Фарғона вилояти ва Япония ўртасида алоқалар янги босқичга чиқади

    Фарғона вилоятига амалий ташриф билан келган Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияму ташриф дастури доирасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашди.

    Мулоқот давомида мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб жадал ривожланиб борган икки давлат муносабатлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Японияга расмий ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилганлиги эътироф этилди.

    Ушбу ташриф доирасида эришилган келишувлар натижасида Риштон туманида Япониянинг Майдзуру шаҳри билан ҳамкорликда умумий қиймати 2 миллион долларлик 2 та иссиқхона мажмуасини яратиш бўйича пилот лойиҳа ҳамда чой плантациясини ташкил этиш лойиҳаси устида иш кетмоқда. Учрашув чоғида ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиш жараёнлари ҳақида ҳам сўз борди.

    Риштон туманидаги Риштон-Япония маданий иқтисодий алоқалар маркази қошидаги Noriko-Gakkyu тил мактаби 1998 йилдан то бугунги кунга қадар 3 000 нафарга яқин ёшларга япониялик кўнгилли ўқитувчилар томонидан беминнат япон тили ва маданиятини ўргатиб келади. Марказда таҳсил олган 160 нафардан ортиқ ёшлар Япониядаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган. Ёшинори Фуджияму бу ерда ташкил этилган имкониятлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Ушбу мактабни кенгайтириш, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ўқувчиларни япон тилига ўқитиш билан бир қаторда Япония талабларига мос шаклда япон мутахассислари томонидан касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

    Япония элчиси кеча Қўқон шаҳридаги япон фуқаролари қабристонини зиёрат қилганини айтиб, қабристонни ободонлаштириш ва сақлаш борасидаги ишлар, у ердаги ободлик учун ташаккур изҳор этди.

    Ёшинори Фуджияму шу куни «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖ да ҳам бўлди. Бу ерда Япониянинг «Kawasaki Heavy Industries» ҳамда «Marubeni Utility Services», Индонезиянинг «Евр Euroasiatic» компаниялари билан ҳамкорликда буғ қозонида юқори самарали когенерацион газ турбинали қурилмаларни жорий этиш лойиҳаси якунлари билан танишди.

    Қиймати 83,6 миллион доллар бўлган модернизация ишлари Япониянинг янги энергетик ва саноат технологияларни ривожлантириш бўйича ташкилотининг (NEDO) 49,5 миллион долларлик гранти ва «Ўзбекенерго» маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

    Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияму Фарғона шаҳридаги Японияга ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи қўшма корхона шаклидаги Mirai Recruitment Agency хусусий бандлик агентлиги ҳамда агентлик қошидаги «Mirai education Center» ўқув маркази фаолияти билан ҳам танишди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

    Японияда меҳнат стажировкасини ташкиллаштириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилда ташкил этилган ушбу муассаса, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари, қарияларни парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар ва озиқ-овқат саноати тармоқлари бўйича Японияга ишга юбориладиган мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates