Ўзбекистон делегациясининг Европа бўйлаб миссияси давом этади

    Жорий йил 24 июлдан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари бошчилигидаги бизнес-миссияси Европа Иттифоқи мамлакатларига ташрифни амалга оширяптилар.

    Жумладан, жорий йил 25 июлда делегация Португалиянинг Алканена шаҳрида бўлиб ўтган Exposcаo Tecnológica кўргазмасида иштирок этди.

    Тадбир ташкилотчилари – Чарм саноати технологик маркази ва Португалия чармсаноат уюшмаси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда савдони ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон экспорт қилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.

    Бундан ташқари, делегация Португалиянинг CTIC, Aquitex, CEPSA, Alidata, Mapril ION Exchange, VentilAQUA, Desotec вa José maria & filhos каби компаниялари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

    Чарм корхоналарида фойдаланилган сувни тозалаш ва утилизация қилиш бўйича янги ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини жорий этиш бўйича Португалия компаниялари тажрибасидан Ўзбекистонда фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди. Хорижий томондан ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи маҳсулотларини Европа бозорларида сотишга қизиқиш билдирди.

    27-28 июль кунлари Италияда Confidustria Toscana Sud, Vittoria Makina, Pratica, Alpe S.P.A ва бошқа бир қатор компаниялар вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

    Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти тақдим этилди, шунингдек, саноат кооперациясини кенгайтириш, жумладан, нафақат чарм саноатида, балки бошқа соҳаларда ҳам Италия брендлари остида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди. Италия корхоналари билан ҳамкорликда Ўзбекистон корхоналарида чарм чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

    Ташриф натижасида Италиянинг Прато шаҳрида Peng Sheng Charm компанияси билан биргаликда савдо уйи очиш бўйича келишувга эришилди.

    Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси Испанияда ўз миссиясини давом эттиряпти, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.