My.gov.uz‘да 083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн олиш қулайлиги яратилди, дея хабар бермоқда Давлат хизматлари маркази.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ, тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилмоқда.
Эндиликда тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларнинг транспорт воситасини бошқаришга яроқлилиги тўғрисида бериладиган 083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани олиш учун ушбу муассасаларга қайта бориш шарт эмас.
Шунчаки, my.gov.uz орқали «Соғлиқни сақлаш» бўлимидан керакли хизматни танлаб, 083/ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн юклаб олиш кифоя.
Маълумотнома унда кўрсатиб ўтилган муддатгача амал қилади.
Хизматдан фойдаланишда ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди. Мутлақо бепул ва қулай!