Ҳар бир сўзи ҳикмат, ҳаёти ибрат нуронийларимиз доимо эъзоз ва эҳтиромда

    Фикр 13 август 2025 600

    Инсон ёши улғайган сари ҳаёт ҳақидаги тафаккури, воқеликка муносабати тобора чуқурлашиб, янгича маънолар билан бойиб боради. Аммо бир туйғу борки, у йиллар, асрлар, ҳатто авлодлар алмашса ҳам ўзгармайди, сўнмайди, ўчмайди.

    Ёшликда қалбда қандай чақнаган бўлса, кексайганда ҳам юракнинг энг нозик қатламини ёритиб туради. Бу муқаддас Ватан туйғусидир.

    Ватан инсоннинг бебаҳо маънавий суянчи, ҳаёт йўли­ни йўналтирувчи маънавий қутбидир. Инсон дунёга келиб, онгу шуурини англаб, шахс сифатида камол топиши, орзу- умидларини рўёбга чиқариши учун Ватаннинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Шу боис, аждодларимиз Ватан сўзини улуғлаган, унинг шаъни ва шарафини ҳимоя қилишни ҳаёт мазмунига айлантирган. Улар юрт равнақи йўлида бор би­лим, маҳорат ва кучини аямай, ҳатто жонини ҳам фидо қи­лишга тайёр бўлган.

    Бугунги авлоднинг омади ана шу улуғ анъаналар ме­росини мустақил, озод ва эркин юртда давом эттираётга­нидир. Бугун биз, тинчлик ва фаровонлик бағрида яшаёт­ганлар ўз бахтимизнинг қимматини чуқур ҳис қилишимиз, эркинлик неъматидан янада кўпроқ баҳраманд бўлишимиз шарт.

    Яқин орада халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз сана — мустақилликка эришга­нимизга 34 йил тўлиши муносабати билан юртимизда умумхалқ байрами бўлиб ўтади. Бу фараҳли кунларда биз, нуронийлар учун байрам тадбирларида иштирок этиш, ёшлар билан Ватан ҳақида суҳбат қуриш, улар қал­бида миллий ифтихор чироғини ёқиш энг катта шараф ва саодатдир. Зеро, шоир айт­ганидек, “бу кунларга етганлар бор, етма­ганлар бор”.

    Юртимиз мустақилликка эришган кун­лар умримнинг эллик ёшдан ошган даври­га тўғри келди. Ўша тарихи улуғ, тақдирий паллада менда биттагина орзу бор эди: таъ­лим-тарбия тизими ва давлат идораларида орттирган билим, тажриба ва ҳаётий сабоқ­ларимни ёш, мустақил Ватаним равнақи йў­лида сарфлаш.

    Вақт ўтди, йиллар олдинга силжиди, ле­кин бу орзу ҳеч қачон сўнмади. Мана, ҳозир 85 ёшга тўлсам-да, ҳануз эл хизматидаман. “Нуроний” жамғармаси ва маҳалла ҳаёти­да жамоатчилик йўналишида фаол иштирок этиб келяпман. Юрт равнақи, халқ манфаати йўлидаги ҳар бир қадамимдан, ҳар бир эзгу саъй-ҳаракатимдан руҳий қувонч ва маъна­вий қаноат топаман.

    Мен учун энг катта бахт бугунги кунда Ва­танимда кечаётган улкан сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларга, ҳаётимнинг шу ёшида ҳам қурбим етганича ҳисса қўшиб, бу жараённинг бевосита иштирокчиси бўлиб қо­лишдир.

    Охирги йилларда юртимиздаги ислоҳот­лар суръати ва кўламини баҳолаш учун қиёс топиш мушкул. Президентимиз давлат раҳ­барлиги масъулиятини ўз зиммасига олган илк кунлариданоқ барча соҳаларда улкан ян­гиланишлар жараёнини бошлаб юборди. Бу ўзгаришлар, аввало, халқимизни йиллар да­вомида қийнаб келган оғриқли муаммоларни бартараф этишдан бошланди.

    Мисол учун, кексалар ҳаётидаги қатор адолатсиз ва қийинчилик келтирувчи ҳо­латлар ўтмишда қолди. Илгари пенсиялар ўз вақтида тўланмас, тўланса ҳам пластик карталардаги маблағни нақдлаштириш катта машаққатга айланар эди. Нуронийлар меҳ­нат қилишда давом этса, пенсиянинг тўлиқ миқдорини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлар­ди.

    Шунингдек, кундалик ҳаётимиз учун за­рур бўлган газ, сув, электр таъминоти, йўл­лар ҳолати ва маҳалла инфратузилмасидаги кўплаб носозликлар аҳолини қийнар, одам­лар фикрида “бу масалалар ечилмайди” де­ган беихтиёр ишончсизлик ҳукм сурарди. Бугун эса ана шу муаммоларга тизимли ечим топилмоқда, халқнинг кундалик ҳаётидаги қулайликлар ортиб, келажакка ишонч янада мустаҳкамланмоқда.

    Бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган ишсизлик, камбағаллик каби оғир муаммо­ларга ечим топилишига бир пайтлар умиди­миз ҳам сўниб бораётгандек туюлар эди. Ана шундай вазиятда давлатимиз раҳбари “Хал­қимиз олис келажакда эмас, бугун бахтли яшашга ҳақли” деган улуғ мақсадни илгари сурди. Бу ғоя инсон қадрини барча нарсадан устун қўйган, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олган ислоҳотлар жараёнини бошлаб берди.

    Натижада бугунги кунда илгари, асо­сан, хомашё етказиб берадиган ўлка сифа­тида танилган юртимиз энди саноати изчил ривожланаётган, иқтисодий қудрати йил сайин ортиб бораётган давлатга айланмоқ­да. Юртимиз қиёфаси янгиланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз обод ва файзли масканларга айланмоқда. Маҳаллаларимиздаги замонавий инфратузилма, обод йўллар, кўкаламзор боғ­лар халқимиз ҳаётига янги руҳ, янгича кай­фият олиб кирмоқда.

    Энг қувонарлиси, ёшларимиз учун таълим олиш, яхши касб-ҳунар эгаллаш, замонавий шароитларда ишлаб, тўкис ва фаровон ҳаёт кечириш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Бу фақат статистик рақамларда эмас, балки кундалик ҳаётимизда яққол намоён бўлаёт­ган воқелик. Мен бунга ўз фарзандларим ва набираларим мисолида, қолаверса, маҳалла ва туманимиз ёшлари ҳаётида кўп бора гувоҳ бўлиб келяпман.

    Дилбандларимизнинг бахтли қиёфаси, ор­зулари рўёбга чиққанига шоҳид бўлиш биз, кексалар учун беқиёс бахт ва ифтихордир. Бу қалбимизга қувонч, ҳаётимизга маъно, умри­мизга умр қўшади. Эртанги кунга ишонч ва умидимиз янада мустаҳкамланади.

    Албатта, бундай файзли, обод ва бахтли кунларга етганимиз учун ҳар қанча шукрона айтсак арзийди.

    Бугунги кунда кексаларга эътибор фақат моддий ёрдам ёки имтиёзлар билан чекланиб қолмаяпти. Асосийси, уларнинг жамиятдаги ўрни ва қадри янада юксалмоқда. Нуроний­ларимиз давлат ва жамият ҳаётида фаол иш­тирок этиши, ўз тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашиши учун кенг имкониятлар яра­тилмоқда. Бу орқали нафaқат ёшлар тарбия­сида, балки маънавий муҳитда ҳам ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.

    Шунингдек, уруш ва меҳнат фахрийлари­нинг қадрини улуғлаш, хотирасини абадий­лаштириш мақсадида турли маданий-маъ­рифий тадбирлар ўтказилмоқда. Саёҳатлар, зиёратлар, спорт ва маданият муассасалари­даги бепул хизматлар — буларнинг барчаси кексаларимизга “сиз бизга кераксиз, сиз биз учун азизсиз” деган улкан маънони ифода­лайди.

    Айниқса, “Ҳеч ким меҳр ва эътибор­дан четда қолмасин” шиори остида амалга оширилаётган ишлар нафақат ёлғиз кексалар, балки бутун жамиятда инсонийлик ва ҳам­жиҳатлик руҳини мустаҳкамламоқда. Чунки кексаларга эҳтиром бу ўз ўтмишингга, ўз ил­дизингга бўлган эҳтиромдир.

    Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байра­ми арафасида биз, нуронийлар Ватанимизда кечаётган ўзгаришлардан фахрланамиз ва ёшларимизга шуни тилардик: бугунги тинч ва фаровон ҳаётни, эркинлик ва мустақил­лик неъматини ҳимоя қилинг, унга муносиб бўлинг, унинг янада гуллаб-яшнашини таъ­минланг. Чунки келажак сизнинг қўлингизда, юртимизнинг эртанги тақдири сизнинг маъ­навий баркамоллигингиз ва Ватанга садоқа­тингизда.

    Шукрона билан айтамизки, бугунги кун­да Ватан туйғуси, миллат ифтихори ва бир­дамлик руҳи ҳар бир юртдошимиз қалбида янада ёғдуланмоқда. Биз, нуронийлар ана шу эзгу йўлда доимо дуо ва амал билан ёшлари­мизга елкадош бўламиз.

    Айни вақтда кечаётган янги босқичдаги кенг кўламли ислоҳотлар ва янги Ўзбекис­тонни барпо этишдек тарихий жараёнларда иштирок этиш барча ватандошларимиз учун улкан шараф ва ифтихордир. Биз, ёши улуғ нуронийлар бундай улуғ мақсад йўлида фаол иштирок этишдан мамнунмиз. Президен­тимиз ўз нутқларида ёш авлодни баркамол, билимли ва эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда нуронийлар тажрибасига суянишини кўп бора таъкидлаган. Бу сўзлар барча нуронийлар қалбига куч-қувват, ишонч ва рағбат бағишлайди.

    Шу эзгу мақсад йўлида биз ҳаётий таж­рибамиз, билим ва салоҳиятимизни ёшлар тарбиясига йўналтириб келяпмиз. “Бир ну­роний — ўн ёшга масъул” ҳамда “Нуроний ҳар бир оилага масъул” каби лойиҳалар шу йўналишдаги ишларимиз самарасидир. Бу ташаббуслар нуронийлар учун ёшлар ҳаёти­га яқиндан кириб бориш, уларнинг маънавий оламини бойитиш ва юксак инсоний фазилат­ларини мустаҳкамлаш имконини яратмоқда. Шу билан бирга, улар қалбида Ватанга му­ҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

    Кўплаб ёши улуғлар қаторида мен ҳам ушбу лойиҳаларда фаол иштирок этиб келяпман. Ўзимга бириктирилган ёшлар билан суҳбатлар жараёнида, аввало, уларнинг ҳаё­тий мақсадлари, орзу-интилишлари ва кела­жак режаларини диққат билан тинглайман. Шу асосда уларга тўғри йўл топиш, тўсиқ­ларни енгиб ўтиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашда маслаҳат ва амалий ёрдам бериш­га ҳаракат қиламан.

    Бу йўлда қатор давлат ва нодавлат ташки­лотлар биз билан ҳамкорликда ишлаётгани муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг кўмаги ту­файли ёшлар билан ишлаш самараси ортяп­ти, кўплаб ижобий натижалар қўлга киритил­моқда.

    Айниқса, “Бир нуроний — ўн ёшга масъ­ул” лойиҳаси амалий самара бермоқда. У нафақат ёшлар камолотига хизмат қилмоқда, балки икки авлод ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Шу билан бирга, нуронийлар­нинг жамиятимизда кечаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, оилаларда аҳиллик ва тотувликни сақлаш, тинчлик ва осойишталик муҳитини мустаҳкамлашга кат­та ҳисса қўшмоқда.

    Энг асосийси, лойиҳа ёшлар қалбида миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини чуқур сингди­ришда самарали воситага айланди. Биз, нуро­нийлар бу йўлда бор билим ва тажрибамизни аямаймиз, чунки бугунги ёшлар эртанги кун­нинг масъулиятли вакили, юртимиз тақдири эгалари ҳисобланади.

    Ўз навбатида, эртанги ёруғ келажагимиз йўлида фидойилик ва ташаббускорлик билан ишлаётган нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг умрига умр қўшиш ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар камолотида кенг фой­даланиш доимий эътиборда турибди. Шу мақсадда нуронийларнинг ижтимоий фаол­лигини рағбатлантириш йўлида қатор амалий чоралар кўрилди. Жумладан, “Фахрий мураб­бий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди, шунингдек, туман ва шаҳарларда “Нуронийлар маскани” мажмуа­лари ташкил қилинди.

    Бу ташаббуслар нафақат кексаларга муно­сиб эъзоз, балки жамият маънавий муҳитини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, катта тажрибага эга нуронийлар, узоқ йиллар турли соҳаларда самарали меҳнат қилган обрў-эътиборли фахрийлар салоҳияти ёшлар тарбиясида беқиёс манбадир. Уларнинг ҳаётий сабоқлари ва маънавий бойлигини ёш авлодга етказиш орқали жамиятимиздаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ошади, ёшларни фаолликка ундайди, қалбида Ватан туйғусини юксалтиради.

    Шу билан бирга, тарихдан тўғри хулоса чиқариб, ёруғ келажакка интилиш ҳиссини кучайтиришга замин яратилади. Бу эса мус­тақил, тараққийпарвар ва маънавий етук ав­лодни шакллантириш йўлидаги муҳим омил­лардан биридир.

    Айниқса, бугунги мураккаб глобаллашув жараёнлари кечаётган даврда бу масалалар тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлигимизни асраб- авайлаш, одамларимиз, айниқса, ёш авлодни бугунги тинчлик ва осойишталик қадрига етишга ўргатиш, ёт ғоя ва мафкуралар таъ­сиридан асраш, ватанпарварлик руҳида тар­биялаш, она юртга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш “Нуроний” жамғармаси атрофи­да бирлашган биз, кекса авлод вакилларининг муқаддас бурчидир.

    Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит­ни соғломлаштириш, диний қадриятлардан ёшлар тарбиясида унумли фойдаланиш, жа­миятда жиноятчилик ва диний мутаассиблик­нинг олдини олиш мақсадида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида турли маъ­рифий тадбирлар ўтказилмоқда.

    Спорт соҳасида ҳам ёшлар тарбиясига хизмат қиладиган ишлар қилиняпти. Рес­публика ва халқаро майдонларда ғолиб­ликни қўлга киритган фахрий чемпионлар, спортчи-полвонлар иштирокида маҳалла­ларда “Унутилмас чемпионлар” ва “Фахрий полвонлар” мавзуларида учрашувлар уюш­тирилмоқда. Бу тадбирлар ёшлар қалбида ғайрат, ирода ва мақсад сари интилиш туй­ғусини уйғотмоқда.

    Касб-ҳунарга эга бўлмаган ёшлар билан бир қаторда спорт, фан ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришган, шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаган ногирон­лиги бўлган шахслар ҳамда паралимпия мусобақалари совриндорлари иштирокида “Матонат ва жасорат” маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилмоқда.

    Бундай учрашувлар ёшларнинг ҳаётга ин­тилишини кучайтиради, уларни билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва ҳаёт йўлида дадил қа­дамлар ташлашга руҳлантиради. Бу ҳар бир ёш камолотида муҳим туртки вазифасини ўтайди.

    Ана шундай эзгу ишларга фаол ҳисса қўшаётган нуронийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш доимий эътиборда турибди. Хусусан, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида самарали фаолият юри­таётган ва ёшлар ҳаётида ижобий натижалар­га эришган нуронийлар “Нуроний” жамғар­маси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб келинмоқда. Бу, ўз навбатида, нуронийлар­нинг жамият ҳаётида янада фаол бўлишига ва ёшлар билан ишлашда янги ташаббусларни илгари суришига хизмат қилмоқда.

    Бу каби эътибор ва рағбат биз, фахрийлар­ни, шубҳасиз, янада фаол бўлишга ундайди. Мен ҳам доимо ҳаракат ва изланишдаман. Амалий ишларим қаторида ўз тажрибам ва ҳаётдан олган сабоқларимни ёшларга кенг­роқ етказиш, фарзандларимизнинг юртимиз яқин тарихига оид билимларини бойитиш мақсадида сўнгги йилларда бир неча китоб ёздим. Уларни ҳомийлар кўмагида нашр этиб, туманимиздаги турли маданий-маъри­фий муассасаларга тарқатдим.

    Мақсадим шуки, ўғил-қизларимиз она Ватан тарихи ва ота-боболарининг эзгу орзу-умидлари ҳақида чуқурроқ билим ва тушунчага эга бўлсин. Ишончим комилки, бу уларнинг ўзлигини чуқур англаши, ул­кан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига камарбаста бўлишига муҳим туртки бўла­ди.

    Ҳаёт давом этар экан, ана шундай эзгу умидлар билан йўғрилган ҳаракатлардан тўх­тамаймиз. Биз, нуронийларга билдирилаёт­ган юксак ишонч ва эътиборга жавобан бой ҳаётий ва касбий тажрибамиз билан юртимиз ободлиги, фаровонлиги ва гуллаб-яшнаши йўлида куч-ғайратимизни аямаймиз.

    Мустақиллигимизнинг 34 йили давомида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, эришил­ган тарихий натижалар ва янгича фикр тарзи халқимизнинг ҳаёт даражаси, тафаккури ва келажакка ишончини мутлақо янги поғонага кўтарди. Айниқса, Президентимизнинг халқ билан очиқ мулоқотга таянган, инсон қад­рини барча нарсадан устун қўйган, ҳар бир қарор ва ташаббусида миллий манфаатлар ва халқ фаровонлигини устувор билган давлат­чилик сиёсати самараси юртимиз ҳаётининг барча жабҳасида намоён бўлмоқда.

    Нуронийларга юксак эътибор, кексалар­нинг бой ҳаётий тажрибасини ёшлар тарбия­сида қўллашга бўлган ишонч ва рағбат биз, кекса авлод вакиллари учун катта ифтихор­дир. Президентимиз илгари сурган “Хал­қимиз бугун бахтли яшашга ҳақли” деган улуғ ғояни амалга оширишда ҳар биримиз ўзимизнинг маънавий бурчимиз ва жавобгар­лигимизни тўлиқ ҳис этамиз.

    Биз, нуронийлар халқимизнинг бирдамли­ги, юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йў­лида доимо фаол бўламиз. Чунки янги Ўз­бекистон қурилиши барчамизнинг умумий саъй-ҳаракатимиз ва келажак авлодлар олди­даги энг катта меросимиздир. Шу йўлда биз ўз ҳаётий тажрибамиз, маънавий қувватимиз ва Ватанга муҳаббатимизни аямай, янада юк­сак марраларга эришишга интиламиз.

    Обид АҲМЕДОВ,

    Чилонзор тумани нуронийлар

    жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates