Унда вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар, турдош олий таълим муассасаларидан вакиллар, хорижлик экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Анжуман аввалида академия раҳбари Рустам Ҳотамов сўз олиб, ички ишлар органларининг шонли тарихи ва ривожланиш босқичларига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки йиллари республикамизда мураккаб вазият, давлат ва жамият манфаатларига қарши содир этилган тажовузлар, айниқса, уюшган жиноятчиликнинг авж олгани ушбу иллатларга барҳам бериш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашни тақозо этарди. Ўша даврда ички ишлар идораларининг асосий куч ва воситалари ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳаётига хавф солаётган турли кўринишдаги жиноятларнинг олдини олишга йўналтирилди. Тизимдаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичида Ички ишлар вазирлиги тузилмалари фаолияти қайтадан ташкил этилиб, фаолияти кучайтирилди.
Сўнгги беш йилда ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари комплекс ислоҳ қилинди.
Биринчи навбатда, тизимни халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил тузилмага айлаштириш устувор мақсад этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Изчил ислоҳотлар даврида соҳада жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари жорий этилди.
Халқ билан мулоқотнинг манзилли тизимини йўлга қўйиш мақсадида ички ишлар органларининг 85 фоиз ходими қуйи тизимга, аҳолига яқинлаштирилди. Ҳар бир маҳалла учун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори бириктирилиб, фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосари вазифаси улар зиммасига юклатилди. Жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида муҳим ишлар қилинди.
“Хавфсиз пойтахт”, Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз хонадон”, “Намунали ҳудуд”, “Жиноятдан холи маҳалла” сингари концепциялар амалиётга татбиқ этилди. Айниқса фуқароларни ташвишга солаётган масалаларни жойида ҳал этиш бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” каби механизмлар, ёшлар, эҳтиёжманд оилалар ва аёллар билан ишлашнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари” сингари янгича тартиблари асосида ички ишлар органларининг фаолият самарадорлиги кучайтирилди. Жиноятларнинг содир этилишига таъсир қилаётган омилларни барвақт аниқлаш ва мавжуд муаммоларни “илмий диагноз” қўйиш орқали олдини олиш йўлга қўйилди.
Халқаро анжуманда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Қозоғистон Республикаси ИИВ Қустаной академияси бошлиғи Нурлан Биекенов, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев, Бош прокуратура академияси бошлиғи Евгений Коленко, Судьялар олий мактаби директори Ҳожимурод Исоқовларнинг маърузалари тингланди.