Гўзал одатларни шакллантириш осон бўлмайди

    Жорий йил 6-17 май кунлари Нордик халқаро университети ташкил этган малака ошириш курсининг мантиқий давоми – амалиёт ўташ мақсадида Финляндияда бўлдик.

    Мамлакат бўйлаб саёҳатимиз Юваскуля шаҳридан бошланди.

    Шаҳардаги Юваскуля университети Финляндиянинг энг обрўли ОТМлари қаторидан жой олган. Бугун унда 14 минг 600 талаба кундузги, 26 минг йигит-қиз эса масофавий таълим шаклида ўқийди. Муассасадаги 2800 ходимдан 850 нафари бевосита илмий-тадқиқот билан шуғулланади. Айтишларича, олийгоҳнинг бир йиллик даромади ўртача 232 миллион евро. ОТМ халқаро нуфузли университетлар 1000 талигидан жой олган.

    Университетда рақамлаштиришнинг илмий асосланган истиқболини яратиш устида тадқиқотлар ўтказилмоқда. Бу жараёнда тадқиқот йўли асосан ахборот тизимлари таълимоти, рақамлаштириш илми, муҳандислик иши ҳамда ўрганиш ва когнитив билимларга йўналган.

    Уларнинг ҳар бир лойиҳаси асосида инновация, ўрганиш ва ижтимоий муҳит омиллари тургани эътиборга лойиқ. Илмий тадқиқотлар лойиҳалаш ва ўрганишни ўз ичига олади, бироқ талабалар бу билан чекланмайди, ўқув технологиялари, инновацион таълим ва ўқитиш амалиётини таҳлил қилиш, технологияга асосланган ўрганиш, баҳолаш ва таққослаш, шунингдек, таълимда АКТдан фойдаланиш ҳам уларнинг асосий вазифалари доирасига киради.

    2021-2023 йилларда Финляндия таълим тизимини тижорий рақамлаштириш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширган илмий тадқиқотчилар 2023 йилдан халқаро бозорга ҳам чиқа бошлади.

    Мамлакатнинг бир неча университети ва илмий тадқиқот марказлари томонидан ўзаро ҳамкорликда мактаб таълими муаммолари ечими, педагоглар ва раҳбариятга оид илмий ва амалий ёрдам кўрсатишга бағишланган лойиҳалар, шунингдек, «Мактабларни сунъий интеллектга тайёрлаш», «Рақамли контентни яратишда педагог компетентлиги» ва «Ривожлантирилган таълимда технострессни олдини олиш» каби инновацион лойиҳалар амалга ошириляпти. Ушбу лойиҳаларнинг мақсад ва вазифалари ҳамда амалий аҳамияти билан танишиш жараёнида Финляндияда том маънода таълим яхлитлиги шаклланганига амин бўлдик. Мамлакатдаги илмий тадқиқот марказлари ҳам узлуксиз ўқитиш муаммолари билан шуғулланиб, электрон таълим ресурслари тижоратида Хитой билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган.

    Финляндияда фин, инглиз, швед ва немис тилида илмий тадқиқот олиб бориш имконияти мавжуд, аммо юқори рейтингли нашрларда илмий ишлар фақат фин тилида нашр этилади. Фин тилида илмий тадқиқот билан шуғулланиш ва уни ҳимоя қилиш юксак қадрланаркан. Бунда уларнинг она тилига чексиз ҳурмати намоён бўлади. Бу бизни жуда таъсирлантирди.

    Мамлакат таълим тизими ҳақидаги таассуротимиз Хелсинки университетида янада бойиди. Жумладан, ОТМнинг тиллар кафедрасида 10 дан ортиқ хорижий тилларни ўрганиш йўлга қўйилгани, улар орасида шарқ тиллари ҳам борлиги, айниқса, эътиборга сазовор.

    Мазкур давлатга саёҳат давомида фин таълим тизимини миллий ўқитиш тажрибамиз билан таққослаш имконияти пайдо бўлди. Менимча, баъзи жиҳатларини ўзлаштиришимиз ҳам анча фойдали бўларди. Жумладан, таълимга оид илмий тадқиқотларда бевосита соҳада ишлаётган мутахассис иштироки муҳимлигини инобатга олиш, фаолиятида учраётган муаммоларга биргаликда ечим излаб, натижасини тажриба-синовларда қўллаш ва татбиқ этишимиз керак. Бироқ бу жараён ҳозир фақат қоғозларда акс этмоқда, холос.

    • Шунингдек, ўқувчиларда ўзаро ишонч, атроф-муҳитга эътибор, меҳнатдан уялмаслик, ўзаро ҳурмат, жамоавий ишлаш кўникмаларини янада такомиллаштиришимиз зарур. Финляндия мактабларида ўқувчиларнинг велосипед, самокати очиқ ҳолда турибди, яъни бир-бирининг мулкига дахл қилиш йўқ. Ошхоналарда ҳам барча ўқувчилар овқатлангандан кейин идишини йиғиштириб кетиши маданияти шаклланган. Юқори синф ўқувчилари ҳам ижтимоий меҳнатнинг ҳеч бир кўринишидан уялмай, пул топиш кўникмаси шакллантирилади. Масалан, қарияларга ижтимоий кўмак, уй ҳайвонларини парваришлаш ва сайр қилдириш, ободонлаштириш ишлари, шунингдек, официантлик қилиш улар учун хижолатли иш эмас. Яъни бу вазифаларни бажараётган ўсмирларда бир-биридан уялиш ҳисси йўқ. Бизда эса аксинча, бу ёшдаги ўсмирлар официантлик билан шуғулланаётган ёки бозорда савдо қилаётган тенгдошини кўриб қолса, албатта, ўртоқлари билан уни муҳокама қилади, камситадиганлар ҳам топилади.
    • Финларда таълим жараёнида жамоавий ишлаш технологияларини бажаришда ўзаро ҳурмат мукаммал шаклланган. Бир-бирини шовқинсиз тинглай олади, муҳокамада фикрларини қизишмасдан, мулойимлик билан билдиради. Биз борган таълим муассасаларида ўқитиш жараёнида шовқин-суронни ёки баланд овоздаги муҳокамани кўрмадик. Жамоат транспортлари, дўконлар, кўча-кўйда бир-бирига ҳурмат жуда чиройли шаклланган.

    Ўйлайманки, бизда ҳам бу ва бошқа кўникмаларни шакллантириш имконияти мавжуд. Осон бўлмайди, бироқ натижаси келажак авлод учун биздан қоладиган катта яхшилик бўлади.

    Умида Марасулова,

    Шаҳрисабз давлат педагогика институти

    проректори, педагогика фанлари номзоди,

    доцент

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates