Фарғона политехника институтида янги Талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов институтда давлат хусусий шерикчилиги ҳамда олийгоҳнинг бюджетдан ташқари маблағлари асосида барпо этилган талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.
Мазкур лойиҳа институт ҳамда “The New Grand House” МЧЖ ўртасида давлат-хусусий шерикчилик асосида битимга кўра барпо этилаётган бўлиб , 400 ўриндан иборат. Умумий қиймати 25,0 млрд. сўм бўлиб, шундан бюджет маблағлари 12,0 млрд. сўмни ташкил этса, қолган қисми тадбиркор ҳисобидан барпо этилди.
Ушбу талабалар турар жойининг ертўла қисмида 200 ўринли ошхона ва ўқув маркази, бинонинг кириш қисмида “book cafe”, wife зона ҳамда ҳар бир хона учун қулай шароитлар мавжудлиги мазкур ётоқхонанинг бошқалардан ажралиб турилишини таъминлайди.
Очилиш маросимида сўз олган вазир Қ.Шарипов, юртимизда сўнгги йилларда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, республикамиздаги олийгоҳларда талабаларнинг сифатли таълим олишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, хусусан, талабаларни ётоқ жойлар билан таъминлаш борасида йўлга қўйилган янгича тизим самарали натижа қайд этаётгани ҳақида айтиб ўтди.
Шундан сўнг, олий таълим, фан ва инновациялар вазири талабалар турар жойидаги талаба-ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.