баннер
20 апр 2025
02:50

    Гўшт нархи қимматлашишига сабаб нимада?

    Мутахассис изоҳича бу борада вазият барқарор. Ҳақиқатда шундайми?

    Бугун юртимизда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани аҳолининг сифатли озиқ-овқат, жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотларига эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Глобал иқлим ўзгариши шароитида чорва молларини озиқлантириш ва бош сонини кўпайтириш ишлари бирмунча машаққатли бўлишига қарамай, қўшни давлатларга нисбатан Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотларини етиштириш кўрсаткичида муттасил ўсиш кузатиляпти. Жумладан, 2024 йил якунида барча тоифадаги хўжаликларда парваришланаётган қорамоллар сони 14,4 миллион, қўй ва эчкиларники — 24,6 миллион, паррандаларники — 106,6 миллион бошга етказилган. Натижада 2,9 миллион тонна тирик вазнда гўшт, 12,4 миллион тонна сут ва 8,8 миллиард дона тухум олинган.

    Ушбу кўрсаткич 2020 йилдаги рақамлар билан таққосланганда гўшт етиштириш ҳажми 120 фоиз, йирик шохли қорамол сони 113 фоиз, майда шохли чорва сони 112 фоиз кўпайганини кўриш мумкин.

    Бундан ташқари, охирги беш йилда хорижий давлатлардан 733 минг бош қорамол ва 792 минг бош қўй-эчки олиб келинди. Ветеринария қўмитаси ташаббуси билан Мўғулистондан мамлакатимизда олдин бўлмаган баят зотли қўйлар олиб келиниб, маҳаллий қўй зотлари билан чатиштириш орқали янги зот яратиш ишлари бажарилмоқда.

    Чорвачилик тармоқларининг ривожланиши озуқа базаси билан ҳам боғлиқ, албатта. Бу борада юртимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 30 январдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан мамлакатдаги 16 миллион гектар яйловни бошқариш ваколати Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилди.

    Бир неча кундан буён турли оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қўшни давлатларга нисбатан гўшт нархи кўтарилгани муҳокама қилинмоқда. Хусусан, мамлакатимиздагига қараганда Қозоғистонда гўшт нархи нисбатан арзонлиги айтилмоқда.

    Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Шу ўринда қуйидаги далилларга эътибор қаратсак. Аввало, Қозоғистонда яйловлар 184,4 миллион гектардан ортиқ ёки барча қишлоқ хўжалиги ерининг 84,1 фоизини ташкил этади. Шунингдек, яйловларнинг ҳосилдорлиги биздагига нисбатан 5-8 центнер юқори.

    Бундан ташқари, қўшни давлатда чорва учун озуқабоп экинлар етиштиришга ажратилган жами суғориладиган ер майдони 3,3 миллион гектарга тенг ёки бир шартли бош мол сонига ўртача 0,59 гектардан тўғри келади. Аҳоли жон боши эса Ўзбекистондагига нисбатан 46,4 фоиз кам, яъни 20 миллион 200 минг киши. Ушбу кўрсаткичлардан келиб чиқиб, ҳолатни чорвани озиқлантириш харажати камайиши ва етиштирилган маҳсулотнинг аҳоли ўртасида тақсимланиши билан изоҳлаш мумкин.

    Ўзбекистонда 16 миллион гектар яйлов бўлиб, қарийб 30-40 фоизи деградацияга учраган. Ҳосилдорлиги эса 1-2 центнерни ташкил этади. Яйлов ҳосилдорлиги бевосита иқлим билан боғлиқ. Ёғингарчилик кўп бўлган йиллари юқори, ёғингарчилик оз паллада эса кам ҳосил олинади. Ўзбекистонда чорва учун озуқабоп экинлар етиштиришга ажратилган жами суғориладиган ер майдони 430,1 минг гектар ёки бир шартли бош мол сонига ўртача 0,19 гектар тўғри келади. Бошқача айтганда, белгиланган меъёрга нисбатан ҳар бир шартли мол бош сонига 0,11 гектар ёки 36,7 фоиз кам.

    Чорва мол бош сони эса қўшни давлатдагига нисбатан 117 фоиз кўп. Қозоғистонда йирик шохли моллар сони 6,6 миллион, майда шохли чорваники эса 18,6 миллион бош.

    Мазкур маълумотлар Ўзбекистонда чорвани озиқлантириш борасидаги имкониятлар Қозоғистондагига қараганда чекланганини кўрсатмоқда. Шундай бўлишига қарамай, мамлакатимиздаги шаҳар ва қишлоқлардаги бозорлар, йирик савдо мажмуалари растаси гўшт ва гўшт маҳсулотларига тўла. Нархлар ҳам қўшни давлатлардагидан сезиларли даражада фарқ қилмайди. Энг муҳими, маҳсулот бор!

    Яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш лозим: халқимиз гўшт деганда аввалдан фақат мол ва қўй гўштини тушунади. Парранда гўштига эса у даражада эътибор қаратмайди. ОАВда гўшт нархи билан боғлиқ мақолалар таҳлил қилинганда Ўзбекистонда парранда гўшти нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ бўйича ҳам энг паст нархда экани қайд этилмоқда. Жумладан, февралда парранда гўштининг ўртача бир килограмми Қирғизистонда 4,2 доллар, Қозоғистонда 3 доллар, Ўзбекистонда эса 2,4 долларга баҳоланган.

    Парранда гўшти нархи бўйича эълон қилинган материалларга кўра, 2025 йил февралида нархлар ўзгаришининг энг юқори ойлик динамикаси Россияда кузатилган – 7,4 фоиз. Қозоғистонда бу кўрсаткич 4,4 фоиз, Ўзбекистонда эса 0,3 фоизни ташкил этган. Демак, юртимизда парранда гўшти нархи деярли кўтарилмаган.

    Нархлар ошиши ҳақида гап кетганда, Ўзбекистондаги вазият барқарор эканини таъкидлаш лозим. БМТнинг озиқ-оқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида нарх динамикасининг ошиши фақат февралда кузатилган. Жумладан, Қозоғистонда 4,2 фоиз, Қирғизистонда 3,5 фоиз, Ўзбекистонда 3,1 фоиз кўтарилган. Ушбу кўрсаткичлар ҳам юртимизда нарх ўсиш динамикаси барқарор эканидан далолат беради.

    Халқаро тадқиқотчилар фикрича, глобал иқлим ўзгариши инфляцияни тезлаштирмоқда. Озиқ-овқат, товарлар ва хизматлар нархи келгуси йилларда янада ўсиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.

    Потсдам иқлим таъсирини ўрганиш институти ва Германиядаги Европа Марказий банки тадқиқотчилари ҳароратнинг кўтарилиши 2035 йилгача инфляцияни ҳар йили ўртача 1,2 фоиз ошириши мумкинлигини таъкидламоқда.

    Шундай бўлса-да, мамлакатимиздаги оқилона сиёсат ва чорвачилик тармоқларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши туфайли гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва аҳоли дастурхонига етказиб беришда барқарор ва мустаҳкам тизим яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Мамлакатимизнинг заҳматкаш чорвадорлари матонати ва шижоати билан глобал иқлим ўзгариши шароитида ҳам чорва молларини парваришлаб, халқимиз дастурхонига мўл гўшт ва гўшт маҳсулотларини тортиқ этиб келмоқда.


    Жалолиддин АЗИМОВ,

    Ўзбекистон Фанлар академияси

    академиги

    Телеграм каналимиз
    Text to speech