Ҳужжатларга Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Яхим Фритс Самарқандда бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда имзо чекди.
Биринчи келишув 2024 йил февралдан 2025 йил июнгача амалга ошириладиган «Иқлимни муҳофаза қилиш стратегиялари бўйича сиёсий мулоқот ва билимларни бошқариш» (DIAPOL-CE) лойиҳасини амалга оширишга бағишланган.
Маълумот учун, лойиҳа ҳамкор мамлакатларни иқлимга мос, барқарор ва экологик тоза иқтисодиётга ўтиш бўйича узоқ муддатли сценарий ва стратегияларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистонда лойиҳа иқлим ўзгаришининг қўриқланадиган ҳудудлар ва ботқоқликларга эҳтимолий салбий таъсирини ўрганиш учун Судоче кўллари тизимидаги иқлим хавфи таҳлилини қўллаб-қувватлайди.
DIAPOL-CE лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидаги тадбирлар кўзда тутилган:
- сувли-ботқоқ ерларни сақлаш ва барқарор бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш;
- маҳаллий, миллий ва халқаро ташриф буюрувчиларни жалб этиш учун экотуризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш;
- сувли-ботқоқли ерлар учун иқлим хавфи билан боғлиқ ҳолда Судоче кўллари тизимининг имкониятларини ошириш.
Иккинчи келишув Марказий Осиёда иқлим ўзгариши соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган «Яшил Марказий Осиё II босқич» лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни назарда тутади.
Лойиҳанинг асосий мақсади лойиҳанинг биринчи босқичида ишлаб чиқилган ва минтақанинг барча давлатлари томонидан келишилган Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатиш бўйича Минтақавий дастурни амалга оширишдан иборат.
Ушбу лойиҳа доирасида 2028 йилгача атмосферага чиқариладиган иссиқхона газларини қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳаракатлар режасини янгилаш бўйича диалог учрашувлари, эксперт кўмаги ташкил этилади, шунингдек, қўшма Марказий Осиё сиёсий декларацияси, иқлим ўзгаришига дучор бўлган ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг заифлигини баҳолаш методологияси ва гендер нуқтаи назаридан иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ўқув модули каби ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилган, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.