қилдик. Улардаги генларни ўрганиб, қурғоқчиликка, турли касалликларга, шўрликка чидамлилиги каби хусусиятларга жавоб берадиган генлари мавжуд навларни аниқлаганмиз. Дунёда биринчи марта молекуляр маркерлардан фойдаланиб, рекомбинация блоклари (LD) ўлчамларини аниқлаганмиз. LDга асосланган ассоциатив карталаштириш, яъни чатиштириш ўтказмасдан туриб генофондда бор ўсимликларни молекуляр маркерлар орқали текшириб, уларнинг хусусиятларини очиб бериш усулини ишлаб чиққанмиз. Илк бор 2008 йилда халқаро илмий журналда бу ҳақда мақола эълон қилганмиз. Бу технологияни ҳам маданий, ҳам ёввойи пахта навларид синовдан ўтказдик. 2017 йилда узун толали пахта навларида ҳам молекуляр маркерларни қўллаб, 2021 йилда толаси узун, шу билан бирга, юқори ҳосил берадиган, эртапишар “Равнақ” пахта навини тақдим этиб, бу ҳақда халқаро илмий журналларда мақола чоп этдик.

    Гап шундаки, пахтачиликдаги муаммолардан бири пахтанинг бир хусусияти яхшиланса, иккинчи фойдали хусусияти камайишида кўзга ташланади. Масалан, эртапишар ёки узун толали навлар ҳосилдор, кўп ҳосил берадиган навларнинг эса сифати пастроқ бўлади. Шу негатив корреляцияни молекуляр маркерлар ёрдамида бузиб, янги нав яратиш учун маркерларга асосланган селекция технологиясини ишлаб чиқдик. Мана шу 20 йиллик ишимиз эътироф этилиб, мукофотга лойиқ топилиши нафақат менинг, балки маслакдошларим ва шогирдларимнинг ҳам ютуғидир.

    Шу ўринда олимлар муваффақиятида уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши нақадар муҳимлигини айтмоқчиман. Мана шу тадқиқотлар олиб борилган Геномика ва биоинформатика маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлови билан ҳали Бош вазирлик даврида қуриб берилган, энг сўнгги лаборатория ускуналари билан жиҳозланган эди. Президентимиз ўша пайтларда ҳам олимларга, тадқиқотчиларга ўзгача меҳр бериб, эътибор қаратарди. Мустақилликдан кейинги даврда жаҳонда танилган илмий мактабларимиз йўқолиб кетмаслигида Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси катта роль ўйнаган. Давлатимиз раҳбари ишдан бўш пайтлари – кечалари марказимиз қурилишига, ундан кейин марказ фаолияти билан танишишга келиб турарди. Ҳар бир ташрифи ва амалий қўллаб-қувватлови жамоамизни матонат ва шижоат билан ишлашга руҳлантирарди.

    2023 йил мамлакатимиз тарихида маъмурий ислоҳотлар йили сифатида қолади. Зеро, давлат бошқарувида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бирлаштирилди. Бу кенг жамоатчилик томонидан қизғин ва катта умидлар билан кутиб олинди. Бугун сиз ана шу вазирликка мамлакат тараққиёти ва фаровон ҳаёт таъминотини ҳал қилувчи тизимга раҳбарлик қиляпсиз. Албатта, инновация ва илм бирлашиши жуда жиддий ўзгаришларга асос бўлади. Айтинг-чи, бугун бу соҳада мамлакатимизда қандай янги ислоҳотлар кутилмоқда?

    – Олий таълим иқтидорларни ривожлантириш, йўналтириш, энг сўнгги билим ва кўникмалар билан таништиришни назарда тутади. Ўз навбатида, сўнгги йилларда инновацион ривожланиш борасидаги ислоҳотлар натижасида инсон капитали, инсон ресурслари, инсон омилига катта эътибор қаратилди. Натижада олий таълим қамрови кенгайди, университетлар сони сезиларли даражада ошди. Аввал олий таълимни жонлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган бўлса, галдаги вазифамиз олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ҳамоҳанглиги, бир-бирига уйғунлигини таъминлашдир.

    Илм-фан билан олий таълим интеграцияси узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келган ва ҳозир ҳам кун тартибимиздаги асосий масалалигича қолмоқда. Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар ривожланмас, талаба ёшлар кўпроқ илмий фаолиятга жалб қилинмас экан, таълим сифатини ошириб бўлмайди.

    Ислоҳотлар даврида бизнес юритиш, тадбиркорлик шиддат билан ривожланди, янги тармоқ корхоналари пайдо бўлди, кластерлар тизими йўлга қўйилди. Энди олий таълим муассасалари уларга сифатли кадрлар захирасини яратиб бериши керак. Битирувчиларни иш билан таъминлаш асосий вазифамиз бўлиб турган ҳозирги жараёнда олий таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграциясини таъминлаш ўта муҳим.

    Талабаларни тармоқ корхоналари, хусусий ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан ўқув жараёнининг ўзида таништириб бориш лозим. Битирувчиларимизни тўлақонли янги технологияларга мослашган, ишлаб чиқаришни тушуниб етадиган мутахассис сифатида шакллантириш асосий вазифамиз. Олий таълим сифати ва қамровини мунтазам ошириш билан бирга, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ҳам муҳим. Профессионал таълимга асосланган ихтисослашган мактаблар фаолиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

    Шу билан бирга, ҳозир давлатимиз олдида турган энг катта вазифалардан бири — рақамлаштириш. Ҳукуматимиз иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш устида ишлаётган экан турли соҳа мутахассисларининг ахборот технологияларидан хабардор бўлишини таъминлашимиз даркор. Айнан рақамлаштириш орқали иқтисодий самара бир неча баробар ошиши исботланган.

    Ҳозир илм-фанни молиялаштиришга катта маблағ ажратиляпти. Давлатимиз таълим, илм-фан, инновациялар ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга катта маблағ ажратиб, йирик ислоҳотларни амалга оширяпти.

    Эндиги вазифамиз илм-фанга хусусий сектор инвестициясини кенгроқ жалб этишдир. “2022 йил учун илм-фан бўйича миллий маъруза”да келтирилган статистик маълумотларга кўра, илм-фанни молиялаштиришда хусусий секторнинг улуши 5 йил олдинги ҳолат билан солиштирганда қарийб 6 баробар ошган. Бу жуда катта кўрсаткич.

    Илгари 8 фоизгина тармоқлар илм-фанни молиялаштирар эди. Ҳозир бу кўрсаткич қарийб 30-40 фоизга етди. Бу жаҳон тажрибасида ҳам жуда яхши кўрсаткич саналади. Шундай бўлса-да, илм-фан ва таълимга ажратилаётган маблағнинг аксарияти барибир давлат ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Хусусий секторни илм-фан билан шуғулланишга қизиқтира олмаётганимизнинг сабаби – сифатли кадрлар тақчиллиги. Ривожланаётган саноатимизни бошқарувчи кадрлар сифатли бўлсагина, улар илм-фан ёки таълимнинг қадрини билган ҳолда, ҳеч иккиланмай маблағни манзилли сарфлай олади. Тармоқ корхоналарини муайян университет ёки тадқиқот институтларига мажбуран бириктириш билан иш битмайди. Шу боис, биз энди тармоқларга биринчи қадамни ўзимиз ташламоқчимиз. Тармоқларда муҳандислик мактаблари ташкил қилиб, унга талабаларни жалб қиламиз.

    Шунингдек, вазирлик таркибидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги орқали хорижий тиллар қаторида турли йўналишлардаги билимларни баҳолаш тизимини янгилашимиз тақозо қилинади. Сабаби, малакали кадрларни саралаш, уларни иқтидори ва билимига яраша рағбатлантириш таълим сифати ошишига сабаб бўлувчи омиллардандир.

    Қолаверса, илмий кадрларни тайёрлаш бўйича ҳам жуда кўп муаммолар мавжуд. Айтайлик, илмий кадрлар тайёрлаш ёки илмий даража бериш тизимимиз жаҳон андозаларига мос келмайди. Охирги йилларда бу соҳада ҳам кўп ислоҳотлар қилинди, лекин жаҳон тизимига интеграциялаш, яъни илмий малакали кадрларни тайёрлаш ва уларга илмий даража бериш масаласида ҳам Олий аттестация комиссияси билан янги тизимни шакллантиришимиз лозим.

    Университетларда академик бандлик даражаси ошиши керак. Ҳар бир профессор-ўқитувчининг ўз брендига айланган предмети бўлиши шарт. Бу бўйича ҳам ташкилий ислоҳотлар қиламиз. Шунда абитуриент фалон университетнинг мана бу йўналишида фалончи профессорнинг қўлида ўқийман, деган орзулар билан ўқишга киришга тайёрланади.

    Ўз навбатида, ҳар бир университетнинг ўз бренди бўлиши зарур, деб ўйлайман. Талабалар қайсидир соҳа учун университетларни ўзи қидириб келиши лозим. ОТМлар иқтидорли ёшларни ўқитиш учун ўзаро курашиши керак. Агар биз шундай тизим қилсак, сифат ўз-ўзидан таъминланади.

    Университетларимизнинг ўз анъаналарини шакллантириш керак. Улар нафақат билим ўчоғи, балки тарбия маскани ҳам бўлсин. Университетларда турли соҳаларни қамраб олган талабалар кенгашлари, жамиятлари фаолияти йўлга қўйилади. ОТМда шаклланган анъаналар битирувчиларни, уларнинг оилалари ва фарзандларини маънан бирлаштириши, улар орқали умуминсоний қадриятлар жамиятимизга сингдирилиши муҳим.

    Адабиёт, санъат, маънавий-маърифий қадриятлар орқали талабаларда ижодкорликни, дидни шакллантириб боришимиз керак. Рақамлар билан ишлаш жуда яхши, лекин қуруқ рақам билан ривожланиш бўлмайди. Илм-фан, инновация ва таълимни миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда инсонпарварлик тамойиллари билан суғорилган руҳан тетиклик, соғлом тан ва ақл ҳамда замонавий интеллектни шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

    Президентимиз бир интервьюсида буюк аждодларимиз орзу-умидлари, жадид боболаримиз мақсаду муддаолари ҳақида гапирар экан, жумладан, бундай деган эди: “Бугунги кунда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам, десак адашмаган бўламиз”. Биз бугун аждодларимизнинг ана шу армонлари ва орзу-интилишларини илм-фан йўлида қай даражада рўёбга чиқара оляпмиз? Умуман, Янги Ўзбекистон илм-фанининг бугунги даражаси қай аҳволда?

    – Ўзбекистонда дунёнинг рақобатбардош инновацион иқтисодиётини шакллантириш жараёни фаол кечмоқда. Шу билан бирга, илм-фан ва инновациялар соҳасида 2022 йилда 2021 йилдагига нисбатан кўрсаткичлар, асосан, ижобий динамикани намоён этмоқда. Ҳозир илм-фанга харажатлар ҳажми номинал кўринишда 16 фоиз, илмий тадқиқот ишлари ҳажми 12,3 фоиз ошди ва 744,7 миллиард сўмни ташкил этди. Олимларимизнинг хорижий журналлардаги илмий чиқишлари барқарор ўсишда давом этмоқда, интеллектуал мулк объектлари сони 2,3 баробар ошди. Тадқиқотчиларнинг умумий сони 33 фоиз, аёлларнинг улуши эса 13 фоиз, фан докторлари (DSc) ва фалсафа докторлари (PhD) мос равишда 24 фоиз ва 52 фоиз кўпайди.

    Глобал инновацион индекси рейтингида Ўзбекистон 2015 йилдагига нисбатан 40 поғона кўтарилди. Ҳозир мазкур рейтингда 82-ўринда турибмиз. Ўзбекистон илк бора “2022 йилда инновациялар бўйича глобал етакчилар” сифатида алоҳида қайд этилди. Яъни Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин инновациялар бўйича ТОП-3 талик давлатлардан бири бўлди.

    2019 йилдан буён киритилган ГИИ рейтингидаги муҳим кўрсаткичлардан бири “Инновациялар соҳасида кутилган натижадан юқори ютуқлар” бўлиб, ҳар йили ГИИ экспертлари томонидан барча тўрт гуруҳ мамлакатлари учун жон бошига даромад даражаси бўйича тузилади. Ушбу рўйхатга чекланган имкониятлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар, инновацион тараққиёт бўйича юқори кўрсаткичларга эришган мамлакатлар киритилади.

    Аҳоли жон бошига ўртача даромади паст бўлган давлатларни сарҳисоб қилиш ривожланаётган мамлакатларни аниқлаш имконини беради. 2022 йилда Ўзбекистон ГИИ рейтинги тарихида биринчи марта аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотда инновацияларга сарфланган маблағлар даражасидан қатъи назар, инновацион ривожланиш бўйича кутилганидан юқори ютуқларга эришган давлатларнинг ТОП-10 талигига кирди.

    Экспертлар фикрича, мамлакатимизда кейинги 10 йил ичида қуйидаги соҳалар илм-фаннинг устувор йўналишлари бўлиши керак: ахборот технологиялари (11 фоиз), тиббиёт (10 фоиз), техник фанлар (9,7 фоиз), кимё, физика, нанотехнология ва қишлоқ хўжалиги каби фан соҳалари. Ҳозир айнан мана шу соҳаларда илмий ишлар кўлами кенг ва салмоқли. ЮНЕСКОнинг халқаро мукофоти билан тақдирланишим ҳам мана шу соҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани мевасидир.

    2017 йилгача илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ишлари жуда суст эди. Ҳозир илмий тадқиқотлар натижалари бўлган 125 миллиард сўмлик маҳсулот сотилди. Бу йил мазкур кўрсаткич 2 баробар ошиши – 250 миллиард сўмлик маҳсулот сотилиши режалаштирилган.

    Ўзбекистонда дунёнинг рақобатбардош инновацион иқтисодиётини шакллантириш жараёни кетмоқда. Ҳукумат мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда илмий фаолият кўламини изчил кенгайтириш, технологиялар трансферини тижоратлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш, стартап экотизимини тўлиқ шакллантириш, инновацион фаол, ташаббускор жамиятни қўллаб-қувватлаш, рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш, илмий ҳажмдор ва инновацион ишланмаларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратиш, инновациялардан иқтисодий самарадорликка ўтиш, чекка ҳудудлар аҳолиси ҳаётига инновацияларни жорий этишга қаратилган ривожланиш чораларини кўрмоқда.

    Ёшларни илм-фан ва инновация соҳасига жалб этиш бўйича ишлар фаол кечмоқда. Республика миқёсида ёшлар академияси аъзолари лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган 3 та йирик танлов ташкил этилди: “Бўлажак олим”, “Аёлларнинг бизнесга биринчи қадами” ва “Student Idea Challenge”. Бу лойиҳалар натижасида янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

    – Дунё сиёсатида “Давлатлар олий лигаси” деган термин бор. Бу олий лигага кириш учун бизнинг бугунги зиёлилар қатлами, олиму ёш тадқиқотчиларимизнинг илмий салоҳияти етарли, деб ўйлайсизми? Ўзи бу йўлда илм-фан ва инновацияларнинг роли қай даража муҳим?

    – “Давлатлар олий лигаси” деганда етакчи мамлакатлар назарда тутилади. Назаримда, етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олиш учун имкониятларимиз етарли. Биз ёшлар мамлакатимиз ва уларнинг иқтидорини кашф этишимиз, катта саҳнага олиб чиқишимиз зарур. Иқтидорлиларни қидириб топсак, униб, ривожланиши учун шарт-шароит яратсак, “олий лига”га кирамиз. Ютуғимиз шундаки, биз “ўйин”га энди кириб келяпмиз. Демак, ҳозир олдимизда турган вазифа жуда қисқа тарихий давр ичидаги олий имконият — иқтидорларни юзага чиқариш.

    Айни пайтда ёшларга ишонч билдириш, уларнинг миллий ғурурини шакллантириш ва ривожлантириш ҳам муҳим. Айнан шунинг учун Ўзбекистоннинг инновацион ривожлантириш стратегиясида инсон капиталига алоҳида урғу берилган. Икки вазирликнинг бирлашиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги номи билан қайта ташкил этилиши замирида иқтидорларни қисқа муддатда юзага чиқариш масаласи ётибди.

    Ҳозир юртимизда аҳоли ўсиш суръати юқори – ҳар йили 900 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келмоқда. Бу таълим муассасалари, хусусан, олий таълим муассасаларига бўлган талаб йилдан-йилга ўсишини англатади. Ўсиб келаётган авлодга таълим-тарбия бериш, иқтидорларни ривожлантириш, уларга шарт-шароит яратиш ўта муҳим.

    Президентимиз ўтган йилги Мурожаатномасида сўнгги қисқа даврда олий таълим муассасалари сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етгани, бу рақамларни янада кўпайтиришни мақсад қилганимиз ҳақида гапириб, “лекин таълим сифати нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши керак”лигини таъкидлаган эди. Бугун олий таълимга қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Навбатдаги саволимиз олий таълим муассасаларининг сони ва сифати ҳақида бўлади. Бу саволга сизнинг жавобингиз қандай?

    – Таълим қамрови кенгайиши натижасида босқичма-босқич сифат ҳам оша бошлайди. Бизда рақобат муҳити пайдо бўлди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари энди бемалол рақобатлаша олади ва сифатга бўлган талаб ҳам ошади. Шу билан бирга, иқтисодиёт ривожланиб, янгидан-янги корхоналар, хусусан, юқори технологияли корхоналар пайдо бўляптики, уларнинг талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлашда олий таълим муассасалари янги таълим дастурларини киритиш, педагог-ўқитувчилар малакасини ошириш, таниқли профессорларнинг сифатли маъруза ўқиши учун шароит яратишга қаратилган қатор ислоҳотларни амалга ошириши ҳаёт талабига айланиб бормоқда.

    Агар бозорда талаб бўлса, сифат ўз-ўзидан ортади. Ҳозир таълим олаётган қарийб 1 миллион талабамиз яқин келажакда ўз билими, малака ва ғайрати билан меҳнат бозорига кириб борар экан, ўша ерда ҳақиқий рақобат бошланади. Таълим сифати, бир томондан, бозорда ишчи ўринлари мавжудлигига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, бўш иш ўринларини тўлдиришга хизмат қилади ва иқтисодиётнинг ўсиши билан чамбарчас боғлиқ. Иқтисодиётнинг ўсиши билан таълим сифати ҳам ошиб боради. Бу қонуниятдан ҳам кўз юма олмаймиз.

    – Суҳбатимиз сўнгида ўктам илм кишисининг руҳияти ва бу даражага эришиш йўли ҳақида айтиб берсангиз. Чунки бу борадаги мулоҳазаларингиз ҳам ёшларимиз учун жуда муҳим. Айтинг-чи, илм йўли ўзи нима ва у қандай мезонларга асосланиши керак?

    – Илм, ҳақиқатан, игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнат. У ўз-ўзидан юзага чиқмайди, катта фидойилик талаб қилади. Илм кишиси тартибли, интизомли бўлиши шарт, оромнинг баҳридан кечиши, ҳамиша изланишга ўзини мажбурлаши керак. Озгина бўш келдингизми, нимадандир ортда қоласиз. Олим сабр-тоқатли, шу билан бирга, ўзига ишончи кучли бўлиши зарур.

    Кашфиёт ва ихтироларни ҳаётнинг ўзи тақдим этади. Шу сабабли илм одами, аввало, кузатувчан бўлиши, борлиққа, атрофидаги воқеликларга, янгиланишларга бефарқ қарамаслиги лозим. Булардан ёруғлик, яъни зиё излаши даркор. Юртимиз ёшлари янги ихтироларга замин бўла оладиган воқеликларга шоҳид бўлиб улғаймоқда. Бу борада мен ёзувчи Исажон Султоннинг “Генетик” романини мисол қилиб келтирган бўлардим. Чунки унда айни шундай: борлиқни кузатиш ва мулоҳаза юритиш янги кашфиётларга йўл очиб бериши ҳақида ҳикоя қилинган.

    Билим кишиси учун ғоя жуда муҳим, яъни ҳар бир изланувчининг ўз ғояси бўлиши зарур. Ғоя атрофимиздаги воқелик бағрида яширин. Баъзан жамият янги ғояларни қабул қилишга тайёр бўлмайди, бундан хафа бўлмаслик керак. Илмий ғоянинг яхши-ёмони йўқ, бугун бўлмаса, эрта-индин аҳамият касб этади. Уни ташлаб қўймай, жамиятга фойдали эканини исботлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, инсон ҳар қандай ғояни ўзи “элакдан ўтказиши” зарур. “Бу ғоя ортида қандай маънавият, қандай фалсафа бор?”, “Элга, юртга қандай фойда келтира олади?” деган саволларни қўйиши самаралидир. Агар бу ғоя ҳаётбахш бўлса, ундан воз кечмасдан, матонат ва бардош билан тадқиқотларни давом эттириш таҳсинга лойиқ.

    Масалан, ўсимликни қоронғи жойга қўйсангиз, тезроқ ўса бошлайди. Ҳужайра кўпайиши тезлашади, соядаги ўсимлик тезроқ гуллаб, уруғ тугишга уринади. Сабаби, қиш келишидан қўрққани учун тезроқ ҳосил беришга, яъни авлод қолдиришга ҳаракат қилади. Табиатда бу ҳолат муттасил такрорланиб туради. Бунинг фалсафаси шуки, ҳар қандай тириклик ўзидан маҳсул қолдириши керак, тирикликнинг буюк фалсафаси, мазмуни – ўзидан зурриёт қолдириш. Қуёш узоқлашиши, ёруғлик ва ҳарорат камайиши куз келишидан белги бергани учун ўсимлик ва дарахтлар дунёси ўз эзгу вазифасини бажаришга интилади. Шу фалсафани билган ҳолда, уни технологияга айлантиришга катта куч сарфладик ва ўзига хос эътироф этилган “геннокаут” технологиясини яратиб, толани узайтириш ва бир вақтнинг ўзида тезпишар, ҳосилдор, чидамли навларни яратдик. Демак, ҳар бир ғоянинг фалсафасини ўйлаб кўриш керак. Тадқиқот заминида фалсафа бўлиши шарт. Фалсафий ёндашув илмга бежиз чамбарчас боғлиқ эмас. У орқали ғояларнинг мақсадга мувофиқлиги, уни давом эттириш тўғрисида хулосалар қилинади. Ғоя эгаси муайян хулосага келгач, ўз олдига талаб қўйиб, унга эришишга ҳаракат қилиши лозим. Шундаям, агар фараз рад этилса, у нотўғри дегани эмас.

    Кашфиёт учун курашиш керак. Улуғ мутафаккирларимиз илмни “етти парда ортидаги хазина”, деб бежиз таърифламаган. Ишонч, матонат, сабр, шижоат билан интилса, натижа албатта бўлади.

    Президентимиз ўз маърузаларида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғоясининг аҳамиятини доим таъкидлаб келади. Жаҳолатни зулмат десак, маърифат – нур. Ўсимликлар ёруғликка интилгани каби, барчамиз билим, маърифат зиёсига интилишимиз, ҳаёт маҳсулларини беришимиз керак. Давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоялар ва белгилаб берган мақсадлар йўлида жипслашишимиз, билим, тажриба, қобилият ва салоҳиятимизни улуғвор мақсадлар сари йўналтиришимиз лозим. Шунда яшаб ўтган умримиз ва меҳнатларимиз қиймат касб этади, эл-юртимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.

    Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates