Дунё миқёсидаги глобал ўзгаришлар, тинчлик ва барқарорликка тўғридан тўғри таҳдидлар, инсоният асрлар давомида яратган қадриятларга турли ғоявий тажовузлар ортиб бораётган, давлатлар ўртасида рақобат шафқатсиз тус олаётган даврда илм ҳар қачонгидан-да муҳим, ҳал этувчи куч экани яққол кўринмоқда. Шу сабабли илм-фан ривожига, инновацияларнинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳамда олий таълимнинг сифатига ҳар қачонгидан ҳам бугун катта эътибор берилмоқда, кучли талаб қўйилмоқда.
Инновацион ёки “ақлли иқтисодиёт” – юқори қўшимча қийматга эга юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнини доимий равишда такомиллаштиришга асосланади. Инновацион иқтисодиётнинг энг эътиборли жиҳати шундаки, фойда материал-моддий ишлаб чиқариш ва капитални тўплаш ҳисобига олинмайди (худди индустриал иқтисодиётдаги каби), балки олим ва кашфиётчиларнинг ақл-заковати, бошқача айтганда, айнан билим фойда олишнинг асосий капиталига айланади. Мутахассислар инсоният тараққиётнинг бошқа босқичига, яъни аграр ривожланиш ва индустриядан янги, ахборот жамиятига ўтганини таъкидламоқда. Ахборотлаштириш, компьютер ва телекоммуникация технологияларини такомиллаштириш жараёнида ахборот ва билим асосий капитал мақомини олмоқда. Билим таълим жараёнининг предмети бўлиб, у фойда келтириши керак. Бунда у ўзига хос мақом – маҳсулот кўринишида намоён бўлиб, ундан фойдаланувчилар: жамият ҳам, корхона ҳам, таълим муассасаси ҳам фойда кўради.
Иқтисодиёт ва илм-фаннинг узвий боғлиқлиги ҳамда бизнеснинг илмга кучли таъсири хорижий юқори рейтингли университетларни жаҳоннинг етакчи тадқиқот ва ақлий марказларига айлантирди. Хорижий тажриба кўрсатмоқдаки, бундай университетларда тадқиқотлар ниҳоятда ихтисослашган. Яъни қандайдир мавҳум, умумий мавзулардан кўра реал ҳаётда учрайдиган ёки муайян соҳа ривожига тўсиқ бўлган масалаларнинг аниқ илмий ечимини топишга қаратилган тадқиқотлар устунлик қилади.
Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали илмий тадқиқотчилари ҳам металлургия соҳаси илмий изланишлар қилмоқда.
Бугунги кунда жаҳонда минерал хомашё ва полиметаллик рудаларни қайта ишлашнинг самарали усулларини яратиш, улар таркибидаги фойдали минералларни тўлиқ ажратиб олиш, ноёб ва нодир металлар ишлаб чиқариш қувватини ошириш, кам чиқиндили ва чиқиндисиз технологиялар соҳанинг долзарб масалаларидан. Бундан ташқари, кон-металлургия саноатининг барча турдаги техноген чиқиндиларини (кончилик саноати, бойитиш фабрикалари чиқиндилари, гидрометаллургик ва пирометаллургик жараёнларнинг суюқ ва қаттиқ чиқиндилари) ишлаб чиқаришга жалб этиш, фойдаланилаётган реагентларни жараёнга қайтарган ҳолда мураккаб таркибли силикатли бирикмаларни алоҳида оксидларга ажратиш ва бунинг натижасида техноген чиқиндилар таркибидан фойдали компонентларни ажратиб олишни таъминлаш муҳимдир.
Мис рудаси, асосан, флотация усулида бойитилади. Бойитманинг чиқиши 3-4 фоизни ташкил қилади. Қазиб олинган руданинг 96-97 фоизи чиқинди ҳисобланиб, чиқинди сақлаш жойларига юборилади. Уларни сақлаш катта моддий харажатлар билан боғлиқ, шу билан бирга, атроф-муҳитга муайян даражада зарар етказиб келмоқда.
Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати акционерлик жамиятига (ОКМК АЖ) қарашли фабрикада мис-молибден рудаларини кўп йиллик флотацион бойитиш жараёнида иккита чиқиндихонада 1321,5 милион тоннага яқин чиқинди тўпланиб қолган.
Бундан ташқари, Ёшлик – 1, Ёшлик – 2 конлари тўлиқ қувват билан ишга туширилса, чиқиндиларнинг йиллик миқдори икки баробар кўпайиши кутилмоқда. Чиқиндиларнинг асосий қисмини (80-85%) кремнезём, глинезём, темир ва темир оксидлари ташкил қилади. Қимматли металлар Cu – 0,11 – 0,12 %, Au – 0,3 – 0,3 г/т, Ag – 2 – 3 г/т миқдорда экани аниқланган. Хорижлик олим академик Е.А.Ферсман таъкидлаганидек, “Қазиб олинган массанинг бир грамми ҳам йўқолмаса, бир грамми ҳам ташлаб юборилмаса, ҳеч нарса ҳавога учиб ва сувда оқиб кетмаса, ўша ерда ишлаб чиқариш тўғри йўлга қўйилган бўлади”, яъни ўша ерда фойдали қазилмадан комплекс фойдаланилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мис бойитиш фабрикаси чиқиндиларидан темир ажратиб олиб, цемент ишлаб чиқаришга, алюминий оксидини ажратиб олиб, алюминий ишлаб чиқаришга, кремний оксидини аморф ҳолда ажратиб олиб, керамика ва резинотехника саноатида хомашё сифатида ишлатилса, сўнгра мис, олтин, кумуш ажратиб олинса, қолдиқ (~10 % ) эса минерал ўғит сифатида ишлатилса, ўшанда чиқиндилардан тўлиқ фойдаланилди, деса бўлади.
Мис бойитиш фабрикаси ташландиқ чиқиндилари таркибидан қимматли металларни ажратиб олиш учун дастлаб кремний ва темирни ажратиб олиш зарур.
Шу мақсадда чиқиндиларини галогеноаммонийли тузлар ёрдамида кремнийсизлантириш технологик схемаси ишлаб чиқилди: кремнийсизлантирувчи реагент сифатида фторид аммонийдан фойдаланишнинг афзаллиги уни регенерация қилиш мумкинлигидир.
Техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мақсадида ишлаб чиқилган технологиянинг герметик тарздаги паст ҳароратга асослангани экологик хавфсиз, энергиятежамкор, қўшимча равишда фойдали компонентларни ажратиб олишнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлайди. У оддий ва фторловчи реагентларнинг тўлиқ қайта тикланиши билан аҳамиятлидир.
Кон-металлургия саноати техноген маҳсулотларини галогеноаммоний усулида кремнийсизлантириш ва темирсизлантириш бўйича янги яратилган ва амалиётда муқобили бўлмаган технология қаттиқ жисмни бевосита газга айлантирувчи печь, газларни тутувчи ва аммиакни ютувчи қурилмалардан ташкил топган.
Бугунги кунда филиалда Олмалиқ ҳудудида жойлашган Қалмоққир қўрғошин кони ўрнида тўпланган сувда йиллар давомида йиғилиб қолган, сувнинг қаттиқлигини таъминловчи магний, кальций каби металларни ажратиб, техник сув даражасигача тозалаш технологияси ишлаб чиқилган. Бу технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали ОКМКнинг техник сувга талабини қондириб, ташландиқ қоннинг ер ости сувига қўшилаётган сувини камайтиришга эришилади.
Маъданни майдалаш ва бурғилаш жараёнида қўлланиладиган вольфрам карбид, титан карбид асосли қаттиқ қотишма чиқиндилардан WC, TiC, Co кукунларини олиш технологияси ишлаб чиқилди. У ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларининг қаттиқ қотишмаларга бўлган талабини иккиламчи хомашё ҳисобига қоплаш ва таннархи баланд кобальт импортини камайтиришга эришилади.
ОКМКдан чиқаётган катод мисдан турли маркадаги бронза ва латун қотишмалар асосида саноат ва халқ хўжалиги учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш класстери яратилган. Янги технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали хомаки мисни тайёр маҳсулотга айлантиришга эришилади.
Алишер САМАДОВ,
Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали директори,
техника фанлари доктори, профессор
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 59-сонида (2024 йил 22 март) чоп этилган.