Ичимлик сув таъминотида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

    Ичимлик сув таъминоти даражаси аҳоли турмуши фаровонлигини белгилайдиган муҳим кўрсаткичлардан биридир.

    Шу нуқтаи назардан дунё миқёсида нафақат ичимлик сув, балки умуман сув танқислиги муаммоси кучайиб бораётган бугунги кунда "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти олдига қўйилган масъулият ҳам ортиб бормоқда.

    Ўтган қисқа давр мобайнида акциядорлик жамияти республика бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан кенг кўламдаги қурилиш, реконструкция ва қайта тиклаш ишларини амалга оширди. Бугунги кунда аҳолини янада рози қилиш мақсадида ушбу йўналишдаги ишлар кенг кўламда давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2021 йилда ичимлик сув таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича 5 910,2 километр узунликдаги сув тармоқлари ва 559 иншоот ишга туширилиши белгиланган.

    2021 йил 1 апрель ҳолатига 188 миллиард сўм (20 фоиз) миқдорида маблағ ажратилди ва 108 миллиард сўм (12 фоиз) миқдорида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 238 километр узунликдаги ичимлик ва 34 километр оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди.

    Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Халқаро молия институтлари иштирокида (ХМИ) 2021 йилда умумий қиймати 2,1 миллиард долларга тенг бўлган жами 20 лойиҳа амалга оширилмоқда.

    Хусусан, дастур доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 16,4 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

    Ушбу маблағлар ҳисобига ҳозирги вақтга қадар 62,4 минг километр ичимлик сув қувурлари, 241 сув тақсимловчи иншоот, 134 қудуқ, 97 сув омбори, 103 сув минораси, 2971,1 километр канализация қувурлари, 17 канализация тозалаш иншооти, 143 канализация насос станцияси қурилди ва фойдаланишга топширилди.

    Масалан, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш лойиҳаси доирасида ХМИ маблағлари ҳисобидан Олот туманидаги "Двойник" сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар шу йилнинг май ойида якунланади.

    Натижада, Олот туманининг 99,2 минг аҳолисидан 84,2 минг нафари (ҳозирги кунда 15 минг аҳоли сув билан таъминланган), Қоракўл туманининг 164,2 минг аҳолисидан 147,7 минг нафари (ҳозирги кунда 16,5 минг киши сув билан таъминланган) ичимлик суви билан таъминланишига эришилади.

    Йил якуни қадар эса мазкур дастурдаги лойиҳалар бўйича 200 миллион доллардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, "Ўзсувтаъминот" AЖ томонидан замонавий энергия тежайдиган ва тежамкор технологияларни ўрнатиш, табиий ва молиявий ресурслардан самарали, оқилона фойдаланиш масаласида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Даниянинг “GRUNDFOS South East Europe Kft” компанияси билан ҳамкорлик доирасида 2021-2022 йилларда Самарқанд шаҳрининг сув иншоотларида 249 насос ва уларга туташган қурилмалар ўрнатилади. Натижада йилига 27 миллион киловаттдан ортиқ электр энергияси тежалишига эришилади. Мавжуд насосларни энергия тежайдиган насосларга алмаштириш электр энергияси 50 фоизгача тежалишига имкон беради. Бу эса Самарқанд шаҳри аҳолисини сув билан таъминланиш даражасини янада яхшилашга олиб келади.

    Бундан ташқари, Исроилнинг "Мая" компанияси ва "Тошкент сув таъминоти" МЧЖ ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра, "Мая" компаниясининг махсус дастурининг сунъий йўлдоши орқали Тошкент шаҳрида ер остига ётқизилган ичимлик сув таъминоти қувурларида юзага келган қарийб 400 та кўринмас носозлик аниқланиб, 300 га яқин носозлик бартараф этилди. Бу эса, ўз навбатида, ичимлик сув таъминотида катта йўқотишлар олдини олиш имконини беради.

    Бундан ташқари, Корея Республикасининг “K-Water” компанияси ва «Ўзсувтаъминот» АЖ ўртасидаги ҳамкорлик асосида Тошкент шаҳрида технологиялар трансфери бўйича махсус марказ яратилиб, сув таъминоти тизими ходимларининг билим даражаси оширилмоқда. Шунингдек, “K-Water” компанияси билан ҳамкорликда сув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш академиясини ташкил этиш ишлари бошланган.

    Республикадаги ичимлик сув таъминотини ривожлантириш дастурини 2021 йилда тўлақонли ва сифатли давом эттириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, сув иншоотлари қурилишида ягона кластер ёндашуви яратилиб, унга асосан, самарали халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, Туркия билан ҳамкорликда ташкил этилган “Sayin suv insaati” қўшма корхонаси билан ишлар бошланди. Бунда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, инновацион технологияларни татбиқ этиш ва сифат назорати сектори орқали суб-пудрат ташкилотлари қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ назорат қилинади.

    Мазкур кластер тизими учта, яъни Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида жорий этилмоқда. Ҳудудлардаги сув иншоотларини қуришга ихтисослашган ва ишончли қурилиш ташкилотлари ҳамда вилоятлар ҳокимлари билан келишилди. Бунда электрон рейтингда "СС" ва ундан юқори кўрсаткичда турган қурилиш-пудрат ташкилотларидан энг мақбуллари тўғридан-тўғри танлаб олинмоқда.

    Шунингдек, 2021 йилда ичимлик сув таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишни назоратга олиш мақсадида тармоқ жадвали ишлаб чиқилди ва “Smart Qurilish” электрон платформа орқали онлайн режимда кузатиб бориш тизими яратилди.

    Жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали юқори сифатни таъминлаш мақсадида объектларни қабул қилиш жараёнига халқ депутатлари Кенгаши аъзоларини жалб қилиш тизими шакллантирилиб, бугунги кунда таклиф этилаётган дастур ва лойиҳалар бевосита халқ депутатлари билан келишилмоқда.

    Акмал МУРОДОВ,

    "Ўзсувтаъминот" АЖ Ахборот хизмати раҳбари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates