Фармакологик назоратнинг самарали тизимини ишлаб чиқилиши дори воситаларининг хавфсизлигини таъминлайди

    Давлат идоралари, таҳлил марказлари, Европа Иттифоқи дипломатик корпуси, бизнес вакиллари ва парламент аъзолари 16 апрелда очиқ мулоқот форматида бўлиб ўтган давра суҳбатида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларини ривожлантиришда хусусий ва давлат секторлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари ва бу жараёнда Европа компанияларининг ролини муҳокама қилдилар.

    Давра суҳбати Европа — Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциациясининг (EUROUZ) соғлиқни сақлаш ва табиий фанлар қўмитаси томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази ва «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир соҳа иштирокчилари — глобал дори воситалари ишлаб чиқарувчилардан тортиб миллий тартибга солувчилар, ҳукумат ва ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари ўртасида мақсадли мулоқот учун майдонга айланди.

    Иштирокчилар ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича мавжуд имкониятлар ва муаммоларни таҳлил этиб, тўсиқларни бартараф этиш бўйича тавсия ва механизмларни ишлаб чиқдилар.

    Хусусан, Ўзбекистон ва Европа фармацевтика компаниялари ўртасида сармоя киритиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Европа компанияларининг маҳаллий бозорга чиқишини осонлаштириш ва Ўзбекистонда сифатли дори воситаларининг олиб кириш жараёнини тезлаштиришга қаратилган норматив- ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурдилар.

    Давра суҳбатида Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов Ўзбекистонда дори воситалардан заҳарланиш ва ўлим ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда жамиятда дорилар хавфсизлигини таъминлаш масалаларини тезроқ ҳал этишга бўлган талаб ортиб бораётганини таъкидлади.

    «Фармацевтика саноати ва умуман соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш учун давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, «Электрон рецепт» тизимини тезроқ ишга тушириш, дори воситаларининг биоэквивалентлигини баҳолаш ва аниқлаш самарадорлигини ошириш, дори воситаларини рецептлашда юқори ахлоқий меъёрларни жорий этиш, бу борадаги давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади», — деди М.Асланов.

    Прогрессив ислоҳотлар маркази директорининг фикрича, Европа фармацевтика маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига импорт жараёнини, жумладан, республикада дори воситаларини рўйхатдан ўтказишда ишлаб чиқарилиши маҳаллий текширувлардан озод қилинган давлатлар рўйхатини кенгайтириш орқали рационализация қилиш зарур. Бу чора нафақат бозоримизда юқори сифатли дори воситалари билан таъминланишини тезлаштиради, балки бюрократик жараёнларни камайтиради ва фармацевтика соҳасининг янада динамик ривожланишига хизмат қилади.

    Халқаро стандартларга жавоб берадиган ва аҳоли учун энг юқори даражадаги хавфсизликни таъминлайдиган самарали фармакологик назорат тизимини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

    «Европа Иттифоқининг фармакологик назорат соҳасидаги етакчи экспертларини Ўзбекистонга жалб қилиш, фармацевтика бозорида шаффофлик ва ахлоқий меъёрларни ошириш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш орқали биз тизимимизнинг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришимиз, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлашимиз мумкин», – дейди М.Асланов.

    Прогрессив ислоҳотлар маркази.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates