Ҳарбий-ватанпарварлик ҳақидаги фильмлар

    ёш авлодни етуклик сари етаклайди.

    Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда бўлганидек, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Хусусан, миллий кинематографиямизни жаҳон миқёсига олиб чиқишга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

    Миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, юртимизда жаҳон тажрибаси асосида кино ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 7 апрелдаги “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.

    Унда белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Кинематография агентлиги кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида стратегик манба сифатида шакллантириш мақсадида давлат буюртмасига асосан, бадиий ва ғоявий жиҳатдан юксак савияли фильмлар суратга олиб келмоқда.

    Мазкур фильмлар орасида ҳарбийватанпарварлик, мамлакатимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган мард ўғлонлар ҳақида ҳикоя қилувчи картиналар алоҳида ўрин тутади. Сўнгги йилларда мавзуга оид 30 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар суратга олинди. “Илҳақ”, “Матонат”, “Халқ жасорати”, “101”, “Тутқунлик”, “Тинчлик ортида”, “Барон-2: Соғинч”, “Аёл қисмати”, “Ҳаёт”, “Ватан остонаси” сингари фильмлар шулар жумласидан. Мазкур фильмлар ўзбек томошабини билан бирга хорижда ҳам кино мухлислари эътиборига ҳавола этилди, бир қатор йирик халқаро кинофестивалларда юқори ўринларни эгаллади.

    Халқимиз орасидан эл-юрт озодлиги, Ватан тараққиёти ва фаровонлиги учун ўз жонини фидо қилган қанчаданқанча сара ўғлонлар етишиб чиққан. Кино ижодкорлар томонидан ана шундай мард ўғлонлар ҳаётини теран ва ҳаққоний акс эттиришга ҳар томонлама эътибор қаратиб келинмоқда.

    Режиссёр Зулфиқор Мусоқов суратга олган “Ватан”, “Қўрғошин”, “Берлин — Оққўрғон”, “Ҳайрат” сингари фильмларда тараннум этилган озодлик, ватанпарварлик ғоялари миллионлаб қалбларни ларзага солди. Абдувоҳид Ғаниев режиссёрлик қилган “Элпарвар” фильмида эса халқимизнинг Чингизхон бошчилигидаги мўғил босқинчиларига қарши кураши тарихий шахслар, шунингдек, бадиий образлар ва воқеалар ёрдамида яққол очиб берилган.

    2020 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган “Илҳақ” бадиий фильми учун Иккинчи жаҳон урушида беш фарзандини урушга жўнатиб, уларнинг дийдорини қайта кўролмаса-да, саботи ва матонатини йўқотмаган ўзбек аёли — Зулфия Зокированинг ҳаёти асос қилиб олинган.

    Фильм ғояси анча аввал туғилган бўлса-да, уни амалга ошириш маълум сабабларга кўра кечикаётган эди. Давлатимиз раҳбари 2019 йили Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда Зулфия аянинг аччиқ тақдирини тилга олди:

    “Ҳаммамиз яхши биламиз, она зоти учун фарзанд доғини кўришдан ҳам оғир йўқотиш йўқ. Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан — Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, ҳар қандай одамни ҳам йиқитиб, яксон қиладиган тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига бардош бериш мумкинми? Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Шундай фожиали қисматга беш марта кўксини қалқон қилиб, беш марта ҳам мардона оёққа турди. Бунинг учун одамда қанчалик кучли ирода, қанчалик метин сабр-бардош бўлиши керак!”

    Шундан сўнг унутилаёзган фильм сценарийси қўлга олинди. Истеъдодли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов фильм орқали урушдан қайтмаган беш нафар дилбанди, жондан ортиқ жигаргўшасини ҳамон кутаётган, чуқур қайғуга ботган муштипар она сиймосини яратишга киришди. Даҳшатли урушнинг мудҳиш оқибатлари, айрилиқ азоби, заҳмат ва қийинчилик қаддини букиб қўйган онаизорнинг руҳиятидаги матонат, мустаҳкам ирода ёшлар учун катта ибрат.

    Фильмдаги таъсирчан саҳналар ёшларимизни урушнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳ этиш, ҳозирги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга ундаш, уларга Ватан ҳимояси инсон учун энг қадрли, шарафли, олий бурч эканини англатишга хизмат қилади.

    Мазкур фильм айни пайтгача бир қанча халқаро фестивалларда нуфузли совринларни, жумладан, 2021 йилда Беларусда ўтказилган “Листопад” кинофестивалида гран-прини қўлга киритди. Маълумки, иккинчи жаҳон урушида ўзбек йигитлари нафақат жанг майдонларида, ҳатто асирликда, энг оғир шароитларда ҳам инсонийлик қиёфасини, ғурурини йўқотмаган. Бу эса хорижликларни ҳам ҳайратга солиб келади. 1942 йилда Смоленск остонасида асирга тушган 101 нафар ўзбек аскарининг Амерсфорт (Нидерландия) концлагеридаги матонати фашистларнинг идеологик режаларини ҳам пучга чиқарган эди. Дунё жамоатчилиги бу ҳақда ўша лагерда бўлган собиқ маҳбуслардан бирининг ҳикоялари орқали хабар топди.

    Бу ҳақда ўзбек киноижодкорлари “101” бадиий-ҳужжатли фильми ҳамда “Матонат” ҳужжатли фильмларини суратга олди. Ушбу фильмлар хорижда ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди. Хусусан, 2021 йилда Истанбул шаҳрида ўтказилган “Қўрқут ота” фестивалида Шуҳрат Маҳмудовнинг “Матонат” картинаси “Энг яхши ҳужжатли фильм” деб топилди.

    Тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликнинг қанчалик улуғ неъмат эканини халқимизга етказиш, тинчлик посбонлари ҳаёти ва фаолиятини холисона акс эттириш киноижодкорлардан жиддий ёндашувни талаб этади. Бугунги кунда юртимизда инсон қадр-қиммати, виждон ва эътиқод эркинлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Билиб-билмай турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган минглаб юртдошларимиз афв этилди. “Меҳр” операцияси доирасида 2019 йилнинг май ойидан бошлаб, Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан жами 500 дан ортиқ ҳамюртимиз Ўзбекистонга олиб келинди. Бу операцияда ҳарбийларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.

    Мазкур операция ҳақида Кинематография агентлиги томонидан “Тутқунлик”, “Аёл қисмати”, “Ватан остонаси” сингари сериал ва бадиий фильмлар яратилди. Ушбу фильмларда операциянинг аҳамияти, террорчи тўдалар тузоғига илинган хотин-қизларнинг аянчли тақдири, афсус-надоматлари, осойишталигимиз посбонларининг юксак жасорати бадиий жиҳатдан ўта реал ва ёрқин акс эттирилган.

    Бундан етти йил муқаддам экранларга чиққан “Барон” фильми миллионлаб томошабинларни ҳаяжонга солган, айни пайтга қадар томошабинлар мазкур фильмнинг давомини интиқлик билан кутарди. Ўтган йилда Рустам Саъдиевнинг “Барон-2: Соғинч” бадиий фильмида халқаро уюшган жиноятчиликка қарши ҳамкорликдаги самарали кураш тасвирланган.

    2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида юз берган қонли воқеалар бутун дунёни ларзага солган, унинг тўлқинлари ҳатто юртимизни ҳам четлаб ўтмаганди. Жумладан, 10 сентябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Тошкентдан Нью-Йоркка парвоз қилган 101-рейс экипажи аъзолари жасорати, қаҳрамонлиги туфайли самолёт бортидаги 200 нафардан ортиқ инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинган эди. Мазкур воқеа ҳам ўзбек киноижодкорлари эътиборидан четда қолмади.

    2018 йилда режиссёр Акром Шоҳназаров бошчилигидаги ижодий гуруҳ “101-рейс” бадиий фильмини суратга олиш ишларига киришган эди. Тўрт йилдан ортиқ давом этган меҳнат натижасида фильм катта экранларга кўчди. Мазкур фильмдаги бош қаҳрамон образи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновнинг сўнгги роли бўлиб қолди.

    Ҳилол Насимовнинг “Ҳаёт” фильми ҳам томошабинлар томонидан илиқ қарши олинган. Фильм 2000 йилдаги Сариосиё воқеаларига бағишланади. Ўша йили август ойида жанубий сарҳадларимизга суқилиб кирмоқчи бўлган террористик гуруҳларга қарши Ўзбекистон Қуролли Кучларининг махсус операция кучлари батальони кураш олиб борган. Пистирмадаги душманни йўқ қилиш учун 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчи мардона жанг қилган. 21 нафар ўзбек ўғлони мудофаа чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Ушбу кинокартина ўша воқеалар асосида тасвирга олинган.

    Акбар Бектурдиевнинг 2018 йилда суратга олинган “Тинчлик ортида” фильмида бугунги осойишта ҳаёт, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, Ватанга муҳаббат каби мавзулар очиб берилган. Бундан ташқари, Абдувоҳид Ғаниевнинг “Қўрғон” фильмида ҳаётий қарашлари туфайли йўллари айро тушган икки дўстнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Уларнинг бири экстремистлар тўдасига кириб, хорликда ўлим топган бўлса, иккинчиси Ватан тинчлиги учун мардонавор курашиб, ўнлаб ҳамюртларимиз ҳаётини асраб қолади.

    Айни пайтда Кинематография агентлиги томонидан мудофаа, ички ишлар вазирликлари, давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия билан ҳамкорликда ҳужжатли фильмлар, сериаллар суратга олиш ишлари давом эттирилмоқда. “Беларусфильм” билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон уруши йилларида “Осиё арслони” номини олган ўзбек жангчиси Мамадали Топволдиев қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи “Казбек” бадиий фильми суратга олинмоқда. “Зувала”, “Уч қаҳрамон”, “Офицер 55” сингари яна ўнга яқин бадиий фильм ва сериаллар томошабинларга тақдим этилиш арафасида.

    14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳам Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси билан ҳамкорликда давлат ва нодавлат телеканалларда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги фильмлар намойиш этилмоқда. 12-15 январь кунлари телеканаллар орқали ўндан ортиқ ана шундай фильмлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

    Ушбу киноасарлар она Ватан тинчлиги йўлида камарбаста бўлган, фидойилиги ва жасорати билан юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган Ватан ҳимоячиларининг шарафли ҳаёт йўлига бағишланади. Юртимиз сарҳадлари муқаддас ва дахлсизлиги, айнан шу ердан халқимизнинг осуда ҳаёти бошланиши, уни кўз қорачиғидек асраш юксак шарафли иш эканини ёшлар онгига сингдириш, уларни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда бу фильмларнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёс.

    Шоҳира РАУФБОЕВА,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates