Ғайратий мактаби

    Биз шу ижод мактаблари ҳақида ўйлаганимизда ўтган асрнинг 50-йилларида Ўзбекистон халқ шоири Ғайратий мактаби бўлгани ва шу мактабдан Эркин Воҳидов сингари машҳур шоирларнинг етишиб чиққани ёдимизга келади.

    Ғайратий ҳақида сўз

    Ғайратий — Абдураҳим Абдуллаев шўро давридаги қалам аҳлининг биринчи­ авлодига мансуб бўлиб, 1902 йили Тошкент шаҳрининг Дегрез маҳалласида дун­ёга келган. Болалик чоғида онаси вафот этиб, қўшни маҳаллалик Ойимхон исмли аёлнинг уйида тарбияланган. Бу аёл фозила ва мактабдор отин бўлгани учун Абдураҳим унинг оналик меҳридан баҳраманд бўлиш билан бирга, ундан ўқиш ва ёзишни ҳам ўрганган. Ўн ёшга тўлганида отаси бағрига қайтиб, дастлаб жадид мактабида, 1915-1916 йилларда эса ­мадрасада ўқиб, Навоий, Муқимий, Фурқат асарлари билан танишган. 1917 йили Туркистонда рўй берган инқилобий воқеалар янги мактаблар ташкил этиш ва бу мактаблар учун янги ўқитувчилар авлодини тайёрлаш вазифасини кун тартибига қўяди. Абдураҳим Абдуллаев шундай курс­лардан бирида ўқиб, бир неча йил мао­риф соҳасида хизмат қилади. Бўлажак шоирнинг отаси Камий, Хислат, Мискин сингари тошкентлик шоирлар билан даврадош бўлгани боис, Хислат эшон унинг уйида бўлиб ўтган гурунгларнинг бирида Абдураҳимнинг жўшқин шеърларини эшитиб, унга “Ғайратий” тахаллусини берган.

    Аммо отаси уста Абдулла назарида ижод кўчасига кирган кишиларнинг косаси камдан-кам оқарган. Шунинг учун ҳам у ўғлига: “Шоир бўламан, деб овора бўлма. Шоир киши дунёдан хор-зор бўлиб ўтади”, дер ва бу сўзини бир талай мисоллар билан асослар эди. Лекин Ғайратий шеър ва достонлар ёзишда давом этиб, бир томондан, Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” сингари шеърларига “қарши” ёзган (ва Чўлпоннинг ўзи таҳрир қилган) “Тузалган ўлкага” сингари шеърлари билан, иккинчи томондан эса шу йилларда Хитойда азоб-уқубат чекиб яшаётган уйғур халқи ҳаётидан олинган шеър ва достонлари билан эл-юрт оғзига тушиб, катта шуҳрат қозонади.

    Сир эмас, ҳар бир шоир ёки санъаткорнинг илҳом булоғи жўш урган йиллар билан бирга, шу булоқнинг кўзи уйқуга кетган кунлар ҳам оз бўлмайди.

    1941 йили уруш бошланиши билан душман босиб олган ва босиб олиши мумкин бўлган шаҳар ва қишлоқлардан минглаб оилалар Ўзбекистонга оқиб келдилар. Шундай оилалардан бири Ғайратийнинг ҳам уйига жойлаштирилди. ­Ҳаётининг ҳатто шундай ночор кунларида ҳам ўзини “улуғ халқ”нинг “улуғ вакил”и деб билган кимса Ғайратийни миллатчиликда айблаб, “тегишли идора”га муро­жаат­­ этади. “Тегишли идора” шу заҳоти Ғайратийни миллатчиликда айблаб, қамаб қўяди. Ҳатто суд Ғайратийни оқлаганидан кейин ҳам уни ҳеч ким на ишга олади, на “ассалом”ига “ваалайкум” деб жавоб беради. Бу шоир ҳаётининг энг оғир кунлари эди.

    Ғайратий учун шундай зулматли кунлардан бирида Тошкентдаги Н.Островс­кий номидаги Пионерлар саройида адабиёт тўгараги ташкил этилади ва сарой директори Арон Шаломаев исмли маърифатпарвар киши Ғайратийга учраб, ундан тўгаракка раҳбарлик қилишни сўрайди.

    Ғайратий 50-йиллар арафасида адабиётни севган йигирмага яқин ўқувчидан иборат тўгаракка раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олади.

    Ғайратий ҳақида бир хотира

    Ғайратий ҳақида диссертация, монография, рисола ва ўнлаб шоиру олимларнинг мақолалари бўлишига қарамай, нима учундир Озод Шарафиддиновнинг бир хотираси эътиборимизни тортди. У 50-йиллар охирида машҳур қирғиз оқини Тўғалоқ Мўлда таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан қирғиз диёрида бўлиб ўтган тантаналарда Ғафур Ғулом, Миртемир, Ғайратий ва бошқа улуғлар билан бирга қатнашган экан. Озод ­Шарафиддинов Ғайратий билан аввал ҳам дийдорлашган бўлишига қарамай, шу сафардаги ­Ғайратий унда бутунлай ­бошқача таассурот қолдирган.

    “Мен, — деб ёзган эди олим, — Ғайратийни болалигимдан бери билардим. “Йўқолган бола”, “Онамга хат”, “Жинаста” деган достонларини ўқиб, уларни яратган азамат шоирга чуқур эҳтиром сақлардим. Лекин шундай бўлса ҳам “одам сафарда билинади”, деганлари рост экан. Мен бир ҳафта давомида Ғайратий домланинг кўп томонларини билиб олдим... У ёши қайтиб қолганига қарамай, ҳар куни эрталаб ўқланган милтиқдек турар, наҳорга бирор ҳазил гап айтар, ҳар иш, ҳар тадбирга дарров киришиб кетаверар эди. У ҳар қадамда кўрган янгилигидан бир дунё завқ олар, гўзалликдан лаззатланар, мўъжизалардан ҳайратланар, доим симобдай бетиним эди. Мен домланинг бу сифатларини кўриб, унинг сабабини кўнгил ёшлигидан деб билдим. Улкан қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовнинг бир гапини эсламай ўтолмайман. Ўшанда Америкага олти ойлик сафардан қайтган Мухтор оға дуруст­роқ дам олиб улгурмай, Фрунзе (ҳозирги Бешкек)га, Тўғаноқ Мўлданинг тўйига келган эди. Меҳмонлар тушган боғда нонушта қилар эканмиз, Мухтор оға сафар таассуротларини гапириб берди. Кейин гап мавзуи ўзбек адабиётига кўчди. Мухтор оға Ойбек ака, Ғафур ака каби дўстларини сўради, сўнг Ғайратий домлага мурожаат қилди:

    — Ғайратий, биродар, ҳали ҳам аввалгидай навқиронсан-а! Бутун вужудингдан ғайрат ёғилади!

    Бу гапни эшитдим-у, домланинг тахаллуси мен учун янги маъно касб этгандай бўлди. Домла босиб ўтган ҳаёт йўлини, ижод йўлини ўйлаб, у танлаган тахаллус ғоят ўринли эканига, исми жисмига монандлигига амин бўлдим”.

    Озод Шарафиддиновнинг шу хотирасини ўқиган одам Ғайратийнинг нафақат Муқимий, Фурқат ва Завқийларни, балки М.Горький, М.Шолохов, Ҳамза, Фитрат, Чўлпонларни ҳам кўргани, уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб сўзлаб бера оладиган, шунингдек, адабиётнинг бадиий ва тарбиявий вазифасини, шеъриятнинг ритм, қофия, банд сингари назарий масалаларини яхши билган шоир бўлганига амин бўлади.

    Арон Шаломаев таклиф этган тўгаракка шундай одамгина раҳбарлик қилиши мумкин эди.

    Ғайратий мактаби

    50-йилларнинг бошларида Ғайратий раҳбарлик қилган адабиёт тўгарагига бир гуруҳ мактаб ўқувчилари аъзо бўлган. ­Ғайратий юқори синф ўқувчиларини мумтоз ва замонавий ўзбек, форс ва озарбайжон шоирларининг асарларидаги бадиий латофатни ҳис қилишга ўргатмоқчи бўлган.

    Минглаб байтларни ёд айтиб, уларни мумтоз Шарқ шеъриятининг сеҳрли оламига олиб киришга интилган — ёшларнинг ўзи бой берган хазинадан баҳраманд бўлишлари йўлида куюнган. У бундан олдин, албатта, шеърият ҳақидаги, адабиёт ҳақидаги тасаввури ғариб бўлган ўқувчиларга адабиёт алифбесини ўргатди.

    Дастлаб Қуддус Муҳаммадий, Зафар Диёр, Шукур Саъдулла сингари болалар шоирларининг шеърларини таҳлил қилиб, уларнинг бадиий ютуқ ва камчиликларини кўрсатди. Кейин Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек ва Шайхзода ижоди билан таништириб, улар асарлари мисолида шеърни қандай ёзиш ва таҳлил қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берди. Илк шеърларига қалам уриб, эпақага келганларини газеталарга тавсия қилиб, нашрдан чиқарди. Шеърлари газета ва журналларда чоп этила бошлаган кечаги ҳаваскорлар шеърият сирларини ўзлаштиришга янги куч, янги ғайрат билан киришдилар...

    Ғайратийнинг тилла сандиғи

    Тўгарак қатнашчиларида адабиётга муҳаббат, ўзбек мумтоз ва замонавий ёзувчилари ижодига қизиқиш, ижодий йўлнинг янги довонларини эгаллаш истаги кун сайин кучайиб борди. Буни сезган устоз тез-тез уйидаги тилла сандиқ ҳақида гапирадиган бўлди. Тўгарак аъзоларида шу сандиқни, унинг ичидаги “сеҳрли китоб”ни кўриш, қулфи очилаётган пайтдаги сеҳрли мусиқани эшитиш истаги зўрайиб бораверди. Бироқ шу сандиқ ҳақида сўз очган устоз нима учундир кейинги пайтда бу ҳақдаги саволларга чап берадиган бўлди. Бу ҳол улардаги қизиқиш пилигини янада кўтариб юборди.

    Устоз нималарнидир ўйлаб, нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб, ахийри 3-4 та ҳаваскор шоирни уйига олиб бориб, тилла сандиқни кўрсатишга ваъда берди.

    Ўша йилларда одамзод беш-ўн чақирим наридаги жойга ҳам пиёда борарди. Ҳаваскор шоирлар устозлари билан бирга Лабзакдан Урицкий кўчасига пиёда йўл олдилар. Ғайратий йўл-йўлакай шогирдларига ёзувчилар ҳаётидан олинган ажабтовур воқеаларни ҳикоя қилиб борганидан узоқ манзилга бир зумда етиб олгандек бўлдилар. Уй бекаси Шафоат ая полопонлар келишини олдиндан билгани учун уларни эшик олдида самимий кутиб олди.

    Устоз фалон вақтдан бери шу уйда яшаётгани ва шу уйда фалон-фалон асарларини ёзганини айтиб, тилла сандиқ турган хонага бошлади. Аммо бу оддий сандиқ эди. Юсуф Шомансур: “Бизнинг уйимизда ҳам шундай сандиқ бор. Бувимдан қолган”, деб қўйди ичида. Устоз болалардаги ўзгаришни сезиб: “Ҳамма гап шу сандиқнинг ичидаги нарсада!”, деди. Кейин рафиқасига қараб: “Қани, Шафоатхон, хазинани очинг!”, дея илтимос қилди. Шафоат ая сандиқ қулфига “сеҳр”ли калитни солиши билан сандиқ жаранглаб кетди. Кейин сандиқ қопқоғини очиб, деворга тиради-да, ундаги кўрпаларни ола бош­лади. Бирам секин олдики, болаларнинг ичи қон бўлиб кетди, деяверинг. Кейин навбат мис асбобларга келди. Ундан кейин яна нималардир олинди. Хуллас, сандиқ бўшади. Лекин ичида бошқа ҳеч вақо йўқ эди.

    Болалар мулзам бўлиб, устозга қаради. Устоз яна уй бекасига мурожаат этиб: “Сандиқ четидаги тахтачани олинг”, деди. Тахтача яширин қаватнинг “эшикча”си экан. Устоз у ердан қизил рўмолга ўралган бир нарсани олиб, уни рўмолдан бўшатди. Бу ...китоб эди. Устоз уни ўпиб, кейин пешонасига теккизди.

    Сўнгра титроқ овоз билан деди: “Бу улуғ ўзбек адибининг романи. “Ўткан кунлар” деб аталади. Бу асарнинг ўзи ҳам ўзбек адабиётининг олтин намунаси, у сақланган сандиқ ҳам тилла сандиқ ҳисобланади”, деди. Сўнг нима учундир китобнинг охирги варақларини очиб, ўқий бошлади: “... Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёниға тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам қуръон оятларига қўшилишиб оқар эди. Бирар соатдан кейин тиловат тўхталди. Отабек ҳолсизланиб, оёғ узра турди”.

    Ғайратий бу сатрларни ўқир экан, ўзининг ҳам дийдасидан кўз ёшлари оқа ­бошлаган эди...

    — Полопонларим, — деди у бир неча дақиқалик сукутдан сўнг, — ҳали шундай даврлар келадики, халқимизнинг тилла сандиқлари очилиб, бундай асарларни ўқиш, уларни ёзган устозларимизга сажда қилиш вақтлари келади. Агар шундай дориломон замонни кўриш менга насиб этмаса, сиз азизларимга насиб этсин...

    “Биз Ғайратий тўгарагиданмиз”

    “Ижодда ҳаваскорлик даври — анча қалтис давр. Одамнинг ҳам ўзига ўзи ишонмайдиган пайти. Шунинг учун устозлар ҳамма вақт ҳал қилувчи ўрин тутадилар. Ҳаваскорга нотўғри муносабатда бўлинса, дуруст истеъдод ҳам рўёбга чиқмай қолиб кетиши ёки мутлақо талантсиз кишининг адабиётга “кириб қолиши”, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам умрбод қийнаб юриши мумкин.

    Ҳаваскорлар ичида “пешанаси дўнг”­ларни танлаб вояга етиштиришда устоз Ғайратийнинг тажрибаси адабиётимизда ҳали кўп вақтгача намуна бўлиб қолса керак.

    Тошкентдаги Н.Островский номидаги Пионерлар саройида Ғайратий раҳбарлик қилган адабиёт тўгараги йигирма йиллик синовдан ўтди. Эндиликда тўгаракнинг собиқ аъзолари адабиётимиз навқирон авлодининг ўзаги бўлиб қолдилар. Эркин ­Воҳидов, Хайриддин Салоҳ, Сайёр, Тўлқин, Анвар Эшонов, Анвар Исроилов, ­Тамилла Қосимова каби танилган шоир ва ёзувчиларимиз шу тўгаракдан чиққанлар.

    Оддий бир тўгаракнинг мавқеи нимада эди? Ўйлашимча, аввало, гап устоз Ғайратийнинг ҳаваскордан ҳаваскорни фарқ қила билиш иқтидорида. У киши дилида талант учқуни бўлмаган бирор ҳаваскорни шоир қилиб қўйгани йўқ. У ёшларнинг ўзида бор иқтидорнинг юзага чиқишига ёрдам бердики, шунинг ўзи катта санъатдир.

    Юсуф Шомансур”

    “Қўлга қалам олиб, иш столига ўтирар эканман, биринчи мактубни Сизга ёзишни раво кўрдим, қадрли устоз!

    Сизнинг ўз ниҳолларингизга, яъни шогирдларингизга қилган меҳнатингиз озми-кўпми самара берди. Бундан ғоят хурсандлигингизни қайта-қайта эътироф этдингиз.

    Мен ана шу мактубни ёзар эканман, беихтиёр хаёлим тўгарак курсида ўтирган йилларга учди. Эҳ, у қандай масъуд кунлар эди-а! Юмалоқ стол атрофида ўтириб, шеър ўқишлар... мулоҳазалар... қизғин муҳокамалар... ва, ниҳоят, мактабларда ўтказилган учрашувлар... Беғубор, тентак болаликнинг ўзига хос саргузаштлари бор эди...

    Ҳамма айтганларингиз бўлди. Юк кўтарганлар юзага чиқди, енгилтак­лар бошқа ишнинг этагини тутди.

    Домла! Сиз қачонлардир Эркиннинг “Нидо”си, Юсуфнинг “Қонсиз фожиа”­си, “Қаватлар қўшиғи”, Сайёрнинг “Бошсиз ҳайкал”и, Тўлқиннинг “Жилғалар”и, Анвар Эшоновнинг “Бир оғиз сўз”и, Анвар Исроиловнинг дилрабо қўшиқлари, менинг яхшими-ёмонми шеър, достонларим яралишини яхши билардингиз. Шунинг учун ҳам чинакам раҳнамолик қилдингиз бизга.

    — Мен ўз ижодим билан эмас, шогирдларим билан ғурурланаман, — дедингиз бир суҳбатда. Раҳмат! Аммо бу гапларингиз зиммамизга катта вазифалар юклашини ҳам билиб турибмиз. Бу гал ҳам ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламиз, устоз!

    Хайриддин Салоҳ”

    “Ғайратий деганда, биз — унинг шогирдлари ўз отамиз номини эшитгандек бўламиз. Чунки марҳум Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур ва ҳозир матбуотимизда қалам тебратиб турган талай журналистлар бевосита домламиз Ғайратий нафасидан баҳраманд бўлганмиз. Бундай чамалаб қарасак, домла таълимини ола бошлаган йилимизга роса йигирма йил тўлибди.

    Бу йиллар ичида давр ўзгарди. Тараққиётнинг янги-янги босқичларига кўтарилдик. Домламиз Ғайратий етмишга кирибдилар; биз, у кишининг шогирдлари ҳам атак-чечак қилишдан ўтиб, уч-тўрт китобнинг отаси бўлиб қолибмиз.

    Ҳали-ҳали ёдимизда. Биз катта устозлар — Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирийни биринчи бор шоир Ғайратий тилидан эшитганмиз. Ғайратий домламиз ўзининг тенгқурлари — ўзбек адабиётининг йирик намояндалари ҳақида мароқ билан гапиришдан тинмасди. Ўзбек адабиётида яратилган ҳар бир воқеа бўларли асарни ўз асаридай ардоқлаб, ҳурматини келтириб гапирардилар.

    Ғайратий домланинг ўз асарлари — “Онамга хат”, “Жинаста” достонлари, Ҳамза ҳақидаги хотиралари, болаларга ёзган қисса ва ҳикоялари, айниқса, лирик шеърларини ўз оғизларидан эшитганимиз билан бахтиёрмиз.

    Ғайратий шеърларида ёшлик тўлқини мавж уриб туради. Ёрқинлик бахш этади одамга. Шоирнинг билинар-билинмас табассум қилиб қўйиш одати шундоққина шеърларига кўчиб ўтган...

    Эркин Воҳидов, Сайёр, Тўлқин”

    Наим КАРИМОВ,

    академик

    Мухлиса ҲАФИЗОВА,

    ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва

    фольклори институти таянч докторанти

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates