Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари аёллар етакчилиги масалаларини муҳокама қиляпти

    14-15 май кунлари Тошкент шаҳрида «Аёллар етакчилигини рағбатлантириш» мавзусида тренинг бўлиб ўтяпти.

    Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Тадбир жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, хотин-қизлар мавқеини оширишга қаратилган инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қиляпти. Ўқув машғулотларида Олий суд, Бош прокуратура, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси вакиллари иштирок этяпти.

    Етакчилик ва бошқарувни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт Елена Молл машғулотларда асосий тренер сифатида қатнашяпти.

    Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга оширишда улкан ижобий тажрибага эга. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз кириш сўзида батафсил тўхталди.

    Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш борасида эришилган муваффақиятлар алоҳида қайд этилди. Жумладан, парламентдаги хотин-қизларнинг улуши изчил ортиб бораётганига эътибор қаратилди.

    Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини кучайтириш нафақат миллий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим соҳаларда ушбу жинс вакилларининг кенг иштирокини таъминлаш, айни чоғда истиқболли қарорлар қабул қилиш жараёнларини турли нуқтаи назарлар билан бойитиш имконини ҳам беради.

    Бугунги кунда мамлакатимизда турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида 2 минг нафарга яқин мутахассис хотин-қиз меҳнат қилади. Бу рақам умумий кўрсаткичнинг қарийб 37 фоизини ташкил этади ва тобора ортиб боряпти.

    Сўнгги йилларда таълим, меҳнат ва ижтимоиёт соҳаларидаги ресурслар ҳамда имкониятлардан аёллар ва эркакларнинг тенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. «Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Аёлларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари шулар жумласидандир.

    А.Саидов ўз сўзи якунида семинар иштирокчиларини Ўзбекистонда тўлиқ гендер тенглиги сари интилишни давом эттиришга чақирди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юковский таъкидлаганидек, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2 000 йилда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича ўзининг биринчи тарихий резолюциясини қабул қилди. Унда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашда аёлларнинг тўлақонли иштироки муҳимлиги жаҳон ҳамжамияти даражасида илк марта эътироф этилган.

    Ўз навбатида, халқаро эксперт Елена Молл «Аёллар етакчилигини рағбатлантириш» ташаббусининг стратегик аҳамиятига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, мазкур тренинг нафақат иштирокчилар малакасини оширишга хизмат қилади, балки кўп тармоқли билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, турли соҳаларнинг етакчи аёллари ўртасида илғор амалиётлар шаклланиши учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

    Тренинг доирасида аёллар етакчилигини тарғиб қилиш бўйича халқаро ва миллий экспертлар ўз билим, кўникма ва тажрибалари билан ўртоқлашяпти. Улар дунёнинг турли минтақаларида етакчилик ролларини эгаллашда аёллар дуч келадиган асосий муаммо ва қийинчиликларни таҳлил этган ҳолда, бу борадаги энг мақбул ечимларни илгари суряпти.

    Муҳокамаларда муваффақиятли амалиёт ва стратегиялар изчил ўрганиляпти. Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги таъсирини оширишга қаратилган нормалар ва қонунчилик чора-тадбирларини ҳаётимизга самарали татбиқ этишга оид мисоллар атрофлича кўриб чиқиляпти.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates