Ҳазрат назари тушган шоиралар

    Агар биз, сафдош шоиралар Навоий даврида яшаганимизда ул зотнинг назарига мушарраф бўлармидик?

    Давлатимиз раҳбари 2024 йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилди ва Навоий шаҳрида халқаро миқёсда “Навоийхонлик кечаси”ни ўтказишни таклиф этди. Бу таклифни ўқир эканман, менда Ҳазрат Навоий ҳақида биз, зиёлилар нималар биламиз ва уни халққа етказиш йўлида нечоғлиқ камарбаста бўлиб турибмиз деган савол пайдо бўлди.

    Навоийни қанча ўргансак, шунча оз. Чунки у билимлар уммони, фикрлар чақмоғи, нафосат чаманидир. Бир ижодкор сифатида Ҳазратнинг назарига тушган аёллар ҳақида ўйлай бошладим. Унинг асарлари ичра аёллар номини изладим. Топдим, қувондим, фахр этдим ва сизга ҳам илиндим. Яна бир оғриқли фикр сўроқларим осмонида чақмоқдай чақди.

    Агар биз, сафдош шоиралар Навоий даврида яшаганимизда ул зотнинг назарига мушарраф бўлармидик? Улуғ шоир эътиборига лойиқ қалам тебрата оляпмизми? Шоир асарларида жами тилга олган 30 дан ортиқ аёлнинг ярмидан кўпи бадиий тўқима образ бўлса, қолганлари тарихий шахслар.

    Бу аёллар Навоийдан аввал ўтган ва замондош бўлган шоиралардир ва Ҳазратнинг назари бежиз уларга тушмаган. Туркий тилдаги илк тазкира бўлмиш “Мажолис ун-нафоис” (“Нафис мажлислар”) да 459 та замондош шоир ҳақида сўз кетган. Улар орасида аёлларнинг номи ҳам бор. Бу шоираларнинг исми Навоий туфайли тарихга муҳрланди.

    Навоий тарихий шоираларимиз ҳақида “Насойим ул-муҳаббат” ва “Мажолис ун-нафоис” асарларида баён этган. Қуйида уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

    Робия Адавия. “Насойим ул-муҳаббат”да сўфий аёл Робия Адавияга бир саҳифа ажратилади. Бу аёл Басра шаҳрида, улуғ шайх Ҳасан Басрий замонида яшаган, ўз даврини ларзага солган энг машҳур ва афсонавий орифа аёли бўлган. У ҳақда буюк Фаридуддин Аттор “Тазкират ул-авлиё” асарида 18 саҳифа ҳикоя қилади.

    Меҳри Ҳиротий. XV асрнинг биринчи ярмида Ҳиротда яшаган шоира. Меҳрининг эри Хожа Абдулазиз Шоҳрух мирзонинг сарой табиби бўлган. Меҳри софдил, равшанфикр, истеъдодли, ширинсухан ва ҳозиржавоб бўлгани учун малика Гавҳаршодбегимнинг яқин суҳбатдоши — надимаси эди. “Тазкираларда қарийб бир овоздан Меҳрининг ниҳоятда гўзал бўлгани қайд қилинади”, дея таъкидлайди Навоий. Шоиранинг бизгача етиб келган шеърлари инсоннинг ибтидоси ва интиҳоси ҳақидадир.

    Мана шу икки нуқта орасидаги мураккаб ва чигал умр достонидир. Меҳри фитна-фужурлар боис, бирмунча муддат Шоҳрух томонидан зиндонбанд қилинади. Лекин зиндонда туриб битган шеърлари уни халос этади. Шоира шеърларида дадил айтилган фикрлар, аниқ ҳис-туйғулар, аламли армонлар гўзал бадиий образларда баён этилади.

    Меҳри Ҳирот адабий муҳитида катта ҳурматга сазовор, таниқли шоира бўлган. Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг “Жамоати маходим ва азизлар зикридаким, бу фақир аларнинг шариф замонининг охирида эрдим ва мулозиматлари шарафига мушарраф бўлмадим”, деб афсусланади. Навоий тазкирада шоира байтларидан мисоллар келтиради.

    Бихи ҳар хореки, он аз хоки ман ҳосил шавад,

    Зоҳид ар мисвок созад, маст-у лояқил шавад.

    (Мазмуни: Менинг тупроғимда пайдо бўладиган ҳар бир тикан илдизини, агар зоҳид тиш ковлагич қилса, маст ва ҳушсиз бўлади).

    Бу мисрадан маълумки, у оддий шоира бўлмаган. Унинг ёзмишлари сизнинг ҳам туйғуларингизни жунбишга келтирмай қўймайди. Меҳри ўзини таниган ва ўзгаларга ўзини танита олган донишманд аёлдир. Сўз ўйинлари орқали ақл-заковатини ва ирфоний тажаллисини намойиш эта олган оқиладир. Унинг ижоди ўзбек адабиётида ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, сатрларни ўқиган аёл ижодкорлар шоирадан кўп таъсирлангани бежиз эмас.

    Офоқ бегим. “Мажолис ун-нафоис” асарида номи келтирилган, асли исми Бахтигул бўлган иккинчи аёл — Навоийнинг иниси Дарвиш Алининг хотини Офоқ бегимдир. У ҳоким Ҳусайн Али Жалойирнинг қизи бўлиб, шеърият соҳасида зукко, қобилиятли экани айтилади. Айниқса, унинг бадиҳагўйлиги таърифи ўз замонасида жуда машҳур бўлган. У кирган давралар файз олиши ҳақида кўп ёзилган.

    Зебоий. “Мажолис ун-нафоис”да Мавлоно Зебоий тахаллусли истеъдодли шоира ҳақида ҳам маълумот бор. Жомий уни мадҳ этгани баён этилади. Навоий Зебоийни шахсан танимаган бўлса-да, унинг шеърларини эшитган ва қадрлаган. Тазкирада бундай ёзилади: “Мавлоно Зебоий — фақир ани кўрмаймен, аммо шеърин эшитибмен. Бу матлаъ анингдурким: Қоматат шеваи рафтор чу бунёд кунад, Сарвро бандаи худ созаду озод кунад”.

    (Мазмуни: Сенинг қоматинг юра бошласа, сарвни ҳам ўз бандаси қилади, ҳам озод қилиб юборади).

    Бедилий. Навоий тазкирада ёдга олган яна бир шоира Бедилийдир. Асарда унинг қуйидаги матласини Навоий намуна сифатида келтирган: Равам ба боғу зи наргиси ду дида вом кунад Ки, то назораи он сарви хуш хиром кунам.

    (Мазмуни: Мен боққа борар эканман, наргиснинг икки кўзидан баҳраманд бўлиб, унинг гўзал қоматини кўриб хушнуд бўламан...). Навоий тазкирасида Бедилийнинг оиласидан уч ижодкор — ўғли Шайхзодаи Ансорий, турмуш ўртоғи Шайх Абдулло ва ўзи ҳақида маълумот берган. Ўғлининг илмли, ноёб истеъдодга эга эканини таъкидлаган. Шайх Абдулло ҳам мажнунроқ бўлишига қарамай, яхши шеърлар ёзгани ҳақида айтган. Ҳазрат бир оиладан етишиб чиққан уч шоир ҳақидаги маълумотни бир ўринда келтиради. Оиладаги эркагу аёл ижодкор эканини ҳавас билан эътироф этади: “...Деса бўлурким, анинг уйида заномарди хуш таъбдурлар”.

    Бибичаи Мунажжима. Ҳиротдаги катта шоира, ҳам давлат ва жамоат арбоби, сиёсатчи, сўфий аёл бўлган. Бу номни биз “Насойим ул-муҳаббат” асари орқали ҳам яхши биламиз. Унинг “Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри” деб номланган сўнгги қисмида Бибичаи Мунажжима 35 орифа аёлдан бири сифатида тавсифланган:

    “Бибичаи Мунажжима Кирмон мулкидиндур. Мазкур бўлғон илмда (тасаввуф ва авлиёлик илмида) ўз замонининг саромади эрди, аммо майли дарвешлик сари эрди. Замон подшоҳи илтифот ва таъзим кўп қилур эрди ва подшоҳ ҳарамлари узамойи хавотини бағоят ҳурмат тутарлар эрди. Оқибат барчанинг ихтилотин тарк қилиб, хиёбон бошида ўз манзили жаворида масжиди жомеъ ясади ва мулку асбобин анга вақф қилди, андоқким, ҳоло равнақи бор ва касир халойиқ анда намоз қилурлар”.

    Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Мунажжимага орифа аёл сифатида батафсил тўхталган. Шу сабабли “Мажолис ун-нафоис”да Алоуддин Кирмоний фаолиятини ёритаркан, фақат унинг опаси эканини таъкидлайди, холос.

    Аммо бошқа тазкираларда унинг қилган ишлари ҳақида маълумот келади. Ҳирот адабий муҳитидаги ўрни таъкидланади. Абдураҳмон Жомий билан устозу шогирдлик мақомида бўлгани эсланади.

    Бибичаи Мунажжима ўз даврининг нозикфаҳм ва орифа аёлларидан бўлиб, айниқса, юлдузлар илмида унингдек тенги йўқлиги, дунёвий илмларни ҳам билгани ва кўп фазилатларни касб қилгани боис, султон ва амирлар уни ҳурмат қилар эди. Демак, унинг Мунажжима деб тахаллус олиши бежиз бўлмаган. Бу эса қадимда аёллар фақат адабиёт ва санъат билан эмас, балки илмфан билан ҳам шуғулланганини кўрсатади.

    Навоий унинг масжид, ҳаммом қуриб, халққа хизмат қилганини таъкидлайди. Навоий номларини тилга олган барча тарихий қаҳрамонлар асарларидаги бадиий тўқима образларнинг тимсоли эди. Чунки улар ўқимишли аёл, шоира бўлибгина қолмай, иқтисодиётда, мантиқда, воизликда, ҳатто рақсда ҳам илғор, давлат арбоблари, етук маслаҳатчилар эди.

    Энг муҳими, Навоий асарлари аёллари ҳаётсевар, бунёдкор, олийҳиммат ва олижанобдирлар. Сиртдан қараганда, қадимда Шарқ аёллари ҳуқуқлари чегаралангандай, аммо уларнинг аксарияти давлат бошқарувида жуда катта ўрин эгаллаган. Диний ва дунёвий билимни чуқур билган, фарзандларини ана шу ирфон сути билан боққан.

    Эркаклар камолоти ва жасоратининг ўзаги бўлган. Улар ғалаба ва зафарларга, марра ва муродларга қутқу берган. Бу муҳтарама оналар ҳақида ҳикоя қилаётиб, бир жиҳатни англадим.

    Шоирлик қисмат эканини билардим, аммо элнинг шоири бўлиш учун биргина унинг ўзи етмаслигини, юрт қайғуси, ватан шукуҳи, шоирлик парвозининг иккинчи қаноти эканини янада чуқур билдим.

    Бир илҳомнинг ўзи кифоя эмаслигини, унинг атрофида чуқур билим ва меҳнат, сабр ва матонат, бардош ва диёнат кераклиги аён бўлди. Ҳазрат Навоий эътироф этган аёл шоираларга ҳавас қила-қила, бизнинг битигимизга Навоийдек қуёшни берган Аллоҳга ҳамду санолар айтаман.

    Юрагингга қил ҳам сиғмаса,

    Меҳрсизлик дилинг тиғласа,

    Бу ҳолингдан жонинг талваса

    Қилса агар Навоийга айт,

    Ўқи китоб, Ҳазратингга қайт!

    Сотиб кетса энг яқин дўстинг,

    Битмас бўлса ҳеч каму кўстинг,

    Дарахтмисан, қай тараф ўсдинг,

    Билмоқ бўлсанг Навоийдан сўр,

    Дўст топмассан Ҳазратдан-да зўр!

    Йўлиққанинг бўлса хиёнат,

    Учиб кетса қўлингдан омад,

    Осмон тушиб, бўлса қиёмат,

    Навоийдан топасан паноҳ,

    Ҳазрат эрур ҳолингдан огоҳ!

    Бу салтанат метин қўрғондир,

    Унда яшар ҳар ким омондир,

    У жаннатдир, Эрам бўстондир,

    Навоийни айлайлик тавоф,

    Ҳазрат эрур энг олий савоб!

    Магар сенга илм керакдир,

    Дуо керак, тилак керакдир,

    Ишқ керакдир, кўнгил керакдир,

    Навоийдан топарсан ўзни,

    Ҳазрат айтар ул холис сўзни!

    О, юракка малҳам Навоий,

    Ҳар ғарибга ҳамдам Навоий,

    Заррангизман мен ҳам,

    Навоий, Ягонамсиз, сизгадир таъзим,

    О султоним, хоним, ҳазратим.

    Фарида Афрўз