Инсоният тарихида амалга оширилган юзта буюк ихтиро сафидан китоб деб аталмиш маънавий хазина ҳам жой олганини биласизми? Унинг беқиёс нажоткор қудратини тасаввур қиласизми? Китобларга ошно қалбларда юксак инсонийлик фазилатлари бир умрлик куртак ёзишидан хабардормисиз? Жамики муаммоларнинг адолатли ечими шу хазинада эканлигиничи? Буюк алломалар китоблар жамиятни не-не балолардан қутқаради, деб бежиз айтишмаган. “Ўқиган китобларингни айт, мен сенга кимлигингни айтаман”, дейиш ҳам мумкин.
Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул-қулуб” асарини мутолаа қилган кишининг кўз ўнгида қуйидаги сатрлар ҳазратнинг пок қалби, маънавий-руҳий оламини тиниқ намоён этади: “Гоҳ ҳақорат ва машаққат вайронаси харобасида бўкириб йиғладим ва гоҳ бойлар бўстонида иззат кўриб, анжуман туздим..., гоҳ илм мадрасаларида кавуш қаторида ер тутдим, гоҳ уламо мажлисида илм нуридан кўнглимни ёрутдим. Гоҳ тақводорлар мажлисларида алар қадами етган ерга юз қўйдим, бош эгиш кўплигидан манглайим терисин сўйдим, қонатдим... Ва гоҳ пасткашлар, нокаслар олдида беэътиборлиғ кўрдум... Ва гоҳ султонлар келишмовчилигида орага кирдим, жанжалларини тинчитишга қарор бердим. Уларни келиштирдим. Гоҳ уруш маъракасига ўзумни солдим ва нодонлик туҳматин бўйнимга олдим”.
Бутун умрини илм-маърифатга бағишлаган фидойилар бор. Улар орадан асрлар, даврлар ўтса-да, қуёшдек нур сочиб турган китоблар борлиги учун ҳам шундай қилишган.
Туркиянинг Диёрбакр шаҳрида таваллуд топган Али Амирий исмли йигит ёшлигидан ана шундай китоблар мутолаасига берилади, нодир китобларни йиғишдан тўхтамайди. У бамисоли олтин хазина излаётгандай, ҳаётининг асл маъносини китобсеварликда кўради.
Кунларнинг бирида Али Амирийнинг бошига омад қуши қўнади: китоблар сотиладиган расталардан бирида ўзи билмаган ҳолда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” китобини 33 лирага сотиб олади. Кейинчалик, бу янгиликдан айримлар хабар топади. Улар Али Амирийдан ушбу китобни катта пул эвазига сотиб олишга ҳаракат қилишади. Аммо Амирий кўнмайди. Ҳикоя қилишларича, венгриялик элчи Амирийга ушбу китоб учун нақд 10 минг олтин танга беришга розилигини айтади. Франциялик олим Парижнинг қоқ марказида қурилган ҳашаматли саройни ваъда қилади. Али Амирий ҳар икки таклифга ҳам кўнмай, уларга: “Мен Ватаннинг ноёб хазинасини пулга сотадиган хоин эмасман”, дейди. Ҳукумат унга 300 олтин танга жўнатганида, бу пулни мамлакатнинг оч-наҳор яшаётган фуқароларига бўлиб бериш кераклигини айтади.
Табризлик Шайх Али исмли машҳур мусаввир Жаҳоншоҳ учун “Хусрав ва Ширин” девонига суратлар чизади. Иш яримлаб қолганида шоҳ ўзи учун дунёда тенгсиз китоб яратилаётганидан беҳад хурсанд бўлади. Аммо кўнглида: “Бу мусаввир менинг азалий рақибим бўлмиш Узун Ҳасанга ҳам шундай гўзал китоб яратиб бериши мумкин-ку”, деган хавотир пайдо бўлади. “Китоб битиши билан Шайх Алининг кўзини кўр қилиш керак...”, дейди.
Шоҳ мулозимларига тегишли топшириқ беради. Бундан мусаввир хабар топади, аммо у ҳеч нима бўлмагандай, ишини давом эттираверади. Китоб битгач, шоҳ ёвуз ниятини амалга оширади. Бироқ бу ишидан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Сўқир мусаввир Узун Ҳасанга хотираси асосида янада гўзал китоб тайёрлайди. Бундан илҳомланган Узун Ҳасан Жаҳоншоҳга қарши қўшин тортади, рақибини мағлуб этиб, унинг ноёб китобини қўлга киритади.
Тарихда китоблар билан боғлиқ ибратли мисоллар кўп. Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди Али Қушчи устози тўплаган ноёб китобларни жоҳиллардан сақлаб қолиш учун не кўйларга тушганини яхши биламиз. Мавлоно Жалолиддин Румий дафн этилган Кўня шаҳрида китоб савдоси билан шуғулланувчи бир саҳҳобга одамлар мамлакатнинг турли шаҳарлардан қопларда китоблар олиб келишар экан. “Мен қопларнинг оғзини очаётганимда, ажабо, бу гал унинг ичидан қандай китоб чиқар экан-а“, дея чимилдиқда келинчакнинг юзини очаётган куёвдек ҳаяжонланар эдим”, дер экан шу саҳҳоф.
Асил китоблар инсон онг-шууридаги маънавий чанқоқликни қондирадиган барҳаёт чашмалардир. Таассуфки, собиқ тузум шароитида бу хазина бошига ҳам кўп талафотлар тушди. Аллома аждодларимиз қаламига мансуб сон-саноқсиз нодир қўлёзмалар йўқ қилинди, оловга ташланди, ерга кўмилди. Кейин... бу хатони яна такрорладик. Кутубхоналарни шўро тузуми мафкураси билан боғлиқ китоблардан тозалаш шиори остида жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ҳам йиғиштириб олинди, қопларга жойлаб макулатурага топширилди. Бу тадбирни ортиғи билан бажарган айрим шоввозлар бугун энди миллий туйғу, маънавият, китобхонлик маданияти хусусидаги маърифий тадбирларда бехижолат иштирок этмоқдалар.
Оқсоқол ёзувчиларимиз умр бўйи тўплаган китобларнинг тақдири янада ачинарли бўлди: китоб мутолаасига ўргатилмаган набиралар учун Чарлз Диккенс, Жек Лондон, Эмил Золя, Томас Манн, Жованни Бокаччо, Ги де Мопассан, Фёдор Достоевский, Антон Чехов, Николай Гоголь, Ивань Бунин, Иван Тургенев каби адибларнинг асарлари ортиқча матоҳ бўлиб қолди. Уларнинг ўрнини усти ялтироқ, ичи қалтироқ нарсалар эгаллади.
Шуларни ўйлаб, китоб жавонимда турган “Зардушт таваллоси”га қўл чўзаман: “Зардушт айтди: “Мен (одамларга) қўшқўллаб тортиқ қилиш ва саховат ёғдиришни истайман, токи одамларнинг ақллилари ўз телбаликларидан қувониб юрсинлар, қашшоқлари ўз бойликларидан шоду хандон ўлсунлар”. Пир Зардуштга деди: “Сен (одамларга) тортиқ қилмоқчи бўлсанг, садақадан ортиқ тортиқ қилма...” Зардушт жавоб берди: “Йўқ, мен садақа бермайман, садақа берадиган даражада қашшоқ эмасман... Яратувчи ўз ўроғини яхши чархлаганларни ахтаради... Мен ҳосил ўргувчилар ва байрам қилгувчиларга қўшилгим, уларга камалакни кўрсатгим келади, комил одамга етакловчи пиллапояларни кўрсатгим келади уларга...”
Бу улуғ ниятдан кўнгил дафтаримда ажиб жумлалар пайдо бўлади: “Дунё – ўриб олинадиган ҳосил. Қўлингда ўроғинг, ёнингда қайроқтошинг бўлсин. Қайроқтошинг бўлмаса, уни тилингда ўткирла, дилинг билан қайра, онг-шууринг билан кучлантир, фаҳм-фаросат ила шундай қилсанг, у янада кескир, кўрувчан ва шижоатли бўлади”.
Йўлда бораётган бири киши тасодифий ҳамроҳига: “Кимни уйғотиш қийин?” деган савол берибди, аммо ундан: “Ўзини ухлаётганга солиб ётган кишини”, деган жавобни ололмабди. Ҳа, шундай. Бундай одамнинг жисми уйғоқ, аммо фикри ботқоққа қоришган бўлади. Бундай “уйқу” умрни исроф қилади. Уйғоқ одам, “тавалло”да айтилганидек, “худди денгиздек яшайди, денгиз тўлқинлари уни кўтариб юради, ҳаракатда ушлаб туради”. Буни ҳам китобдан ўқиганман. Уйғоқ одам – мутолаа қилаётган, фикрини чархлаётган одам.
Мозийшунос Қосимжон Содиқовнинг “Тошни тирилтирган битиклар” сарлавҳали мақоласида Йўллуғ тигиндан қолган икки қадимий тошбитик ҳақида гап боради. Хоқон бутун турк улусини, келажак авлодни ўз сўзларига қулоқ тутмоққа ундайди: “Сўзимни тугал эшитгил, кейинимдаги ини, жияним, ўғилларим, иттифоқ, уруғим, халқим, ўнгдаги шадапит беклар, сўлдаги тархонлар, буйруқ беклар, ўттиз... тўққиз ўғуз беклари, халқи, бу сўзларимни яхшилаб эшит, диққат билан тингла – хоқонингдан, бекларингдан, ерингдан, сувингдан айрилмасанг, турк халқи, албатта, эзгулик кўражаксан, уйингга киражаксан, беташвиш бўлажаксан”.
Битик муаллифи туркий улусга ўтмишни эслатиб, ундан сабоқ олиш, ёв ҳийлаларига ҳамиша ҳушёр туриш зарурлигини уқдиради. Орадан неча асрлар ўтганига қарамай, бу насиҳат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўз ерига, табиий бойликларига ўзи эгалик қиладиган, йўли ва тақдирини ўзи белгилайдиган, эртасини кўра оладиган халқ чин маънода озоддир ва у буюк келажакка мушарраф бўлғай. Бунинг учун, нафақат бизга, жамики инсониятга Китоб деб номланмиш улуғ ихтиро ёрдамга келади.
Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган, кўп муаммоларни зеҳний идрок, қалб шижоати билан ҳал қилган халқмиз. Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз эришган оламшумул ютуқларнинг бирламчи сабаби китоб мутолааси эканини унутмаган элмиз. Шу боис бугун – учинчи Уйғониш пойдеворини яратиш ҳаракатида маданий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, илмга қайтиш, дунё тамаддуни тарихидаги табаррук ўрнимизни янада баланд поғонага кўтариш бош мақсадимиз бўлиб турибди. Пойтахтдан пешма-пеш йўлга чиқаётган маънавият карвонлари мамлакатимизнинг чекка ҳудудларигача етиб борди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида йил бошидан бери 70 минг нусхадан ортиқ бадиий китоблар китобхон оилалар, маҳаллалар, мактаблар, болалар уйлари, сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва бошқа жамоаларга етказиб берилди. Таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, театр ва кино санъати ижодкорлари мухлислар ҳузурида бўлиб, улар билан дилдан суҳбат қуришди. Бадиий адабиёт, кино, театр соҳасидаги ютуқлар билан бирга, мавжуд камчиликлар рўй-рост тилга олинди. Турли касб эгалари телевидение орқали намойиш этилаётган хорижий сериаллар хусусида фикр билдириб, уларда ёшлар ёмон маънода ўрнак оладиган салбий эпизодлар кўплигини таъкидладилар. Ўзаро фикр алмашинилган учрашувларда ёзувчилар, драматурглар, театр ва киношуносларга бугунги ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, маънавиятимиз билан боғлиқ қизиқарли таклифлар, янги-янги мавзулар, ҳаётий сюжетлар айтилди. Кўпчиликнинг фикрича, хусусий нашриётларда масъулиятсизлик билан чоп этилаётган кўплаб китобларнинг бадиий савияси талаб даражасида эмас. Тарих йўналиши бўйича ёзилаётган айрим асарларга бу соҳадан йироқ кишиларнинг масъул муҳаррир, тақризчи бўлаётгани ажабланарлидир. Нохуш ҳоллардан яна бири – айрим шоввозлар ўз вақтида истеъдодли таржимонлар ўзбек тилига қойилмақом қилиб ўгирган машҳур асарларни у ер-бу ерига “қалам” уриб, баъзи ҳолларда ўринсиз тузатиш ва тўлдиришлар киритиб, муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда ўз номларидан чоп эттирмоқдалар.
Маърифий учрашувлар жамиятимизнинг барча қатламларида ижодий, ижтимоий фикр қайта илдиз отаётгани, янги Ўзбекистонни бунёд этиш мамлакатда умумхалқ ҳаракатига айлангани, ёшларда миллат ва мамлакат тарихига, бугунги ва эртанги кунимизга даҳлдорлик ҳисси кучаяётгани, адабиёт, санъат, илм-фан, замонавий технология боғларида янги ниҳоллар бўй чўзаётганидан далолат бермоқда. Маънавий хазина аталмиш ҳазрати Китоб бу йўлда бизга бундан кейин ҳам ҳамроҳ бўлади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист









